Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Петербургда террорчиликда гумон қилиниб, яна икки қирғизистонлик қўлга олинди


Айжигит Айтматов суд залида (ФОТО - Санкт-Петербург шаҳри Октябрский туман суди)
Айжигит Айтматов суд залида (ФОТО - Санкт-Петербург шаҳри Октябрский туман суди)

Петербург суди террорчиликка алоқадорликда гумон қилиб, яна икки нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожирини қўлга олди. Шундай қилиб, Санкт-Петербург метросида 3 апрел куни амалга оширилган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, шу пайтгача ҳибс этилганлар 10 нафарга етди ва улардан 3 нафари Ўзбекистон ватандоши экани айтилмоқда.

Ўтган шанба, 15 апрел куни Петербургнинг Октябр туман суди қарори билан яна икки нафар шахс террор ташкилотларига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Санкт-Петербург шаҳар суди матбуот котибаси Дарья Лебедеванинг Озодликка берган маълумотига кўра, улардан бири шу йилнинг 4 июнигача, иккинчиси – 13 июнгача, тергов муддати тугагунига қадар, ҳибсда қолади.

- Абдураимов Обид Қирғизистон ССР, Ўш шаҳрида туғилгани, Айтматов Айжигит Қирғизистон ССР (мамлакатнинг тилга олинганлар туғилган пайтдаги номи - таҳр.) нинг Қизилқия шаҳрида туғилганини маълум қилишим мумкин. Айтматов шу йилнинг 6 апрелида ҳибс этилганлар жиноий иши юзасидан жавобгарликка тортилди. Абдураимов эса даъват ва ёллаш билан боғлиқ бошқа жиноий иш асосида ҳибсга олинди. Абдураимов Обид 2017 йилнинг 13 июнигача, Айтматов Айжигит – 4 июнгача қамоқда қолади, деди Дарья Лебедева.

Лебедева хоним бу йигитлар ҳозирда Россия ватандошлигига эга бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги Озодлик тахминларини на тасдиқлай олиши ва на инкор эта олишини билдирди.

Озодлик ўз манбаларидан олган ахборотга кўра, 1985 йилда туғилган, бир нафар фарзанднинг отаси Айжигит Айтматов Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205,1- моддаси 1- қисми ("террорчилик ҳаракати содир этишга тайёргарлик кўриш") асосида жиноий жавобгарликка тортилган.

Айбланувчи Обид Абдураимов суд залида
Айбланувчи Обид Абдураимов суд залида

1978 йилда туғилган ўшлик Обид Абдураимов эса Россия ФСБси томонидан “Сурияга жиҳодга ёллаганликда” гумон қилинмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги жавобгарликка тортилган бу шахслар ҳақида маълумот йиғиш давом этаётгани ва ортиқча маълумот бера олмаслигини билдирди.

Шу тариқа, 2017 йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербургда содир этилган террорчилик акти ортидан қўлга олинган гумонланувчилар сони 10 кишига етгани хабар қилинди. Шаҳарнинг Октябр туман суди расмий сайтида 6 апрел куни қўлга олинганлар ҳақида эълон қилинган маълумотга биноан, 4 июнгача суд қарори билан Ўзбекистон ватандоши бўлган Иноқов Феруз Сирожиддинович ва Муротов Жўрабек Ўктамовичлар;

Қирғизистон ватандошлари бўлган Мадраҳимов Баҳодир Баҳромович, Сатимбаев Шуҳрат Қудратиллаевич, Рустамов Отабек Сайипжонович, Рустамов Азизбек Сайипжонович, Ойбек уулу Исламбек ва Нурбаев Искандар Ирисбековичлар тергов изоляторига киритилган.

Бундан бир кун ўтиб, Москванинг Басманний туман суди 45 яшар ўзбекистонлик идиш ювувчи Шоҳиста Каримова ва 37 яшар тожикистонлик ошпаз Ортиқ Содиқовни Петербург портлашларига алоқадорликда айблаб қамоққа олгани тўғрисида хабар берилган эди.

Қизиғи, 6 апрел куни Петербург ва Москвада террорчиликка алоқаси борликда гумонланиб Россия Тергов қўмитаси келтираётган қўлга олинганлар рўйхатидаги фамилиялар Петербург суди келтираётгандан кескин фарқ қилади.

Россия Тергов қўмитаси вакиласи Светлана Петренконинг расмий видеохабарномасида петербурглик худкуш иши юзасидан Сайфулла Ҳакимов, Ибрагимжон Ёрматов, Дилмурод Муйдинов, Бахром Эргашев, Аъзамжон Маҳмудов, Маҳамадюсуф Мирзаалимов, Шоҳиста Каримова ва Содиқ Ортиқовлар жавобгарликка тортилгани айтилган эди.

Петербургда ушланганлар "Жабҳат ан-Нусра" ва "Ислом давлати" гуруҳларига алоқадорликда гумонланмоқда
Петербургда ушланганлар "Жабҳат ан-Нусра" ва "Ислом давлати" гуруҳларига алоқадорликда гумонланмоқда

Суд ва тергов идоралари ҳозирча бу тафовут масаласида бирор изоҳ берганича йўқ. Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси Твер шаҳрида ушланган ўзбек муҳожирлари исм-фамилияларини очиқлаганича йўқ.

Марказий осиёлик муҳожирлар 3 апрель куни Санкт-Петербург метроси вагонида амалга оширилган худкушлик ҳужуми оқибатида бошланиб кетган “зачистка”лар ва рейдлар пайтида ҳибсга олинди. Озодлик Россиянинг деярли барча минтақаларида “аксилтеррорчилик амалиётлари” ва рейдлар кучайтирилгани ҳақида маълумотлар олишни давом этмоқда.

Теракт натижасида 15 одам ўлгани¸ 50 дан ошиғи жароҳат олгани маълум.

Россия Тергов қўмитаси худкуш ҳужумчи деб келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Россия гражданлигига эга ўшлик Акбаржон Жалиловни эълон қилганди. Россия расмий идоралари Жалиловни 2015 йилдан бошлаб “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига хайрихоҳлар таъсирига тушганликда гумонланаётганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG