Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Мирзиёев мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтди


Конституция қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан 7 декабрда Ўзбекистон халқини табриклаб нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари устивор бўлган давлатни барпо қилиш йўналишидаги ислоҳотлар давом этишини айтди. Президентга кўра, ислоҳотларнинг биринчи йилида Ўзбекистонда пахта терими мавсумидаги мажбурий меҳнатга барҳам берилган.

Мирзиёев ислоҳотлар давом эттирилишини ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Мирзиёев ўз нутқида ўзи томонидан амалга оширилаётган суд ислоҳоти биринчи меваларини бера бошлаганини алоҳида таъкидлади.

“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса эди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ўз нутқида 30 ноябрь куни имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги фармон ҳақида ҳам гапирди.

“Ушбу Фармонга биноан бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади”, деди президент.

Шавкат Мирзиёев ватандошларнинг Конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида жорий йилги пахта теримида мажбурий меҳнат таъқиқланганига ва пахта терими пайтида мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта факт аниқланмаганига ҳам эътибор қаратди.

“Мана, бу йил ҳаммангиз кўрдингиз, эшитдингиз, биз бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чиқаришни қатъиян тақиқладик. Пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди. Бу муҳим масалани аввало ўзимиз қаттиқ назоратга олганимиз туфайли биронта салбий ҳолат аниқланмади. Амалга оширилган ишлар самараси халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда”, деди Мирзиёев.

Бироқ Озодлик радиоси жорий пахта терими мавсумида Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14900 нафар ҳашарчи пахта териш учун ихтиёрий мажбурий тарзда Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилгани, Тошкент вилоят пахтазорларида эса Андижондан олиб келинган хашарчилар пахта тераётгани ҳақидаги хабарларни тарқатган эди.

Озодлик манбалари Қашқадарё вилоятининг Касби ва Яккабоғ туманларидаги баъзи мактабларнинг юқори синф ўқувчилари 30 сентябрдан яна пахта теримига чиқарилгани, коллежларнинг учинчи курс ўқувчилари ҳам пахта теримига ҳайдалгани ҳақида билдирган эдилар.

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида Халқ қабулхоналари институтининг жорий этилиши муваффақиятли бўлганига ҳам алоҳида тўхталди. Унга кўра, бир йилда Халқ қабулхоналарига йўлланган 1,5 миллионга яқин мурожаат кўриб чиқилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Мирзиёев Ҳалқ қабулхонлари Тезкор давлат хизматлари агентлигига айлантирилиши ҳақида маълум қилди.

“Шунинг учун биз энди давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишни мутлақо янгича асосда ташкил этамиз. Энди давлат хизматини кўрсатадиган ташкилот ва тузилмалар бевосита жойларга, маҳаллаларга чиқиб, аҳолига хизмат кўрсатади. Вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради”, деди Мирзиёев.

Президент фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти эканини ҳам айтиб ўтди.

XS
SM
MD
LG