Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:33

АҚШ эълон қилган янги санкциялар рўйхатида ўзбек олигархлари ҳам бор


Рўйхатда Владимир Путиндан ташқари Россиянинг барча юқори мансабдорлари келтирилган
Рўйхатда Владимир Путиндан ташқари Россиянинг барча юқори мансабдорлари келтирилган

АҚШ Молия вазирлиги янги санкциялар жорий қилиниши мумкин бўлган Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлганлар рўйхатини эълон қилди. “Кремлга оид ҳисобот” деб номланган бу ҳужжатда келтирилган Россия ҳукумати, президент Маъмурияти, йирик бизнесменлар ва сиёсий етакчилар акс этган 210 кишилик рўйхатда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган олигархлар Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов фамилиялари ҳам бор.

Америка Қўшма Штатлари Владимир Путин ҳукумати ва унинг яқинларига жорий қилиниши кутилаётган янги санкциялар рўйхатини эълон қилди.

АҚШ Молия вазирлиги рўйхатнинг “махфий” қисми сир тутилаётганини билдирмоқда.

Эълон қилинган рўйхатда 114 йирик мансабдор ва давлат компаниялари раҳбарлари ҳамда 96 нафар олигарх исмлари келтирилган.

Унга Владимир Путин маъмуриятидан бўлган деярли барча юқори лавозимли амалдорлар, маслаҳатчилар ва ёрдамчилар тушди.

Рўйхатда президент Маъмурияти раҳбари Антон Вайно, президент Маъмурияти раҳбари муовинлари Алексей Громов, Магомедсалам Магомедов, Владимир Островенко ва Сергей Кириенколар, матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков, протокол раҳбари Владислав Китаев, президент ёрдамчилари Владислав Сурков, Андрей Белоусов, Владимир Кожин, Андрей Фурсенко, Сергей Глазьев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш раиси Михаил Федотов ва бошқалар борлигини кўриш мумкин.

“Кремл рўйхатига”, шунингдек, президентнинг округлардаги барча вакиллари, бутун бошли ҳукумат ва вазирликлар раҳбарлари киритилган: Бош вазир Дмитрий Медведев, унинг муовинлари Игорь Шувалов, Александр Хлопонин, Виталий Мутко, Аркадий Дворкович, Ольга Голодец, Дмитрий Козак, Дмитрий Рогозин, Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Маданият вазири Владимир Мединскийлар.

“Бошқа юқори лавозимли сиёсий етакчилар” деб номланган бўлимда Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко, Госдума раиси Вячеслав Володин, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, Бош прокурор Юрий Чайка, Москва мэри Сергей Собянин, ФСБ директори Александр Бортников, Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин, Росгвардия раҳбари Виктор Золотовлар кўрсатилган.

АҚШ Молия вазирлиги рўйхатида Олег Дерипаска, ака-ука Ротенберглар, Роман Абрамович, Сулаймон Керимов, Геннадий Тимченко, Кирилл Шамалов, Михаил Прохоров, Евгений Касперскийлар билан бирга келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган рус олигархлари Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудовлар ҳам исми-шарифлари борлигини эътиборга сазовор.

Маълумотномада келтирилган мансабдорларнинг Владимир Путин билан яқинлиги даражаси, уларнинг мамлакатдаги коррупцияга алоқадорлиги, бойликлари ҳажми ва даромад манбалари тўғрисида ахборот мавжуд.

Ҳужжатда, ундан ташқари, бу жарималарнинг кўрсатилган шахсларга нисбатан жорий қилиниши қандай самара бериши ҳақида ҳам айтиб ўтилган.

Бироқ, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти “Кремлга оид ҳисобот”да келтирилган рўйхатда акс эттирилган россиялик юқори лавозимли шахслар ва тадбиркорларга нисбатан санкциялар яқин орада жорий этилмаслигини ҳам билдирмоқда: мазкур рўйхатда келтирилган амалдор ва тадбиркорларга нисбатан ҳозирча бирор чеклов эълон қилинмайди.

Душанба куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти тарқатган хабарга кўра, Оқ Уй яқин орада Россия гражданлари ва рус ширкатларига бошқа янги санкциялар жорий қилишдан сақланиб туради.

Давлат Департаменти Ҳизер Нойерт олдин жорий қилинган жарималардан Россия ҳарбий-саноат комплекси маҳсулотлари экспортидан аллақачон миллиардлаб даромад йўқотгани, бир қанча давлатлар Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганини билдирди. Нойерт санкциялар жорий этилиши “Россия провокацион ва бузғунчи” ҳаракатларни тўхтатгунга қадар давом этишини маълум қилди.

Расмий Москва АҚШнинг янги санкциялар рўйхатини 2018 йилги Россияда ўтказилиши режалаштирилган “президент сайловларига таъсир ўтказиш” ўлароқ баҳолади.

- Биз буни чиндан ҳам бевосита сайловга таъсир ўтказиш мақсадида амалга оширилаётган ошкора уриниш, деб ҳисоблаймиз, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

АҚШ жарима рўйхатига Россия президенти ҳам муносабат билдирди.

- Менга айтишдики, бутун бошли президент маъмурияти, барча ҳукумат аъзолари, ҳамма бизнесдагилар рўйхатга киритилган: ҳар бир бу одам ва тузилма ортида давлатимизнинг оддий гражданлари, меҳнат коллективлари, ишлаб чиқариш соҳалари турибди. Яъни ҳаммамизни, 146 миллион кишини аллақандай рўйхатга киритишибди. Мен бу ҳаракатлар маъносини тушунмаяпман!... Бу усиз ҳам оғир аҳволда қолаётган Россия-Америка муносабатларининг янада мураккаблашишига олиб келмоқда ва умуман халқаро миқёсдаги муносабатларга зарар келтирмоқда, деди Владимир Путин.

Ўтган ҳафтада АҚШ Молия вазирлиги Россия билан боғлиқ санкциялар рўйхатини кенгайтирган эди.

Илгари Вашингтон Россиянинг Қрим билан Суриядаги хатти-ҳаракатлари учун давлат компаниялари ва ҳукумат агентликлари сингари йирик ташкилотларни нишонга олганди.

XS
SM
MD
LG