Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Ўзбек муҳожири "катта ойлик" ваъда қилувчи алдамчи фирмалар ўлжаси бўлиб қолмоқда


Иш топиб беришни ваъда берган ширкат эшигидаги ёзув
Иш топиб беришни ваъда берган ширкат эшигидаги ёзув

Санкт-Петербург шаҳрида иш излаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири фирибгарлар ўлжасига айланди. Озодликка мурожаат қилган ўзбек муҳожирлари иш топиб бериш ваъдасини бериб, хизмат ҳақини олган “ТРИУМФ” ташкилоти 400га яқин одамни алдаб, ғойиб бўлганини айтмоқда.

“Бу ерда ФИРИБГАРЛАР ишлайди!!!”

Россиянинг “маданий” пойтахти Санкт-Петербургда бир гуруҳ ўзбек муҳожири фирибгарлар томонидан алданди.

WhatsApp мессенжери орқали бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган муҳожирлардан бири Интернет орқали хизмат ҳақи эвазига яхши маош тўланадиган ишга жойлаштиришни ваъда бераётган ташкилотни топиб, мурожаат қилишга қарор қилганини ёзди.

- “Санкт-Петербург шаҳрининг Чернишевский метроси, Рылеева-10 адресида иш борлигини билиб, 2017 йилнинг 25 феврал куни +79602369772 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, “ТРИУМФ” ишга жойлаштириш фирмаси билан гаплашдик. Улар ҳақиқатан ишга жойлаштиришини айтиб, юқоридаги манзилга келишимизни баён қилди. Биз кўрсатилган манзил бўйича бордик. ТРИУМФ ишга жойлаштирувчи фирмаси бизга 2500 Россия рубли тўлов қилишимизни айтди. Улар бизга ваъдалар бериб, ишонтирди. Биз ушбу 2500 рубл пулни фирма кадрлар бўлимига нақд тўладик ва бизга тўлов квитанцияси беришди ҳамда договор нусхасини ҳам беришди. Шу куни фирманинг кадрлар бўлими ходими бизга “Телефонларинг ишлаб турсин - сизларга телефон қилиб, қайси базага одам керак бўлса, уша ёққа борасизлар. Соат 18-00 гача телефон қилади”, деб бизни ишонтирди, деб ёзди исмини ошкор қилмасликни сўраган меҳнат муҳожири.

Улар на ўз ётоқларига қайтиб келган кун, на кейинги 5 кун давомида кадрлар агентлигидан хабар олган. Озодликка гапирган муҳожирга кўра¸ тоқати-тоқ бўлган ўзбекистонлик иш изловчилар яна “ТРИУМФ”га бориб¸ хизмат ҳақини қайтариб беришни талаб қилган.

Ўзбек мигрантлари "Триумф" эшиклари олдида
Ўзбек мигрантлари "Триумф" эшиклари олдида

Айтилишича¸ ташкилот ходимаси улар пуллари фақат 20 март куни қайтариб берилишини билдирган:

- Биз айтилган куни борсак, улар ушбу манзилдан кетишган, эшик ёпиқ экан. Эшикка “Здесь работают МОШЕННИКИ!!!” – “Бу ерда ФИРИБГАРЛАР ишлайди!!!” деб қоғоз ёпиштирилганини кўрдик. Атрофда одам кўп: ҳаммани ишга жойлаштирамиз деб, алдаб кетишган экан. Биз билан бирга у ерда ўзбек, тожик, қирғиз, рус - жами бўлиб 400 дан зиёд инсонниng ҳалол пулини алдов йўли билан ўзлаштириб ўзлари ғойиб бўлишган экан, деди ўзбек муҳожири.

"Бу ерда ФИРИБГАРЛАР ишлайди!!!"
"Бу ерда ФИРИБГАРЛАР ишлайди!!!"

Ўзбекистонликлар дарҳол Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги Консуллик бўлимига телефон орқали ёрдам сўраб мурожаат қилган. Tелефон гўшагини кўтарган навбатчи консуллик бу иш юзасидан ёрдам бера олмаслигини билдирган.

Қаллоблар ўлжасига айланган ўзбекистонлик йигитлар Озодликка мурожаат қилиш орқали “Россияда ишлаётган ватандошларни бунақанги ёлғончи фирмаларга ишонмаслиги ҳақида” хабардор қилиш ниятида эканликларини билдирди.

Улар жабрланганлар орасида Россия ватандошлари ҳам борлиги, шу сабабли улар “ТРИУМФ” кадрлар агентлиги устидан прокуратурага шикоят қилган бўлишлари мумкинлигини тахмин қилди.

Муҳожирлар фирибгарлар ўлжасига айланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:11 0:00

Санкт-Петербург шаҳар прокуратураси ва Рылеева кўчаси жойлашган Марказий туман прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийлари бу масала юзасидан шикоят тушгани тўғрисида маълумот йўқлигини билдиришди.

“Ёлғончи тузилмалар инқироз пайтида кўпаяди”

Кадр агентликлари ниқоби остида оддий фирибгарлик билан шуғулланаётган ташкилотлар Россиянинг аҳоли зич яшаётган аксар йирик шаҳарларида мавжуд.

Россия ИИВ расмий хабарига кўра, 2016 йил давомида қаллоблик билан боғлиқ жиноятлар сони умумий ҳисобда 8,3 дан қарийб 10 фоизга ошган.

Тошкент вилоятидан иш излаб келган эр-хотин Воҳидовлар ( фамилия ўзгартирилган.-таҳр.) Москва шаҳрида айни қаллоблик ўлжасига айланган муҳожирлардан:

- Ўтган йил баҳорда Россияга ишлагани келгандик. Москвада кўчада бепул тарқатиладиган “Работа” газетасидан эр-хотинга иш борлигини, ойлиги катта эканини ўқиб қолдим. Кўрсатилган телефон орқали уланиб, эр-хотин хизматкор кераклигини аниқладим. Мен билан шартнома имзолашди, биринчи ойлигимизнинг муайян фоизи миқдорида бу агентликка пул ўтказишимизни айтди. Подвалда жойлашган ташкилоти ходими биз билан бориб “иш жойимизни” кўрсатди, ҳатто ётоқхонамизга олиб борди. Хуллас, аввалига 20 минг, кейин қарз олиб яна 10 минг олиб бориб бердим, деди Озодлик билан суҳбатда оила бошлиғи.

Тайинланган куни бу фирмага нарсаларини кўтариб борган Воҳидовлар, унинг аллақачон ғойиб бўлгани, ҳатто ётоқхонадагиларнинг бундай фирма борлигини билмаслигидан хабар топган..

Муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи москвалик адвокат Тимофей Широков Озодлик билан суҳбатда охирги пайтларда квартира ва иш билан таъминлашни ўз бўйнига олиб, “кидать” қилиб кетаётган фирибгарлар кўпайиб бораётганини айтади.

"Хизмат ҳақи" олингани тўғрисида квитанция
"Хизмат ҳақи" олингани тўғрисида квитанция

У бу ташкилотлардан айримлари ўз ўлжасидан оддий СМС ёки қўнғироқ орқали маблағ ундирса, яна бошқаси у ёки бу мутахассисликка “аввал ўқитамиз” баҳонасида олинадиган ҳақ эвазига тирикчилик қилишини билдирди:

- Бундай ёлғончи фирмалар тури жуда кўп. Булардан энг тарқалгани – “ишга жойлаштирамиз” баҳонасида шаҳарга келаётган муҳожирлардан пул олаётган "уддабуронлар". Улар аввалига арзимаган хизмат ҳақи сўрашади, катта маош ваъдасини беради. Ким улар билан 500 рубль ёки 1000 рубль учун судлашади, полицияга мурожаат қилади, деб ўйлайсиз?! Кўп ҳолларда бундай ташкилотларни айнан шу полиция ходимларининг ўзи ҳимоя қилади!

Ишга жойлашишда фирибгар фирмани аниқлашнинг энг яхши йўли -катта маош ва ажойиб шароитлари бор ишга жойлашиш учун ҳатто бир тийин сўраган агентликдан узоқ туринг. Кўпинча бундай ташкилотлар Интернетда фаол бўлади, деди ўзини ҳурмат қилган корхоналар ишга олиш учун пул сўрамаслигини билдирган ҳуқуқ ҳимоячиси Тимофей Широков.

Фирибгарлар таклиф этган шартнома
Фирибгарлар таклиф этган шартнома

Мутахассис¸ кўпчилик муҳожир ўқимасдан имзолаётган шартномаларда пул “маълумот бериш учун” олингани ëзиб қўйилгани, яъни ҳеч қайси судда улар айбини исботлашнинг иложи йўқлигини айтади.

Мутахассис фикрича қаллоблик билан шуғулланаётган ташкилот:

  1. Бирор мутахассислиги йўқ одамга жуда катта маош бериладиган иш таклиф этади;
  2. Телефон орқали иш масаласида қўшимча маълумот берилмаслигини айтиб, “шахсий учрашув”га чақиради;
  3. Ишга жойлаштиришда олдиндан пул талаб қилади;
  4. Ишга жойлаш учун бирор жиҳоз, хом-ашё, тиббий маълумотнома ёки ўқиш курсларига қатнашишни талаб қилади;
  5. Ҳужжат нусхаларини дарҳол талаб қилиб олади;
  6. Шубҳали жойларда жойлашган бўлиб, одатда хоналари жиҳозланмаган бўлади;
  7. Жуда кўп вақт оладиган тест синовларидан ўтишни талаб қилади.

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда қайд этилаётган ҳар ўнинчи жиноят қаллоблик ва товламачилик билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG