Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Прокуратура президент Каримов жиянини Киев “Рублевка”сидан яна ҳибсхонага қайтармоқчи


Акбарали Абдуллаев¸ Гулнора Каримова таъкидича¸ президент рафиқаси Татъяна Каримованинг севимли жияни бўлган.
Акбарали Абдуллаев¸ Гулнора Каримова таъкидича¸ президент рафиқаси Татъяна Каримованинг севимли жияни бўлган.

Киев шаҳар прокуратураси Печерский район судининг Акбарали Абдуллаевни вақтинчалик сақлаш изолятори (СИЗО)дан уй қамоғига чиқариш қарори устидан апелляция судига шикоят киритди. Марҳум президент Ислом Каримов жиянининг экстрадицион иши бўйича навбатдаги маҳкама 27 апрелга белгиланган.

Акбарали Абдуллаев ҳибсхонадан уй қамоғига чиқарилди

19 апрель куни Печерский район суди ҳаками Светлана Шапутько ўзбекистонлик Акбарали Абдуллаевга нисбатан қўлланилган эҳтиëт чорасини ўзгартириш ва уни вақтинчалик тергов изоляторидан (СИЗО) уй қамоғига чиқаришга қарор қилди.

Акбарали Абдуллаев жорий йилнинг 14 январь куни Киевнинг "Жуляни" аэропортида Ўзбекистон томони Интерполга йўллаган сўров асосида қўлга олинган эди. Ислом Каримовнинг хотини Татьяна Каримованинг синглиси Тамаранинг ўғли бўлган Акбарали¸ Тошкент томонидан кўп миллион долларлик иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.

Печерский район суди расмийсининг Озодликка айтишича¸ 19 апрель куни ҳакам Шапутько Киев прокуратурасининг Акбарали Абдуллаевни вақтинчалик сақлаш изоляторида қолиш муддатини яна икки ойга узайтириш сўровини қондирмаган:

- Ҳакам прокуратура келтирган далилларни етарлича асосли деб топмади ва Абдуллаев ҳимоячилари сўровини қондирди. Абдуллаев 19 июнгача¸ яъни икки ой муддатга Киев ташқарисидаги Козин қишлоғида адвокатлари томонидан ижарага олинган жойда уй қамоғида сақланади. Қарорга кўра¸ у 24 соат давомида электрон браслет тақиб юриши ва унинг ҳатти-ҳаракати мунтазам ички ишлар ходимлари назоратида бўлиши керак. Лекин Киев шаҳар прокуратураси бу қарор устидан апелляция судига ариза берган ва шу ҳафта улар шикояти кўриб чиқилади¸ деди Печерский район суди матбуот ходими Виталий Черхавий.

Прокуратура Акбаралини ҳибсга қайтариш уринишини давом эттиради

Озодлик билан суҳбатда Киев шаҳар прокуратураси матбуот котиби Надя Максимец Киев апелляция суди прокуратура шикоятини кўриб чиқишни 27 апрелга белгиланганини билдирди:

- Лекин суднинг эртага бўлиш-бўлмаслиги ҳали аниқ эмас. Биз қарорнинг тўлиғини кечагина олдик ва ҳали ҳамма ҳужжатлар судга тақдим қилинмаган. Прокуратура¸ мамлакатдан қонуний чиқиш учун талаб қилинадиган паспортлари олиб қўйилганига қарамай¸ Акбарали Абдуллаевнинг тергов ва суддан бўйин товлаш мақсадида Украинадан чиқиб кетиш эҳтимоли бор¸ деб ҳисоблайди ва шу боис уни СИЗОда сақлаш муддатини узайтиришни сўрайди¸ деди Максимец.

Козин қишлоғида президент Порошенкодан ташқари Украинанинг аксар олигархлари яшайди.
Козин қишлоғида президент Порошенкодан ташқари Украинанинг аксар олигархлари яшайди.

Киев ҳуқуқ тизимларидаги маҳаллий мулозимлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Абдуллаев уй қамоғи учун танлаган Козин қишлоғини Форт Росс¸ ëки Киев “Рублëвка”си деб атади.

“Абдуллаев адвокатлари номига ижарага олинган уй/вилла бу Киевнинг “Рублевка”си (Москва ташқарисидаги миллиардер ва ҳукумат раҳбарлари яшайдиган ҳудуд - таҳр.)да жойлашган.У ерга оддий одам яқинлаша олмайди – 24 соат хусусий қўриқчилик ширкатлари қўриқлайди. Порошенконинг вилласи ҳам шу ерда”¸ дейди киевлик мулозим.

Ўтгандаги суд мажлисида¸ ўз ҳаëти нафақат Ўзбекистон¸ балки Украинада ҳам хавф остида эканини иддао қилган Акбарали Абдуллаев ўзини СИЗОдан уй қамоғига чиқаришни сўраган эди.

Усталик билан қурилган ҳимоя қалъаси

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 178-моддаси ( чет эл валютасини яшириш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадни яшириш) жиноятларида айбланаëтган Акбарали Абдуллаевни ҳимоя қилаëтган маҳаллий ва Ғарб адвокатлари¸ унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши олдини олиш учун Украина Миграция хизматига қочқинлик мақоми сўраб расман мурожаат қилган.

Акбар Абдуллаев: Агар Ўзбекистонга борсам, мени қийнаб ўлдиришади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

Озодлик билан суҳбатда Украина адлия тизими расмийси¸ бундай ҳаракат¸ Ўзбекистон томонининг Абдуллаевни экстрадиция қилиш сўрови ижросини жиддий мураккаблаштиришини айтади.

“19 апрель кунги суд қарорида Абдуллаевнинг Украинадаги статуси ҳам муҳим роль ўйнади. У Ўзбекистонда ўз ҳаëтига таҳдид борлиги иддаоси билан Миграция хизматидан қочқинлик мақоми сўраган. Миграция бу борада бир қарор бергунга қадар¸ Абдуллаев “ҳимоядаги шахс” статусига эга. Бу эса¸ уни ҳозир украин давлати ҳимоясига олган¸ деган маънони англатади”¸ деди бу жараëнга оид матбуотга изоҳ бериш ваколати йўқлиги боис шахси очиқланмаслигини сўраган Киев адлия мулозими.

Киев шаҳар прокуратураси расмийси Надя Максимец¸ Абдуллаевнинг қочқинлик сўрови Украина Миграция хизмати томонидан қондирилса¸ бу бораëтган экстрадицион суриштирув жараëни автоматик тарзда тугагани¸ яъни унинг Ўзбекистонга юборилмаслигини антлатадими¸ деган саволга аниқ жавоб йўқлигини билдирди.

- Бу масалада сўнгги қарорни Украина Бош прокуратураси беради. Ҳали Абдуллаевга қочқинлик берилиш-берилмаслиги аниқ бўлмаган ҳозирги вазиятда¸ сўнгги қарорнинг қандай бўлиши ҳақида гапиришга эрта¸ деди прокуратура расмийси.

Озодликнинг Акбарали Абдуллаев ишидаги сўнгги ўзгаришларга изоҳ беришни сўраб қилган мурожаатларини Абдуллаев адвокатлари "вақтлари йўқлиги" важидан ҳозирча қондирмади.

Озодлик бу жараëнни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG