Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:34

6 киши сувга туширилгани ортидан Оққўрғонда 3 мулозим жаримага тортилди


Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига сафари чоғида сувга туширилган 6 мулозим можароси ортидан ҳоким ўринбосари, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги бошлиқлари жаримага тортилди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов сувга ўзи тушгани, ортидан яна 5 киши ҳам ўз ихтиёри унга "эргашиб сувга тушгани"ни айтган.

Буғдойга сув қўймаган айбдорлар

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамага сабаб бўлганди.

27 октябрь куни Озодлик бу сурат ортидан ҳодисани ўрганган ҳамда сувга бўктирилган мулозимлар шахси, воқеа тафсилотларини аниқлаган эди.

Кўзларида норозилик аломатлари сезилган ва сувнинг совуқлигига зўрға чидаб турган 6 кишининг сурати, маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олинган.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, буғдойга сув қўйилмагани учун бош вазир ўринбосари ҳокимлик мулозимлари, фермер, маҳалла оқсоқоли ва фермер ишчисини шу тариқа жазолаган.

Тумандаги масъул ташкилотлардан бирининг исми сир қолишини истаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

​Сувга "ўзи тушган" мулозим

28 октябрь куни Kun.uz нашри ҳодиса ортидан Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов ҳамда унинг ўринбосари Шерзод Муродовлар билан интервьюларни чоп этди.

Бу интервьюларда туман ҳокими 6 кишининг сувга бўктирилиши ҳодисасига маъсул сифатида ўз ўринбосари Муродовни кўрсатди. Муродов эса, журналистларга берган видеоинтервью чоғида буни тан олди.

Муродовнинг нашр мухбирларига айтишича, у ғаллага сув қўйилмаганига жаҳл қилиб, "оёқ кийим билан сувга тушган".

“Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. [...]Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. “Ариқда сув йўқ”, дейилганди. “Мана бор”, деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. (!) Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик”, дея иқтибос келтиради Kun.uz нашри ҳоким муовини Шерзод Муродовдан.

Бундан ташқари, ушбу нашрга интервью берган туман ҳокими ҳодиса Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев гувоҳлигида ўтганини рад этган, аммо Муродов, бош вазир ўринбосарига қўшилиб, бошқа бир неча мулозим ҳам далада бўлганини айтган.

“Улар бизга терс қараб турганди, 20-30 метр узоқроқда эди. Улар орасида Бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади”, дея иқтибос келтиради тиззасигача сув бўккан мулозимдан Интернет нашри.​

Нашрнинг ёзишича, бу ҳодисадан сўнг сувга тушган уч мулозим - Оққўрғон тумани сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги бошлиқлари ҳамда ҳоким муовини Муродовнинг ўзи энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Озодлик 6 мулозим ва фермернинг совуқ сувли ариққа туширилиб, таҳқирланиши ҳолатини ўрганди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:33 0:00
Бевосита линк

Ҳодиса гувоҳи билан суҳбат

Озодлик ўз суриштируви давомида ана шу воқеага гувоҳ бўлган шахсни топишга ва у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги сафарида бирга бўлган, маълумот сиздиргани учун жазоланишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган фаолнинг Озодликка айтишича, Бош вазир ўринбосари ғалла суғорилмаганини кўргандан сўнг, ғазабга келган:

“Зойир Мирзаев аввал ҳокимлик мулозими ва фермерни роса сўкиб, таҳқирлади. Сенлар ғаллани суғормаган бўлсанг, сенларни ўзингни суғораман, деди. Кейин туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримовни, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедовни, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродовни, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли Зокир акани, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари Аброр Мавлоновни ва "Абуносир" фермер хўжалиги раҳбари Носир деган йигитни ўша ердан оқиб ўтаётган ариққа тушишга буюрди. Ҳаммаси оёқ кийимлари билан муздек сувга тушишди. Зойир Мирзаев яна анча гапирди. Хуллас, жазоланганлар ярим соат совуқ сувда туришга мажбур бўлди”, деди фаоллардан бири.

Исми сир қолишини сўраган фермер ишчиларидан бирининг Озодликка айтишича, ғаллани суғоришга туман прокурори ижозат бермаган:

“Биз ғаллага аллақачон сув қўйган бўлардик, лекин туман прокурори пахта терасанлар деб, суғоргани қўймади. Бири пахта терасан, сув қўйма деб мажбурласа, бири сув қўймабсан деб, жазоласа, биз нима қилайлик”, дейди ишчилардан бири.

Озодлик Бош вазир ўринбосари жазолаган мулозимларнинг телефон рақамларини топди, аммо уларнинг телефонлари ўчирилгани боис, боғланишнинг имкони бўлмади.

Озодлик Оққўрғон тумани ҳокимлигидан бу масалага муносабат ололмади.

Озодлик Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаевнинг қабулхонаси билан боғланди, аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Оққўрғон тумани ҳокимлиги мулозимларининг ариққа туширилгани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уларни топишда ёрдам бериш ҳақида жамоатчиликка мурожаат қилди.

“2018 йил 27 октябрь ижтимоий тармоқларда пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган 6 нафар кишининг суратлари тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу расмда суратга олинган жой ва шароитни аниқлашга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумотлар ҳақида хабар беришингизни сўрайди. Телефон/телеграм: +998951458844”, дейилади мурожаатда.

XS
SM
MD
LG