Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Газ йўқлигидан норозилар Элликқалъада йўлни тўсди. Фарғонада ҳокимликка боришди


Бўстон шаҳарчасида яшовчи аҳолининг ўнлаб вакиллари Ўзбекистон кўчасидаги йўлни тўсиб қўйишди.
Бўстон шаҳарчасида яшовчи аҳолининг ўнлаб вакиллари Ўзбекистон кўчасидаги йўлни тўсиб қўйишди.

1 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Бўстон шаҳарчаси аҳолиси газ йўқлигидан норозилик билдириб, Ўзбекистон кўчасини бир неча соатга тўсиб қўйди.

Айни шу куни Фарғона шаҳридаги Баркамол маҳалласи аҳли газ йўқлигидан норозилик билдириб, шаҳар ҳокимлигига​ борди.

Норозиликлардан сўнг иккала жойда ҳам газ босими бироз кўтарилгани маълум бўлди.

Ўтган ҳафтада Андижон ва Нукусда ҳам газ муаммоси сабаб норозилар автойўлларни тўсиб қўйган эди.

Ҳозирда аҳоли норозилигини бостириш учун Тошкентда тузилган махсус гуруҳ жойларга жўнатилган.

Бўстонда йўл тўсилди

1 декабрь куни туш пайти Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туман маркази Бўстон шаҳарчасида яшовчи аҳолининг ўнлаб вакиллари шаҳар ўртасидан ўтувчи Ўзбекистон кўчасидаги йўлни тўсиб қўйишди.

Воқеа жойидан Озодликка жўнатилган видеода автомобиль йўлининг ўртасига бир уюм шох-шабба ташланиб, ёқиб қўйилгани акс этган.

Газ йўқлигига норозилар Элликқалъада йўлни тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:06 0:00

Видео давомида ёнаётган олов атрофида ўнлаб эркак ва аёллар турганини, машиналар ўтказилмаётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, видеода битта машинанинг пиёдалар йўлагидан ўтишга ҳаракат қилгани кўринади ва одамларнинг “йўлини тўс, ўтказма”, деган гаплари эшитилади. Кимнингдир “ўтаверсин, тегма” деган гапидан сўнг, машина йўлакдан ўтиб кетади. Асосий йўлдан ўтаётган бошқа (бир нечта) машиналар эса намойишчиларга яқин жойда тўхтаб тургани акс этган.

Воқеа жойида бўлган бўстонликлардан бирига кўра, ўша куни ҳокимлик ва ички ишлар бўлимидан бир гуруҳ мулозимлар норозилар олдига келиб, уларни тинчлантирган.

“Қанча турдик билмадим. Бир-икки соат турдик шекилли. Кейин ҳоким келди. Милициядан келишди. “Ҳамма жойда газ муаммоси бор. Лекин биз бу муаммони ҳал қиламиз”, деб ваъда беришди. Кейин одамлар уй-уйига тарқалишди”, деди хавфсизлик сабаб исмини очиқламасликни сўраган бўстонлик.

Элликқалъа туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими норозилик билдирган бўстонликлар шикояти ўз ечимини топганини таъкидлади.

“Кеча барча сектор ходимлари йиғилиб, бу масалани муҳокама қилишди. Кечанинг ўзидаёқ газ босими кўтарилди. Бўстонда 70 фоиз аҳоли аллақачон табиий газдан қирқилган, улар кўмир ва ўтин билан таъминланмоқда. Фақат 30 фоиз аҳолигагина табиий газ берилади. Улар шаҳарнинг кўп қаватли уйларида яшовчи хонадонлардир. Тўғри жойларда газ муаммоси мавжуд. Лекин бошқа жойда Ўзбекистон кўчасидаги сингари жиддий муаммо бўлмади” деди ҳокимлик мулозими.

Бўстонликлардан олинган сўнгги маълумотга кўра, 1 декабрь тушдан сўнг газ босими олдинги кунларга нисбатан бироз яхшиланган.

Фарғонадаги норозилик

Фарғона шаҳри, “Баркамол” маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам газ муаммоси сабаб 1 декабрь куни шаҳар ҳокимлигига норозилик билдириб борган.

Бу ҳақда ушбу маҳаллада яшовчилардан бири исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка маълум қилди.

“Маҳалламизнинг Янги аср кўчасида 29та кўп қаватли уй жойлашган. 110-домдан 138-домгача ҳаммасида газ муаммоси бор. Баъзи хонадонларда умуман газ йўқ. Масалан, 120А домнинг 2-квартирасида умуман газ йўқ. Бошқа хонадонларда озгина ёнади, ҳатто чой қайнатиб бўлмайди” деди фарғоналиклардан бири.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими Баркамол маҳалласининг шикояти ўрганилаётгани, муаммо қисман ҳал қилинганини айтди.

“Муаммо битта бизда эмаску, бутун мамлакат бўйлаб бор бу муаммо. Лекин биз имкон қадар аҳолини газ билан таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Кечанинг ўзида Баркамолга берилаётган газ босимини кўтаришга ҳаракат қилдик” деди ҳокимлик ходими.

Баркамол маҳалласида яшовчилардан бирининг шахсини очиқламаслик шарти билан айтишича, газ босими кўтарилган, бироқ ҳануз газда ош пишириш имкони йўқ.

“Жичча кўтаришди холос. Аввал чой ҳам қайнамасди. Ҳозир чой қайнайди. Лекин ош пишириш имкони йўқ. Олдин ҳар куни эрталаб соат 8дан 10гача свет ўчарди. Бугун ўчмади” деди маҳалла аҳлидан бири.

Фарғона шаҳар ҳокимлигига яқин Озодлик манбасига кўра, Баркамол маҳалласидаги норозиликдан сўнг Тошкентдан махсус гуруҳ келиши кутилмоқда.

“Кўп қаватли уйларда газ босими пасайганлиги сабабли ушбу уйларнинг хонадонларида яшовчи фуқаролар томонидан кескин норозиликлар билдирилмоқда. Ушбу норозиликлар келгусида давлат ҳокимияти идораларига қарши қаратилган оммавий намойишларга айланиб кетишининг олдини олиш мақсадида чоралар кўрилмоқда. Тошкентда вазирликларда махсус гуруҳ тузилган. Улар 1-2 кун ичида Фарғонага етиб келиши кутилмоқда” деди исмини ошкор қилса, ишидан айрилиш хавфи боис аноним қолишни сўраган манба.

Ўтган ҳафтада Андижон ва Нукусда ҳам газ муаммоси сабаб норозилар автойўлларни тўсиб қўйган эди.

28 ноябрь оқшомида Андижон шаҳрининг Далварзин ва Олтинкўл туманининг Қўштепа маҳаллалари орасидан ўтувчи йўл тўсиб қўйилди.

27 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида яшовчи 70га яқин одам табиий газ берилмай қўйилганига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиб қўйди.

XS
SM
MD
LG