Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўкди (ВИДЕО)


Андижон шаҳар ҳокими ана шу поездга ҳашарчи етказиб бермагани учун коллеж директорларини ҳақорат қилган.
Андижон шаҳар ҳокими ана шу поездга ҳашарчи етказиб бермагани учун коллеж директорларини ҳақорат қилган.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тахминан бир ой аввал коллеж ва академик лицей директорларини таҳқирлаб, ҳақорат қилгани ёзиб олинган аудиофайлни Озодлик қўлга киритди.

Ауидоёзувда Андижондан Тошкент вилоятига поездда пахта теримига кам одам жўнатган коллежлар ва лицейларнинг эркаку аёл директорларини ҳоким “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилади.

Уларнинг фаолиятини текширтириш учун СЭС, солиқ, электр тармоқлари идоралари инспекторларини юборишни ўринбосарига буюради.

Озодлик таҳририятига келиб тушган бу аудиофайлни Андижон шаҳар ҳокими ўтказган йиғилишда иштирок этган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бири жўнатди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:06 0:00
Бевосита линк

Бу раҳбарнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, аудиода акс этган мажлис 16 октябрда, пахта штабида бўлиб ўтган:

“Ўша мажлисда мен ҳам қатнашган ва поездда жўнатишга кам одам топиб берганим учун ҳокимдан ҳақорат эшитган эдим. Шу пайтгача, бу записни нима қилсам экан, деб сақлаб юрган эдим. Куни кеча президентимизнинг маҳаллий раҳбарларнинг хулқ-атвори ҳақидаги танқидий гапларидан сўнг, сизларга жўнатишга қарор қилдим. Ўқитувчидан чиққан, маданият вакили бўлган бу ҳокимнинг асл юзини ҳамма кўриб қўйсин, дедим”, дейди исми сир қолишини сўраган директор.

Унинг айтишича, бу мажлисда 200 дан кўп одам қатнашган. Шаҳардаги 50 та мактаб, 12 та коллеж ва лицей директорлари, 70 та боғча мудираси, имомлар, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, милиция бошлиғи ва прокурор ҳам иштирок этган.

Аудиофайл 27 дақиқа давом этади

Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни қандай сўкади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Ёзув ҳокимнинг пахтага кўп одам берган боғча мудираларини мақташи билан бошланади ва коллеж директорларини ҳақорат қилиш билан давом этади:

“Шакални шакал дейиш керак. Хапа бўласанми, бошқа бўласанми, тупурганман, сенларга. Бошқармангда ричаг бор, менда йўқ деяпсанми, а, э, тварь!”, дейди ҳоким.

Пахтага кам одам берган коллеж раҳбарларининг ўзини ва фаолиятини текшириш учун, ҳоким, ўринбосарига топшириқ беради:

“Олим ака, сиздан ҳам илтимос қиламан, группа ташлайсан бу шакалга, анаву педколлежга ҳам группа ташлайсан. СЭС! Кўтини гапиртиришасан мана шуларни, Молия! Кўтини гапиртиришасан мана шуларни! Ёмонлик қилмасдим, просто кўзини очиб қўймоқчиман буларни. Электросетлар! Польний рост кўришасан! Эй Маъриф,(Маъруф Бувабеков, Андижон тиббиёт коллежи директори – таҳририят) қани кўтингни гапиртираман, сени. Коллежлар, академ лицейлар боғча мудиричалик ишлашаётгани йўқ. Чунки, сенлар иплоссан!”, дейди ҳоким.

Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўкди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00
Бевосита линк

Ҳоким, халқ таълими раҳбарлигидан ҳокимликка кўтарилганини айтар экан, ҳокимиятни кучини кўрсатиб қўйиш вақти келганига урғу беради:

“Ҳокимиятни кучини кўрсатиб қўяман, сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровирганман. Булар қўйинг бошқармаси билан юровирсин, бошқармасини айтганини қилсин десам булар бошқача қилди. Қани, Маъриф ким билан ишлайсан экан. Ифлос, шу пайтгача сен демовдим. Ҳаммангни биламан”, дейди Дилмурод Раҳматуллаев.

"Ифлос, тварь, гадой..."

Ҳоким шундан сўнг, коллежлар раҳбарларини бирма-бир турғизиб ҳақорат қила бошлайди:

“Маиший хизмат ким, ифлос, тварда бу. Айтиб қўй шакал раҳбарингга ифлос эканмиз, дегин”;

“Иқтисодиёт коллежи, ифлос, падарингга лаънат сенларни.

Педагогика коллежи, ифлос, гадай, сен гадайсан, кўтингга тиқиб юбор, бешта одамингни. Эй ифлос, нечта одаминг бор, нафас оладиган ўзингга ўхшаган нечта шакал бор, эй ифлос?, дейди ҳоким

Бундан сўнг ҳокимнинг ҳақоратлари силсиласига машинасозлик коллежи раҳбари дуч келади:

“Машинасозликнинг шакали ким? Сен ҳам ифлоссан, сен одам эмассан, сен махлуқсан! Махлуқсан! Сен Андижон шаҳри фидойисимассан! Анаву вилоят ҳокимининг раҳматига сени нима алоқанг бор, эй ифлос кўзимга қара. Сен ифлос қаерликсан, қаерни коллежисан, эй ифлос, ҳайвон. Эй, эшшак! Сени нима ҳаққинг бор шаҳарга қарсак чалишга, кимсан сен, эй ҳайвон. Эй ифлос, кеча сен билан одамдай гаплашдимми? Нега мени топшириғимни игнорироват қилдинг, эй ҳайвон. Кўзимга қара, э, ифлос. 50 та одам дедимми? Бир жойингни гапиртириб юборайми, эй ифлос. Сен шим кийиб юрибсанми ёки лозим, эй ифлос. Эй, шимни ҳамма ҳам киёлмайди, ифлос, ваъдани ҳамма ҳам беравермайди. Мард одам беради, раҳбар одам беради, эй ҳайвон! Ҳайвонсан сен!”, дейди ҳоким

"Ричаг мени қўлимда, истаганимни қиламан!"

