Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Юзлаб уй ноқонуний бузилган Риштонда мингта арзон уй қурилади (ВИДЕО)


Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт, июль, 2019 йил
Риштон туманида уйи бузилганларга берилаётган ғишт, июль, 2019 йил

Ўзбекистон ҳукумати Риштон туманини комплекс ривожлантиришга доир қарор қабул қилди.

Адлия вазирлиги Telegram каналида берилган маълумотга кўра, ҳукумат қарорида туманда 1000 дона арзон уй қурилишини 2019 йилдан - яъни ҳозирданоқ бошлаш белгиланган.

Бу туманда, президентнинг шу йил Фарғонага сафаридан кейиноқ, кенг кўламли бузилишлар бошланиб кетганди. Бунинг ортидан аҳоли норозилиги қўзғалиб, охир-оқибат, вилоят ҳокими риштонликлардан кечирим сўраган.

Қарор

Шу йилнинг 23 август куни эълон қилинган ҳукумат қарорига кўра, Риштондаги 1000та арзон уй қурилишини 2019 йилдан бошлаб, 2021 йилгача битириш режаланган.

Бундан ташқари, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 83 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 7 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш вазифаси ҳам қўйилган.

Бу бўйича махсус дастур ижроси ҳар чоракда маҳаллий кенгашда муҳокама қилиб борилиши айтилган.

Ноқонуний бузилишлар

Президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига шу йил 6-7 май кунлари қилган амалий сафаридан кейин Риштон тумани марказида кенг кўламли бузилишлар бошланиб кетгани тўғрисида Озодлик 23 май куни хабар қилганди.

Туманда, қисқа муддат ичида, 400 дан ортиқ аҳоли уйлари, 200га яқин нотураржой бинолари товон пули тўлиқ тўланмай туриб, бузиб ташланди.

Озодлик хабаридан бироз ўтиб, Бош прокуратура тумандаги вазиятни ўз назоратига олганини билдирган ва аҳолига компенсация учун тўланиши лозим бўлган жами 1 млрд. сўм миқдоридаги маблағ Риштон туман ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига тушганини билдирганди.

Аммо, бу баёнотдан бир ой ўтиб ҳам товон пулини ололмаган риштонликлар президент Мирзиёевга видеомурожаат йўллаган.

Ҳоким кечирим сўраган

Натижада, шу йилнинг 2 августида ўтган видеоселектор йиғилишида президент Риштон туманидаги ноқонуний бузилишлар учун Фарғона вилояти ҳокимини кескин танқид қилди.

Бу йиғинда Мирзиёев Фарғона ҳокимига қўшиб, Хоразм ва Қашқадарё вилоят ҳокимларини ҳам айнан ноқонуний бузилишлар ортидан келиб чиққан аҳоли норозилиги учун кескин қоралади. Президент 3 вилоят ҳокимидан халқдан кечирим сўрашни талаб қилди.

Бунинг ортидан Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев 4 август куни Риштонга бориб, тумандаги бузилишларни "хато", деб тан олди ва кечирим сўради.

Ғаниев Риштонда аввалги 25 сотихлик бозор ўрнига 2 гектарга яқин бозор қурилиши ҳамда 200 атрофида савдо шоҳобчаси очиб берилишини ваъда қилди.

Фарғона вилоят ҳокими ваъдасидан сўнг уйи-жойи бузилган риштонликларга 5 мингтадан ғишт ва 2 тоннадан цемент бепул тарқатила бошлагани хабар қилинди.

Ваъда ва узрлардан сўнг

Аммо, орадан кўп ўтмай - 8 август куни бу ғиштларнинг Бувайда туманидаги 12та ғишт ишлаб чиқариш корхонасидан насияга олинаётгани, вилоятдаги тижорат банкларига корхоналардан ғишт сотиб олиб, Риштонга юбориш вазифаси юклангани маълум бўлди.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар вилоят ҳокимининг буйруғи билан насияга ғишт беришгани, лекин берилган маҳсулотнинг ярим пулини ҳам ололмагани боис, ғишт беришни тўхтатиб қўйганини айтди.

Шунингдек, риштонликларга 1000 та ғишт бериб, қоғозда эса 2000 та ғишт олгани ҳақидаги маълумот остида имзо қўйиш сўралгани ҳам ошкор бўлди. Текин ғиштни тарқатишда ғирромликка йўл қўйилганини туман ҳокими муовини техник сабаблар билан изоҳлади, "ғишт тўла етказиб берилади", деб ваъда қилди.

Бироқ, товон пулини тўлиқ ололмаган риштонлик ўнлаб оила ҳануз бошпана қуриб олиш қайғусида яшамоқда. Тезкор равишда туманда қурилиши бошланадиган арзон уйлар бу оилаларга аталганми-йўқми - номаълум. Ҳозирча бу ҳақда расмий маълумот йўқ, ҳукумат қарорида ҳам бу борада бирор маълумот берилмаган.

Фарғона вилоят ва Риштон тумани ҳокимликлари эса қиш арафасида ҳануз уйсиз қолаётган оилалар тақдири борасида Озодлик саволларини жавобсиз қолдириб келмоқда. ​

XS
SM
MD
LG