Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:58

Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорнинг мулкини асоссиз бузишга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлигини танқид қилди. Бу танқид Мирзиёев раислигида 23 июль куни ўтган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида янгради.

- Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт, - деди президент.

Мирзиёев Адлия ва Молия вазирликлари, Савдо-саноат палатасига Бизнес-омбудсман иштирокида мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш вазифасини топширди.

Адлия вазирлиги 22 июль куни давлат идораларининг уйи ва бошқа кўчмас мулки бузилган ўзбекистонликларга 300 миллиард сўмлик компенсацияни ҳозиргача бермаганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик Қашқадарë вилоятида ҳокимликнинг кредитга қурилган янги дўконларини компенсациясиз бузиш уринишига қаршилик кўрсатган тадбиркор Яккабоғ туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида хабар қилганди. Бу воқеа ортидан туман прокуратураси тадбиркор Б.И.га нисбатан қасддан одам ўлдиришга уриниш айблови билан жиноят иши қўзғатган.

Сешанба кунги видеоселекторда тадбиркорларга тегишли мол-мулкларни асоссиз бузмаслик масаласига эътибор қаратилишига Яккабоғдаги ҳодиса сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Мажлисда президент бундан буён вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ўринбосарлари олдига янги талаб қўйилиши, эндиликда улардан ўзларининг 70 фоиз вақтини тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши талаб этилишини урғулаган.

XS
SM
MD
LG