Компьютер технологиялари коллежи директорини, ҳоким, падарини “сийлаш”дан бошлади:

“Эй ифлос, падарингга лаънат сени, шшшакал! Кеча гаплашдикми, нега қилмадинг, қайси ифлос қилма деди? Эй ифлос, ишдан бўшаб кетсанг ҳам, шаҳарда яшайсанми? Кўрасан, ҳозир солиқни жўнатаман уйингга, электросетни жўнатаман, водоканални жўнатаман, қани Ҳумоюн? Коллежингга ҳам тегишли ташкилотларни жўнатаман. Мана кўряпсанми, бешта одам учун нима бўласан, энди?

"Ўша жойингга тиқивор, одамингни!"

Озодлик билан суҳбатда бўлган мажлис қатнашчисининг айтишича, ҳоким Боғишамол мавзесида жойлашган ижтимоий-иқтисодий ва педагогика коллежи раҳбари Гулбаҳор Бакировани жуда қаттиқ ҳақорат қилган.

“Эй, Боғишамолни авлиёчаси, Маликаи Турондот. Сени сизламиман, сенсан сен. Нафас оладиган неча одаминг бор?, дейди ҳоким.

Залдан коллеж директорининг англаб бўлмас узуқ-юлуқ гапи эшитилади ва бундан ҳоким ғазабга келади:

“Ҳей, бир жойингга тиқивор одамингни, тиқивор одамингни бир жойингга. Нечта одаминг бор деб сўраяпман, ҳаммаси бўлиб. Хўп, 80 та. Ҳўўўв боғишамоллик Ҳожи ака бор танийсанми, имом хатиб. Отасига минг марта раҳмат, умри узоқ бўлсин, шуларни. Булар эса шакал, булар Андижон шаҳар душмани булар. Мана қори акани бешта одами бўлса, ётоққа битта ҳам камайтирмади. Эй, ифлос, сен аёл кишисан. Бу одамга мени ричагим йўқ, қилмаса ҳам ҳеч нарса деёлмайман. Имомлар бу жамоат ташкилоти. Сен ифлос бюджет ташкилотисан, эй ҳайвон! Нимага имом қилади, сен ифлос қилмайсан, каранда! Бўйнига цепочкалар тақиб оладиган каранда! Кимсан сен, эй ифлос? А? Шаҳарда яшайсанми? Сенга айтяпман, шаҳарда яшайсанми? Шаҳардан электрни олишга сени нима ҳаққинг бор?”, дейди Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев.

Ҳокимлар муносабат айтишдан ўзларини олиб қочмоқда

Озодлик кун давомида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев билан боғланишга ҳаракат қилди. Ҳоким қабулхонасида ўтирган навбатчи, ҳоким иш билан ташқарида юрганлигини, у билан боғланиш имконсиз эканлигини айтди.

Озодлик Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан боғланишга муваффақ бўлди. Ҳоким ҳар гал қўнғироққа жавоб берди, лекин мухбир ўзини таништириши билан алоқани узиб қўяверди.

Сўнгги бор уланганда Озодлик мухбири, “нега доим алоқани ташлаб юборяпсиз, яна ташлайсизми”, деб сўраганда, ҳоким, “ҳа, ташлайман”, деди-да, яна алоқани узди.

“Айтаверамизам, қайтаверамизам!”

Андижон давлат университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги унверситетларини тугатган 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаев 2015 йилгача вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасидан бўшатилган эди. 2017 йилда у Андижон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.

Жорий йилнинг июль ойида Кун.уз мухбирига берган интервьюсида Дилмурод Раҳматуллаев ўқитувчиларни ободонлаштиришга ва бошқа ишларга жалб этмасликка ваъда берган эди.

Бундай ваъдани Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам Халқаро пресс-клубдаги учрашувда берган ва кейинчалик ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига жалб қилинишини “жиноят” деб атаган эди.

Лекин бу йилги пахта мавсумида Андижон вилояти ва туманлар ҳокимлари ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига мажбуран жалб қилгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни ўтказилган селектор мажлисида қўпол муомалали ҳокимларни танқид қилган эди:

“Лекин, афсуски гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, “мен раҳбарман, нима қилсам ҳам меники тўғри”, деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса, бу иллатни йўқ қилиш керак, вақту соати ўтди, одамлар кўтармайди энди. Бундай раҳбарлар ўзининг кибру ҳавоси, бошқаларни менсимаслиги ўзбошимчалиги ва қўполлиги билан одамларни ва жамоатчиликни бирлаштириш ўрнига, аксинча жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини бузишга сабаб бўлаётгани бизда катта ташвиш уйғотмоқда”, деди президент.

Ҳокимларнинг зўравонлиги давом этяпти

Тошкент вилоят, Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўз қўллаган эди.

Kun.uz сайти Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида август ойи охирида рўй берган воқеа акс этган видеони эълон қилган эди. Видеода "Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев", деб тақдим қилинган шахс тумандаги мактабларнинг директорларини бир қаторга териб олиб, бир чеккадан калтаклагани тасвирланган.

Озодликдан: Агар сизда ҳам ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ўз қўл остидаги ходимларни ёки оддий одамларни ҳақорат қилгани, калтаклагани ҳақида маълумотлар, аудио ва видеолар бўлса бизга юборинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG