Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Тадбиркорлар байрам стикерлари сотиб олишдан чарчаганини айтмоқда


Кейинги 2 йил ичида байрам стикерлари сотиб олишга сурункали мажбурланган тошкентлик тадбиркор Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими номига шикоят ëзди. Муаммосига ечим топмаган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда¸ йилда икки марта байрам стикерлари сотиб олишга мажбурлангани ортидан зиëн кўрганидан шикоят қилди.

- Охирги марта Наврўз байрамида келиб, стикерларни мажбурлаб сотиб кетишди. "Олишга мажбурсиз биз ҳокимиятдан келдик", дейишди. Ҳар бир ойнага ëпиштирасиз деди. Ҳар бири 10 минг сўмдан. Ҳокимиятдан келишгани учун олишга мажбур бўлдик. Бундан олдин Мустақиллик байрамида стикер сотиб кетишувди¸ деган тадбиркор Озодликка тўлов квитанциялари суратини юборди.

Стикер учун тўлов қоғози
Стикер учун тўлов қоғози

Квитанциялар сохта

Бу квитанциялар нусхаси билан танишган Тошкент шаҳар, Юнусобод туман солиқ инспекцияси ходимининг Озодликка айтишича¸ квитанциялар сохта ва бу квитанцияларнинг Тошкент шаҳар ҳокимиятига умуман алоқаси йўқ. Квитанцияларнинг орқасига босилган юмалоқ муҳрда Юнусобод туманида қайддан ўтган МЧЖ (Маъсулияти чекланган жамият) деган ëзув бор.

Озодлик бу муҳрда акс этган ном остида фаолият кўрсатадиган ширкат эгаси билан боғланди. Ширкат (Озодликда бу ширкат манзили мавжуд) эгаси Озодлик билан суҳбатда Наврўз ëки Мустақилликка аталган стикерлар чоп қилмаганини таъкидлади.

Стикер намуналари билан танишган ширкат эгаси¸ "бу бизнинг мол эмас", деб қатъий гапирди.

- Орқасидаги ëпишқоқ клейи ва босма техникасидан билиниб турибдику бу қалбаки ва қўлбола маҳсулот экани. Иккинчидан, бизнинг ширкат байрамларга атаб стикер чоп қилмаган, деди полиграфик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ширкат вакили.

Ҳокимият мажбурламаган

Тошкент шаҳар ҳокимияти савдо департаменти мулозимининг айтишича¸ тадбиркорларга стикер тарқатиш ëки сотиш ҳақида шаҳар ҳокимиятида бирор бир фармойиш мавжуд эмас.

Исми очиқланишини истамаган ҳокимият мулозимга кўра¸ Мустақиллик ва Наврўз байрамлари бўйича стикер буюртмаси берилмаган:

- Бундай гап йўқ. Кимдир ҳокимиятнинг номини сотиб пул қиляпти, менимча. Баъзан биз огоҳ бўлиш ҳақида стикер чиқарамиз¸ лекин бу стикерлар мутлақо текин тарқатилади¸ дейди суҳбатдош.

Аммо...

Озодлик ўз суриштируви жараëнида Тошкент вилоятининг Чилонзор ва Учтепа туманлари солиқ инспекцияларида тадбиркорларни стикер ëки бошқа полиграфик маҳсулот сотиб олишга ундаш ҳолати мавжудлигини аниқлади.

Стикерларда байрам шиорлари ëзилган
Стикерларда байрам шиорлари ëзилган

Чилонзор туманида қайддан ўтган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда баъзи тафсилотларни очиқлади:

- Солиқ идорасига ҳисобот олиб борсак¸ "мана бу календар ва стикерларни сотиб олинглар", дейишади. Бухгалтер менга "олмасак ҳисоботдан ишкал чиқаради", деб айтгани учун ҳар сафар квартал ҳисобот топширганимда бир коробка календар¸ стикер¸ концертга билет ва қандайдир ëзувчиларнинг китобларини сотиб олиб келаман¸ деди тадбиркор. Унинг гапига кўра бу “савдо” ихтиëрий-мажбурий формат касб этган.

Стикер фирибгарлари бутун республика бўйлаб иш олиб боради

Стикер сотиб олишга мажбурланган тадбиркор, Озоздлик мухбири илтимосига кўра, Тошкент шаҳридаги савдо расталарини айланиб чиқди. Унинг айтишича, йигирмага яқин дўконда “Наврўз 2017” стикери ëпиштирилган.

- Бизнинг қатордаги ҳамма расталарга стикер ëпиштирилган. Сўрасам, ҳаммасига "ҳокимият айтди", дея мажбурлаб стикер сотишган. Булар байрам олдидан пайдо бўлишади. Қандайдир қоғозни кўрсатиб буни сотиб олиш борасида ҳукумат қарори борлигини айтишади. "Шуни ойнагга ëпиштирсанг патриот бўласан¸ мустақилликка ҳисса қўшасан"¸ дейишади. Шунча дўкондан қанча пул қиляпти булар! - деди стикер сотувчилари устидан шикоят ëзган тадбиркор

Озодлик ўз суриштируви мобайнида Ўзбекистоннинг Бухоро¸ Фарғона ва Хива шаҳрида ҳам тадбиркорлар стикер ўлпонидан азият чекаëтганини аниқлади.

Стикер ўлпонидан азият чеккан тошкентлик тадбиркорга ҳуқуқий ëрдам кўрсатган ҳуқуқшуноснинг айтишича¸ бу ҳолатни “фирибгарлик”, деб малакалаш мумкин.

Ҳуқуқшуносга кўра¸”бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб таднбиркорларни алдаб стикер сотиш Ўзбекистон ЖПК 68-моддаси яъни фирибгарлик дея малакаланади”

-Улар энг кам ойликнинг эллик баробари миқдорида жарима тўлаб қутулиб кетаман деб ўйлашади. 68 модданинг биринчи бўлими бўйича шундай. Аммо улар гуруҳ бўлиб¸ сурункали тарзда компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир қилди. Бу эса энди 68 модданинг иккинчи қисмига тўғри келади. Бу ҳолатда уларни суд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаши мумкин. Шу пайтгача бирорта стикер сотувчи жазога тиртилганини эшитмадим¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG