Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Сирдарёда фермерлар "нопок ишга қўл урмасликка" оммавий равишда қасамёд қилди


Боёвутлик деҳқонлар қасамёд пайтида («Сирдарё ҳақиқати» газетасидан олинган сурат)
Боёвутлик деҳқонлар қасамёд пайтида («Сирдарё ҳақиқати» газетасидан олинган сурат)

Сирдарёнинг Боёвут ва Гулистон туманларидан бўлган ғаллакор фермерлар "нопок ишга қўл урмасликни эзгу ният қилиб", оммавий равишда қасамёд қабул қилди.

Вилоят ҳокимлиги нашри бўлган "Сирдарё ҳақиқати" газетасининг ёзишича, фермерларнинг қасамёд маросими бошқа туманларда ҳам бўлиб ўтган.

"Сирдарё ҳақиқати" газетасининг ёзишича, ғаллакор фермерлар вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари қаршисида қасамёд қилган.

"Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисидаги юрт байроғи майдонида ғалладан мўл ҳосил етиштиштиришга азму қарор қилган Боёвут ва Гулистон туманалари фермерлари ўз аҳтларига, шон-шавкатларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилдилар", деб ёзади ушбу нашр 16 ноябрь кунги сонида. (Мақоладан иқтибос таҳрирсиз олинди - таҳр.)

Хабарда бундай маросим илк бор ўтказилаяптими ёки аввалги йилларда ҳам бўлганми, маросимнинг ўтказилишига сабаб нима - бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда фермерларнинг оммавий равишда қасамёд қилишларига оид ҳолат Озодликка илк бор маълум бўлмоқда.

"Сирдарё ҳақиқати" газетасининг Телеграм тармоғидаги каналида хабарга илова қилинган суратларда қасамёд маросимига ўнлаб фермернинг йиғилгани, қўлида чоп этилган қасамёд матнини тутганича, сафда турганини кўриш мумкин.

Бу йил мамлакатда сув танқислиги кучли бўлгани ва ҳашоротларнинг фавқулодда кўпайгани боис, қишлоқ хўжалиги оғир аҳволда қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятига қилган сафари пайтида, бу икки муаммо боис, пахта йиғим-терими кеч қолгани ва ҳосилнинг оз бўлганини қайд этди.

Бу эса, ўз навбатида, буғдой экилиши ва суғорилишининг ортга сурилишига сабаб бўлди ва натижада, Озодлик биринчи бўлиб ёритган "Оққўрғон иши"га сабаб бўлди.

Шу йилнинг 25 октябрида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун 6 киши ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлангани кузатилди. Ўша куни вилоятнинг Бекобод туманида яна 6 киши далада кесак кўтартириб таҳқирланди.

Бу воқеалар ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан олиниб, Жиззахнинг Шароф Рашидов туманига ҳоким қилиб қўйилди.

Шунингдек, президент Мирзиёев 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслиги учун жавобгарликни ошириш тўғрисида махсус фармойиш қабул қилди.

Ўзбекистондаги ғаллакор фермерларнинг аксарияти, айни пайтнинг ўзида пахта ҳам етиштиради. Шу боис, қишлоқ хўжалигининг асосий йўналиши бўлган ҳар икки соҳадаги муаммолар натижасига, одатан, фақат фермерлар жавобгар қилиниши кузатилмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар бундан норози экани, айниқса, жорий йилда пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланиш оғир бўлганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG