Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Тадбиркорлар: Ҳоким Интернетга арз қилсанг қаматаман деди


Сардобадаги дўконлар ушбу бульдозер ёрдамида бузилгани айтилаяпти
Сардобадаги дўконлар ушбу бульдозер ёрдамида бузилгани айтилаяпти

Сирдарё вилоят, Оқолтин туман, Сардоба шаҳарча, Дўстлик қўрғонидаги 22 нафар тадбиркорнинг дўкон ва чойхоналари мажбуран бузиб ташланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган тадбиркорлар уларга бузилган дўконлари эвазига товон пули берилмаганидан шикоят қилди.

Тадбиркорлар иддаосига кўра, туман ҳокими Дилмурод Фозилов уларни қамаш билан қўрқитиб, “Ҳокимга шикоятим йўқ, Интернет орқали чиқиш қилмайман” деган мазмунда тилхат олган.

Ҳоким Фозилов тадбиркорлар иддаосини кескин инкор қилди.

“Дўконларимизни яширинча келиб бузишди”

Дўстлик қўрғонида жойлашган “Эски бозор” ҳудудидаги дўконлар эгалари вакилининг исми очиқланмаслик шарти билан 5 сентябрь куни Озодликка айтишича, бузиш июлда бошланган.

“22 тадбиркорнинг ҳаммасининг қўлида ҳокимлик қарори, кадастр ва архитектурадан олинган ҳужжатлар бор. Бирортамизга компенсация тўланмади. Ҳаммани мажбурлашди. Бузишга рози бўлмаганларни обедга чиққан пайтини пойлаб келиб бузишди. Улар компенсация берилмагунча, дўконларини бузишга розилик бермаётган эди. Шунинг учун улар ҳамма обедга чиққан пайти яширинча келиб, бузиб ташлашди”.

Озодликка йўлланган видеода дўконларни бузиш жараёни акс этган. Видеони олаётган тадбиркор “Ҳозир ҳамма тушликда пайти булар яширинча, келиб бузаяпти” дейди.

Тадбиркор дўконлардан бирига бориб, дўкон эшигининг қулфлоғлик эканини кўрсатади. Озодлик тадбиркор илтимосига кўра, видеони унинг овозини ўчирган ҳолда эълон қилаяпти.

Сардобадаги дўконларни бузиш жараёни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:39 0:00

Яна бир сардобалик тадбиркорга кўра, ўша куни дўкони бузилаётганини билиб қолган тадбиркорлардан бири келиб, бульдозер ҳайдовчисини тошбўрон қилган.

“Бироқ тошбўрон қилаётганини видеога ололмадик. Чунки бир йигит бузиш жараёнини суратга олаётганида уни мелисалар ушлаб олиб кетди. Телефонини олиб қўйиб, ўзини қамаймиз деб қўрқитишган. Буни эшитиб ҳаммамиз қўрқиб қолдик”, деди аноним қолиш истагини билдирган тадбиркор.

Интернетга шикоят билан чиқмаслик тилхати

Озодлик дўкони бузилган 4 нафар сардобалик тадбиркор билан гаплашди. Уларнинг айтишича, тадбиркорларни ҳокимликка чақириб, шикоят қилмаслик ҳақида тилхат олинган.

Дўстлик қўрғонидаги бузилган дўконлар
Дўстлик қўрғонидаги бузилган дўконлар


“4 август куни мелиса келиб, “Ҳоким дўконингизни ҳал қилиб берар экан” деб бизни алдаб ҳокимликка чақирди. Ҳокимиятга борсак, Фозилов Дилмурод ҳаммамизга дағдаға қилди. “Ҳокимдан шикоятим йўқ. Ҳеч қаерга арз қилмайман” деган тилхатга қўл қўйдирди. Тилхатда “Агар Интернетга чиқсак, жиноят иши очилиши ва 3 йилдан 5 йилгача қамалишимиз мумкин”лиги ёзилганди”, дейди сардобалик тадбиркорлардан бири.

Бошқа бир тадбиркор ҳам ҳокимнинг таҳдид қилгани ҳақида гапирди:

“Агар Интернетга чиқсаларинг, ҳаммаларингни жавобгарликка тортираман. Ердан ҳам, жойдан ҳам қуруқ қоласизлар. Менга туҳмат қилаяпти, деб ўзларингни жавобгар қилиб, қаматиб юбораман. Кимни эри яхши жойда ишлайдиган бўлса, бўшатиб юбораман. Ўғилларингни қаматиб юбораман”, деб, қўрқитди” дейди сардобалик тадбиркор.

Ҳоким инкори

Озодлик 5 сентябрь куни Оқолтин туман ҳокими Дилмурод Фазилов билан боғланди. Ҳоким Фозилов тадбиркорлар иддаоларини мутлақо инкор қилди.

- Бўлмаган гап. Ҳеч қандай тилхат ёздирилмаган. Қани исботлаб беришсин ёздирилганини. Мен ҳеч кимга қаматаман деб таҳдид ҳам қилмаганман. Агар шундай деганимда аудиолари чиққан бўларди. Ҳозир бошқа ҳокимларнинг аудиолари чиқиб кетаяпти. Мен ҳеч қачон ҳеч кимга ёмон гапирмаганман, - деди Дилмурод Фозилов.

Ҳоким Фозилов "Дўстлик" қўрғонидаги дўконлар эгаларининг розилиги билан бузилганини таъкидлади.

- Бу дўконлар жуда эски эди. Ҳом ғиштдан қурилган, 30-40 йиллик дўконлар. Ҳеч ким кирмаётганди ҳам. Энди улар ўрнида замонавий дўконлар қурилади. Тадбиркорларнинг ўзлари рози бўлиб бузишди. Ҳаммасига кредит олиб бердик. Ҳеч ким қарши бўлмади, - деди Дилмурод Фозилов.

Дилмурод Фозилов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:22 0:00
Бевосита линк


Озодлик ҳоким Фозилов билан суҳбатлашгач сардобалик тадбиркорлардан бири билан қайта боғланди:

"Ҳоким ёлғон гапираяпти. Тўғри 8 фоизлик кредит олиб беришди. Лекин ҳеч ким дўкони бузилишига рози бўлмади", деди сардобалик тадбиркор.

XS
SM
MD
LG