Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Бош прокуратура: "Оққўрғон иши"га масъул раҳбарлар жазоланади


Бу сурат ижтимоий тармоқларнинг узбек сегментидаги қатор саҳифаларда тарқалди ва баҳсларга сабаб бўлди
Бу сурат ижтимоий тармоқларнинг узбек сегментидаги қатор саҳифаларда тарқалди ва баҳсларга сабаб бўлди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг таҳқирланиши юзасидан текширув бошлади. 29 октябрь куни берилган баёнотда бу ишга масъул барча шахслар, мансабидан қатъий назар, жазога тортилиши айтилди.

Оққўрғонда 3 маҳаллий мулозим, бир маҳалла оқсоқоли ва 2 фермер, буғдойни вақтида суғормагани учун жазо тариқасида, тиззасигача совуқ сувга бўктирилгани, кейин, шалаббо ҳолида автомобилнинг олдига солиб, катта кўчада югуртирилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

29 октябрь куни Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг Озодлик радосига билдиришича, воқеа юзасидан текширув бошланган.

"Бош прокуратура бу холатни текширмокда, катьий айтишимиз мумкинки, бундай холатнинг юзага келишида айбдор булган шахслар, мансаби ва даражасидан катьий назар тегишлича жавобгарликка тортилиши таьминланади", дейилади прокуратура берган баёнотда.

Янгича жазо-1: совуқда сувга тушириш

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Озодлик ўша куниёқ суратда акс этган вазиятни ўрганди ҳамда туманнинг “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги даласида сувга бўктирилган кишиларнинг шахси, таҳқирланиши сабабларини аниқлади.

Маълум бўлишича, кузнинг совуғида ариқдаги сувга бўктирилган 6 кишидан 3 нафари туман ҳокимлиги мулозими, бири маҳалла оқсоқоли ва 2 нафари оққўрғонлик фермердир. Уларнинг сурати эса Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олингани айтилди.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, 6 киши буғдойга сув қўймагани учун бош вазир ўринбосари, Тошкент вилояти ва Оққўрғон тумани мутасаддилари кўз ўнгида совуқ сувга тушириб, жазоланган.

Тумандаги масъул ташкилотлардан бирининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳабтда буни тасдиқлади ҳамда бунга буғдойнинг вақтида суғорилмагани сабаб бўлганини айтди.

Шунингдек, Kun.uz нашри 28 октябрь куни, ушбу ҳодисага масъул кўрилган 3 киши - туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов ва туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов жаримага тортилганини хабар қилди.

Янгича жазо-2: шалаббо ҳолида югуртириш

28 октябрь куни Озодликка ушбу ҳодисага бевосита гувоҳ бўлганини айтган ва шахсини сир сақлашни сўрган оққўрғонликлардан бири боғланди.

Унинг иддаосича, 6 киши сувда 40-45 дақиқа ушлаб турилгач, кейин автомобиль олдига солиниб, шалаббо ҳолида югуртирилган.

"Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни - уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди - билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди", деди исмини сир сақлаган оққўрғонлик.

Шунингдек, у сувга туширилганлардан икки нафарини жуда яқиндан таниши, бугунга келиб, уларнинг иккови ҳам коррупцион айбловлар билан ўзига нисбатан жиноят иши очилишидан қўрқиб яшаётганини иддао қилди.

"Шу 6 кишидан иккитасини жуда яқиндан биламан. Шу бечоралар устимиздан иш очиб, қаматвормаса бўлди, деб қўрқиб ўтирибди ҳозир. Лекин фермерлар шикоят қиламан, деб юрганди, улардан ҳам прокуратура "арзим йўқ", деган тилхат ёздириб олибди дейишяпти", деб даъво қилди Озодлик билан микрофонсиз гаплашган ҳодиса гувоҳи.

Маҳаллий расмий: Аҳвол яхшиланади, деб умид қилгандик

Оққўрғон туманидаги давлат ташиклотларидан бирининг исмини сир сақлаган мулозими 28 октябрь куни маълум бўлган қўшимча тафсилотларни тасдиқлади.

"1 километрга яқин жойга югуртиришган, бу бор гап. Оқсоқол оёғим оғриб қолди, деб тўхтаб қолган. Лекин, қолганларини 1 километргача югуртиришган. Бугун менга бошқа вилоятлардан ҳам телефон қилиб: "Тинчликми Оққўрғонда?" деб сўрашяпти. Нима дейишни ҳам билмайсан одам. Аҳвол яхшиланади, деб умид қилиб тургандик- буни қаранг энди?!" деди хавфсаласи пир бўлганини яширмаган маҳаллий мулозимлардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, аввалига сувга тушишни истамаган фермерлардан бири қаршилик кўрсатган, аммо уни калтаклаб, зўрлаб сувга туширишган. ​"Ҳозир шу фермернинг оиласи республикага чиқамиз, деб жанжал қилаяпти экан", дея қўшимча қилди исмини сир сақлаган мулозим.

Озодликнинг сувга туширилган фермерларнинг ўзига боғланиш уринмоқда, аммо ҳозирча бунга муваффақ бўлмади.

​Kun.uz: cовуқда сувга "ўзи тушган" мулозим

28 октябрь куни Kun.uz нашри Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов ҳамда унинг ўринбосари Шерзод Муродов билан видеоинтервьюни чоп этди.

Интервьюда туман ҳокими 6 кишининг сувга туширилишига маъсул сифатида ўз ўринбосари Муродовни кўрсатди, Муродов эса, тан олди.

Муродовнинг нашр мухбирига айтишича, у ғаллага сув қўйилмаганига жаҳл қилиб, дастлаб ўзи "оёқ кийим билан сувга тушган".

“Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. [...]Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. “Ариқда сув йўқ”, дейилганди. “Мана бор”, деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. (!) Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик”, дея иқтибос келтиради Kun.uz нашри ҳоким муовини Шерзод Муродовдан.

Бундан ташқари, ушбу нашрга интервью берган туман ҳокими ҳодиса Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев гувоҳлигида ўтганини рад этган, аммо Муродов, бош вазир ўринбосарига қўшилиб, бошқа бир неча мулозим ҳам далада бўлганини айтган.

“Улар бизга терс қараб турганди, 20-30 метр узоқроқда эди. Улар орасида Бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади”, дея иқтибос келтиради тиззасигача сувга бўккан мулозимдан Интернет нашри.​

Айни пайтда, бу нашр мухбирлари ҳам, Оққўрғонга бориб, сувга туширилган фермерлар ва маҳалла оқсоқолини тополмай қайтганини ёзди.

Вазирлик мурожаати

Оққўрғонда 6 киши сувга бўктирилгани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уларни топишда ёрдам бериш ҳақида жамоатчиликка мурожаат қилган эди:

“2018 йил 27 октябрь ижтимоий тармоқларда пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган 6 нафар кишининг суратлари тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу расмда суратга олинган жой ва шароитни аниқлашга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумотлар ҳақида хабар беришингизни сўрайди. Телефон/телеграм: +998951458844” , дейилади мурожаатда.

Озодликда ҳозирча бу мурожаат натижалари ҳақида вазирлик бирор расмий баёнот бергани ёки чора кўрганига оид маълумот йўқ.

Озодлик Бош вазир ўринбосари жазолаган мулозимларнинг телефон рақамларини топди, аммо телефонлари ўчирилгани боис, ҳануз улар билан боғланишнинг имкони бўлмаётир. Шунингдек, сувга туширилган 2 фермер ва маҳалла оқсоқоли билан боғланиш уринишлари ҳам ҳозирча натижа бермади.

Озодлик, шунингдек, Оққўрғон тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаевнинг қабулхонасига ҳам боғланди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

XS
SM
MD
LG