Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Петербурглик депутат: Россиядаги муҳожирлар тўлиқ назоратга олиниши лозим


Меҳнат муҳожирлари Россиядан автобусда қайтмоқда
Меҳнат муҳожирлари Россиядан автобусда қайтмоқда

Санкт-Петербург Қонунчилик Кенгаши аъзоси, "Единая Россия" партияси депутати Андрей Анохин МДҲ давлатларидан келаётган барча меҳнат муҳожирлари устидан назоратни кучайтирувчи тартибни жорий қилиш таклифи билан чиқди.

Санкт-Петербург Қонунчилик Кенгаши муҳокамасига "Единая Россия" вакиллари томонидан киритилган бу ташаббус маҳаллий парламент муҳокамасидан ўтса, Давлат Думасига тақдим этилиш ҳуқуқига эга бўлади.​

Андрей Анохин илгари сурган таклифга кўра, ​МДҲ давлатларидан келаётган меҳнат муҳожирларига Россияда аэропорт, давлат қурилиш иншоотлари, Олий ўқув юртлари, мактаб ва боғчаларда ишлашни тақиқлашлари мумкин.

Янги таклифга кўра, шунингдек​, мигрантлар Россия чегарасидан фақат ишчи виза билан ўта олади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, барча турар-жой хўжалиги бошқарувчиларидан квартираларда яшаётганлар тўғрисида тўлиқ маълумот берилиши талаб қилинади.

Петербург Қонунчилик Кенгашидан ташқари Россия парламенти, ФСБ, ИИВ, Тергов қўмитаси ва Бош прокуратурага ўрганиб чиқиш учун юборилган янги қоидаларда мигрантларга қатор соҳаларда ишлаш ва муайян ишларни бажариш қатъиян тақиқланади.

Жумладан, визасиз мамлакатлардан келаётган муҳожирларни йирик давлат қурилиш иншоотлари, масалан, 2018 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати стадионларини барпо этишга жалб қилмаслик, аэропорт, мактаб-боғча, олий ўқув юртлари, алоқа ва транспорт, атом энергетикаси ва ҳарбий саноат-комплекси, стратегик давлат корхоналари ва йирик шаҳарлар бошқарув узелларига яқинлатмаслик режалаштирилмоқда.

Озодлик билан эксклюзив суҳбатда петербурглик депутат Андрей Анохин мазкур янгиликка доир саволларга жавоб берди.

Петербурглик депутат Андрей Анохин
Петербурглик депутат Андрей Анохин

1 таклиф: Россияга – “приглашение” билан

Жаноб Анохин янги миграция сиёсати концепцияси асосан учта қонун ўзгартишидан иборат эканини билдирди.

- Биринчи таклиф этилган қонун лойиҳасида айтилишича, “таклиф” тушунчасини жорий қилиш даври келди. Визасиз мамлакатдан Россия чегарасини ишлаш учун кесиб ўтаётган хорижликдан “приглашение” – таклифнома талаб қилинади: уни қабул қилувчи томон бўлиши шарт қилиб белгиланади. Бундай таклифномаси йўқ муҳожирга чегарадан ўтишга рухсат берилмайди, - деди Андрей Анохин.

Бироқ у бу тартибни “виза режими” деб аташ ноўринлигини алоҳида таъкидлади.

- Агарда сиз Россияга томоша учун, шахсий ишларингиз билан,ўқишга келаётган бўлсангиз – марҳамат, муаммо бўлмайди. Бу фақат ишлаш учун келаётганларга тааллуқлидир. Бу нафақат МДҲ давлатлари, Россия билан визасиз режимда бўлган бошқа мамлакатларга ҳам тегишли бўлади. Чегарада улар албатта дактилоскопия амалиётидан ўтади, - деди Андрей Анохин.

Андрей Анохиннинг бу ташаббусига аллақачон журналистлар томонидан “визасиз назорат” номи берилгани маълум.

2 таклиф: Турар-жой ширкатлари квартирада яшаётганлар ҳақида маълумот йиғади

Таклиф этилаётган иккинчи лойиҳада квартираларда яшаётган хорижликлар ва улар сонига оид маълумот йиғиш маҳаллий турар-жой ширкатларига юкланади.

