Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Мирзиёев муштумзўр раҳбарларни жазолашни ваъда қилди. Муштумзўр ҳокимлар жазосиз қолмоқда


Сентябр ойи бошида Интернетда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактабларнинг директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлган эди.
Сентябр ойи бошида Интернетда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактабларнинг директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муштумзўрлик давлат сиёсатига қарши экани, ўз ходимларига қўл кўтарадиган раҳбарлар жазосиз қолмаслиги ҳақида гапирган эса-да¸ Озодлик суриштируви сўконғичлиги ва уронғичлиги жамоатчиликка фош бўлган ҳоким ва раҳбарларнинг амалда ҳамон жазосиз қолаëтганини кўрсатди.

Президент Мирзиёев 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.​

Мактаб директорларини қаторасига териб, уларни ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев, Улуғнор тумани ҳокимининг юрак хуружидан ўлиш даражасида ҳақоратлагани иддао қилинган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, маърифат посбонлари бўлмиш ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўккан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, сўконғичлиги билан танилган бошқа амалдорлар ўз лавозимларида қолмоқда. Шу ой бошида пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни 45 минут давомида 126 марта уятли сўз билан ҳақоратлаган Паркент тумани ҳокими ҳам ҳозиргача амалидан айрилгани йўқ.

Уронғич ҳамон Сайхунободда ҳоким

Озодлик мухбири Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг муштумзўрликни қораловчи 15 ноябрь кунги маърузаси юзасидан муносабат сўраб тумандаги мактаб директорларни калтаклаш билан ном чиқарган Сирдарë вилояти Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевга мурожаат қилганида ҳоким суҳбатдан ўзини олиб қочди.

Суҳбат бошида ўзининг Сайхунобод ҳокими Носиржон Эгамбердиев эканини тасдиқлаган шахс саволни эшитиши билан: “Кечирасиз, сиз бошқа жойга тушдингиз”, - деб қўл телефонини ўчириб қўйди. Айни рақамга кун давомида қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Сентябрь ойи бошида Интернетда Носиржон Эгамбердиевнинг маҳаллий мактаб директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлган эди.

Ҳокимдан калтак еган директор: Ҳоким раҳбарларни нафақат уради, балки тепадиям
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:17 0:00

Бу видео тарқалиши ортидан туғилган ижтимоий тармоқлардаги эътироз ва норозиликларга муносабат билдирган вилоят ҳокими ушбу вазият юзасидан ҳали тегишли чора кўрилиши, ҳокимнинг иши пахта терими мавсумидан кейин кўриб чиқилишини билдирган эди.

Пахта мавсуми ниҳоясига етиб қолганига қарамай¸ 22 ноябрь куни ҳам Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод ҳокими сифатида ишини давом эттирмоқда.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ортиқ Султонов Озодлик билан суҳбатда бу юзадан шундай изоҳ берди:

- Пахта тугагани йўқ-да ҳали. Вилоят ҳокими унинг ишини пахта теримидан сўнг кўриб чиқилишини айтганди. Носиржон Маҳмудович ҳозир ҳам ҳоким вазифасида. Уни кейинги тақдири нима бўлишини тепадагилар билмаса, мен билмайман, - деди Ортиқ Султонов.

Сўконғич ҳамон Паркент ҳокими

Пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни 45 минут давомида 126 марта уятли сўз билан ҳақоратлагани жамоатчиликка ошкор бўлган Паркент тумани ҳокими ҳам¸президент даккисига қарамай¸ ҳозиргача амалидан айрилгани йўқ.

Паркент ҳокими 126 марта уят сўзни оғзига олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00

Тошкент вилояти Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган эди.

Ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўз қўллаган. Неъматулла Абдуллаев Озодликка шундай йиғилиш ўтказганини тасдиқлар экан, маҳаллий раҳбарларни "сўкмаганини, фақат койиганини" билдирган эди.

Ҳозирча Озодликда бу ҳоким ишининг юқори даражада кўрилган-кўрилмаганига оид маълумот йўқ.

Каримов даврида иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қамоққа ҳукм этилган Неъматулла Абдуллаев 2016 йили Шавкат Мирзиëев президентликка келиши ортидан реабилитация қилиб¸ ҳокимият бошқарувига қайтарилган эди.

Район ҳокимини ўлишга етказиб ҳақоратлаган Андижон вилоятида ҳоким

Андижон вилоят Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсуповнинг 5 октябрь куни тўсатдан оламдан ўтгани ҳақда Озодлик унинг ўлимига сабаб бўлган мажлис иштирокчиларидан бири гувоҳлигига таяниб хабар берган эди.

Туман ҳокимлигининг шахси сир қолишини сўраган мулозими Озодликка 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушганини айтганди. Озодлик бу юзадан изоҳ сўраб, 21 ноябрь куни Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ўзига боғландни.

Аммо Андижон вилояти ҳокими Озодлик саволларидан қочиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Андижон шаҳар ҳокими

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев бир ой аввал коллеж ва академик лицей директорларини таҳқирлаб, ҳақорат қилгани ёзиб олинган аудиофайлни Озодлик 21 ноябрь куни жамоатчиликка эълон қилди.

Ауидоёзувда Андижондан Тошкент вилоятига поездда пахта теримига кам одам жўнатган коллеж ва лицейларнинг эркаку аёл директорларини ҳоким “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилади.

Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни қандай сўкади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Озодлик маърифат посбонлари бўлмиш ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўккан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевга ҳам боғланишга уринди.

Лекин ўзини ҳокимнинг мулозими деб таништирган мулозим Раҳматуллаев мажлисда экани, ўзининг эса бу ҳақда изоҳ беролмаслигини айтди.

Каримов муштумзўрлиги учун ҳайдаган ҳокимларни Мирзиëев бошқарувга қайтармоқда

Ислом Каримов президентлиги даврида сўконғич, уронғичлиги билан танилган Туроб Жўраев Шавкат Мирзиëев даврида аввалига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи¸ ўтган ой эса¸ вилоят ҳокими этиб тайинланди.

Жўраев 2008 йилда Сурхондарёга ҳоким этиб тайинлангандан сўнг маҳаллий фермерлардан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда "…бу ҳоким, қўполроқ айтганда, Сурхондарёга турма ҳаётини олиб кирди. Сурхондарë лагеру¸ фермерлар аристонлардир", деган эди.

2011 йилнинг 25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Жўраевнинг саккизта коллеж директорини калтаклагани хабар қилинганди.

Шу йили тазйиқлар жонини тўйдирган музрободлик 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров ўзини ўзи осгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Туроб Жўраев 2013 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб Қашқадарё ҳокими вазифасидан четлатилган эди.

"Муштумзўрликни йўқ қилиш керак!"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябр куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтди:

- Гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганларидек¸ ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, мен раҳбарман¸ нима қилсам ҳам меники тўғри¸ деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат лавозимларини суитеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак, - деганди Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам муштумзўрлик билан бошқарув усулидан воз кечиш кераклиги ҳақида тез-тез гапириб турарди:

- Муштумзўр раҳбарлардан, мушт билан бошқарадиган раҳбарлардан воз кечамиз энди баракатопгурлар. Кучли, мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган, ўзини савлати билан ҳаммани қўрқитадиган энди бўлмайди Ўзбекистонда, - деган эди Каримов 2009 йилдаги чиқишида.

Каримовнинг қайриб саккиз йил аввалги чиқишидан буён¸ кузатувчиларга кўра¸ муштумзўрлик кўпайса кўпайди, лекин камаймади.

XS
SM
MD
LG