Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Поездда Сирдарёга мажбуран пахтага юборилган мактаб ходимининг ўлиги келди


Андижон вокзали. Поездда ҳашарчилар Тошкент вилоятига жўнатиляпти. 2017 йил, 14 октябрь.
Андижон вокзали. Поездда ҳашарчилар Тошкент вилоятига жўнатиляпти. 2017 йил, 14 октябрь.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги 18-умумтаълим мактабининг қоровули Абдураҳим Худойқулов пахта даласида жон берди. Худойқулов ўлимининг сабабларини расмийлардан суриштирган маҳалладошларнинг айтишларича, гўёки у қон босими тушиб кетиб, вафот этган. Сўнгги икки ҳафтада Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг нафар ҳашарчи ихтиёрий-мажбурий тарзда вагонларда Сирдарё ва Қорақалпоғистонга пахта теримига олиб кетилган эди.

Ёзёвон туманининг Қатортол қишлоғидаги 18-умумтаълим мактабининг 54 яшар қоровули Абдураҳим Худойқулов 12 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида пахта теримидан қайтгандан сўнг вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган марҳум маҳалладошларидан бирининг айтишича, у пахтага мажбуран жўнатилган:

“Абдураҳим ака мактабда қоровул бўлиб ишларди. Ҳоким ва мактаб директорининг буйруғига кўра улар кўрпа-тўшаги билан поездда Сирдарёга кетган эди. Маҳалладошларимиз унинг жасадини олиб келишди. Улардан бири билан гаплашганимда, гўёки пахта теримидан сўнг шийпонга қайтиб келганидан сўнг, жон берган экан”, деди қатортолликлардан бири.

Поездда Сирдарёга мажбуран пахтага юборилган мактаб ходимининг ўлиги келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк

Исми сир қолишини сўраган 18-мактаб ўқитувчиларидан бири марҳумни яхши билганини айтар экан, унинг ҳеч қандай оғир касаллик билан оғримаганини айтади:

“Директор мажбур қилди пахтага боришга. Ҳеч ким ўз ихтиёри билан кетгани йўқ. Абдураҳим ака ҳам ишдан ҳайдамасликлари учун мажбур кетган. Тўрт мучаси соғлом одам эди. Кеча яқин қариндошлари билан гаплашдим. Ҳеч қачон қон босимидан ёки юрагидан шикоят қилмаган экан”, деди ўқитувчи.

Ёзёвон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, мактаб қоровули Абдураҳим Худойқуловнинг Сайхунобод туманидаги пахта теримида вафот этганини тасдиқлади, лекин унинг ўлими сабабларидан хабари йўқлигини айтди.

Исми сир қолишини сўраган ёзёвонлик маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, ҳокимият уюшмаган аҳолини пахта теримига жалб қилолмагани учун ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимларини мажбуран бошқа вилоятларга пахта теримига жўнатяпти:

- Ҳақиқатдан ҳам, юқоридан пахта қаттиқ талаб қилиняпти. Бекорчи одамларни жўнатинглар деяпти, лекин бекорчи одамларни жалб қилиш қийин бўляпти. Шунинг учун маҳаллий ҳокимиятлар ишли одамларни мажбур қиляпти, чунки улар ишини йўқотиб қўйишдан қўрқади. Боғча, мактаблар техник ходимлар ҳисобидан одам жўнатяпти, деди маҳалла фаоли.

Озодликнинг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида ишлайдиган манбасидан олган маълумотига кўра, сўнгги икки ҳафта давомида Фарғона вилоятидан 16700, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14900 нафар ҳашарчи пахта териш учун Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилган.

Ўзбекистонда шу пайтгача ўн минглаб ҳашарчиларни оммавий равишда бошқа вилоятларга поездларга олиб бориш кузатилмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

Бироқ, президент гапларининг сиёҳи ҳали қуримай туриб, пахта теримида мажбурий меҳнат яна аввалгидан кучлироқ тарзда жорий қилинаётгани кўзга ташланмоқда.

XS
SM
MD
LG