Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Украина қочқинлик мақоми берган Каримовнинг қайинжияни Ўзбекистонга топширилмаслиги мумкин


Украина Миграция хизмати марҳум президент Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевга қочқин мақоми берди ва шу билан унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш эҳтимолини деярли йўққа чиқарди. Ўзбекистон прокуратураси томонидан оғир жиноятларда айбланаëтган Абдуллаев Киев аэропортида қўлга олиниши ортидан Тошкент унинг ўзига топширилишини сўраган эди.

Киев шаҳар прокуратураси матбуот котиби Надежда Максимец 14 июнь куни Акбарали Абдуллаевга Украинадан бошпана берилиши ортидан¸ унинг экстрадицион ҳибсдан озод этилганини билдирди:

- Биз бу қарор асосида, Украина қонунчилигида кўзда тутилгани каби, қочқин мақомини олган одамга нисбатан экстрадиция ҳибсини бекор қилдик. Энди унинг экстрадициясини сўраётган томонга рад жавоби берилиши мумкин, - деди Озодлик билан суҳбатда Максимец.

Айни пайтда Максимецнинг таъкидлашича¸ Абдуллаевни Тошкентга бериш-бермаслик ҳақидаги сўнгги қарорни Украина Бош прокуратураси қабул қилади.

Ўзбекистон фуқароси Акбарали Абдуллаев шу йилнинг 14 январь куни Киевда Киевнинг “Жуляни” аэропортида ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдуллаевни молиявий жиноятларда айблаб халқаро қидирувга берган ва Киевдан унинг ўзига топширилишини сўраган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдуллаевни давлат мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни ювишда айбламоқда.

Экстрадицион ҳибсга олинган Акбарали Абдуллаев март ойида Украина ҳукуматидан ўзига сиёсий бошпана берилишини сўраб ариза топширган ва 14 июнь куни Украина Миграция хизмати унинг аризасини қондирган.

Украина Миграция хизмати матбуот котиби Сергей Гунко Озодлик билан суҳбатда Акбарали Абдуллаевга қандай қилиб бундай қисқа вақт ичида қочқинлик мақоми берилганини изоҳламади:

- Мен Украина қонунчилиги доирасида бу ҳақда изоҳ беролмайман, - деди Гунко.

Акбарали Абдуллаев март ойида суддаги чиқишида Ўзбекистонга топширилгани тақдирда қийнаб ўлдирилиши мумкинлигини иддао қилган эди.

Акбар Абдуллаев: Агар Ўзбекистонга борсам, мени қийнаб ўлдиришади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

Европа парламенти аъзоси бўлган Украина гумонланувчини Европа инсон ҳуқуқлари конвенциясининг 3-моддасига биноан, қийноқ ва ноинсоний ё камситилувчи муносабат таҳдиди бўлган мамлакатга топширмаслик мажбуриятини олган.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналари ва тергов изоляторларида қийноқлар мунтазам қўлланилади.

Озодликка маълум бўлишича¸ Абдуллаев 2013 йилнинг 10 октябрида оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати 6 йилу 6 ой этиб белгиланган эди.

Озодлик ўз суриштируви жараёнида Абдуллаев қамалишидан икки ярим йил ўтиб шартли озод этилгани, бироқ, президент Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай, қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чиқиб кетганини аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG