Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:00

Самарқандда тиббиёт ходимларига қасам ичтириш тўхтатилди


Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу суратда Сирдарë вилоятидаги касалхоналардан бирида ўтказилган қасамëд маросими акс этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу суратда Сирдарë вилоятидаги касалхоналардан бирида ўтказилган қасамëд маросими акс этган.

Каттақўрғон ва Жомбой туманларида шифокорлар қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилганидан сўнг Самарқанд вилоят ҳокимияти уларни тўхтатишга буйруқ берди.

Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимининг айтганларига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Ходим сайт мухбирига бундай деган:

"Таклиф 9 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тилга олинган эди. Раҳбарият бизга шифокорлар қайтадан қасамёд қилсин, деди. Шундан сўнг вилоят ҳокими анжуманлар залига йиғиб, тиббиёт ходимларини ўз устида ишлашга, эскича ёндашувлардан воз кечиш ва халққа виждонан хизмат қилишга ўзи ва жамоатчиликка ваъда беришлари кераклигини айтди. Ҳеч ким қасамёд қабул қилишни талаб қилмади, лекин айрим бош шифокорлар бу тадбирни оммавий ташкил этган. Биз дарҳол буни тўхтатишга буйруқ бердик".

Сайтга кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хабарга изоҳ беришдан бош тортган.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимининг айтишича, тиббиёт ходимларидан раҳбариятга қасамёд қабул қилиш сўралмаган: «Уларга ҳар бири ўзига ва халқига ҳалоллик билан ишлашга сўз беришини сўрадик. Матнларни бош шифокорларнинг ўзлари ўйлаб ёзишган, ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқ».

Каттақўрғон ва Жомбой туманларида вилоят ҳокими в. б. Эркинжон Турдимов иштирокида қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтган. Биринчи тадбирда 150 нафар ҳамшира ва 150 нафар шифокор қатнашган. Самарқанд вилоят ҳокимияти матбуот хизмати хабарида «тиббиёт ходимлари кенг жамоатчилик олдида қасамёд қабул қилгани» ёзилган.

Тиббиёт ходимлари қасамёд қабул қилдирилаётгани тўғрисида Озодлик ҳам ўз вақтида хабар қилган эди. Қасам ичишни фермерлар бошлаб берган эди.

XS
SM
MD
LG