- Террорчиликка қарши иккинчи қонун лойиҳасига кўра, чет эллик шахсга ижарага квартира берилаётган ёки у бирор квартирага жойлаштирилаётган бўлса, бу ватандош тўғрисидаги тўлиқ маълумот ТСЖ – турар-жой ширкати бошқарувига топширилиши лозим. Бу маълумотда унинг кимлиги, қаердан экани, қайси муддатга Россияга келгани, қаерда ишлаши ва ҳоказо маълумотлар акс эттирилади, - деди депутат Анохин.

Бу қоида “Террорчиликка қарши кураш” қонунига киритилиши назарда тутилгани эътиборга молик. Парламент вакили шу тариқа Россияга, хусусан Санкт-Петербургга келаётган муҳожирлар тўлиқ назоратга олиниши ва “резинали квартиралар” сони камайишига олиб келишини билдирди.

3 таклиф: Мигрантлар стратегик иншоотлардан узоқлаштирилади

Андрей Анохин таклиф киритган учинчи қонун лойиҳаси муҳожирларни Россиянинг давлат муассасалари ва стратегик иншоотларидан узоқлаштиришга қаратилганини айтади.

- Россиянинг стратегик объектлари, давлат қурилиш иншоотлари, оммавий тадбирлар ҳамда мактабгача ва умумтаълим муассасаларида визасиз мамлакатлардан келган муҳожирларнинг меҳнат фаолиятини чеклаш. Бизда бугунги кунда ишчи кучи мобилизациясининг хуфий ва ноқонуний бозори вужудга келган. Ўзбекистон, Тожикистондан қарз олиб бу ерга келаётган одамлар одатда ўз ҳамюртлари тузоқларига тушиб, қулларга айланмоқда. Хориж тилидан имтиҳон, тиббий маълумотнома, патент олиш кўп ҳолларда расмиятчиликка айланиб қолган.

Амалда Россияда хориж меҳнат ресурслари устидан мутлақо назорат йўқ. Келаётганлар орасида радикал оқимлар вакиллари ҳам борлиги барчага аён. Иккинчидан, ўз юртида иш тополмаган одам бу ерда тийинга ҳам ишлашга мажбур бўлмоқда, демпинг натижасида эса маҳаллий гражданларимиз ишсиз қолмоқда, деди Андрей Анохин.

Депутатнинг таъкидлашича, сотиб олинаётган миграция қайдлари амалда сохта, чунки муҳожирларнинг бирортаси қайд жойи бўйича яшамайди.

Мақсад нима?

Депутат Анохин Озодлик билан суҳбатда юқорида зикр этилган мулоҳаза ва таклифлар қуйидаги натижаларга олиб келиши назарда тутилганини маълум қилди:

- Россия Федерациясига бўлган миграция чекловларида биринчи навбатда МДҲ давлатлари аъзолари ҳам манфаатдор. Масалан, Ўзбекистондан Россияга ишчи аҳолисининг оммавий кетиб қолиши маҳаллий иқтисодга салбий таъсир ўтказмоқда. Бу чора-тадбирлар, энг аввало, Россия давлат хавфсизлигини сақлаш учун жуда муҳимдир. Шу сабабли, бу чекловлар ҳатто бизнинг яқин иттифоқчиларимиз бўлган Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари гражданларига ҳам қаратилган. Эълон қилинмаган “террорчилик уруши” даврида жорий қилинган бу чораларимизни ҳамкорларимиз тўғри тушунади, деган умиддамиз, деди депутат Андрей Анохин.

Депутат Андрей Анохин билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:00 0:00
Бевосита линк

Аммо, Озодлик суҳбатлашган экспертлар депутат Андрей Анохин ўзгартишлари ҳаётга татбиқ этилиши мумкинлигига жиддий шубҳа билдирмоқда.

“Единая Россия” депутатларининг бу ташаббусига баҳо берган “Добрососедство” Халқаро алоқаларни ривожлантириш жамғармаси директори, Москва шаҳар Миграция департаменти қошидаги жамоатчилик кенгаши котиби Юрий Московский янги таклифларни “бемаънилик”, деб атади.

- Бундай ташаббуслар жамиятда мигрантофобияни оширишдан, одамлар орасида адоватни кучайтиришдан, Россия давлатини заифлаштиришдан бошқа нарсага олиб келмайди. Бундай таклифларни илгари суришдан олдин, уларнинг оқибатларини ҳам ҳисоблаб чиқишни ўрганиш керак. Сўзсиз, улар ҳаётга тадбиқ этилмайди, аммо катта шов-шув кўтариши турган гап. Уларнинг мантиғига кўра, террорчиликка қарши курашнинг энг маъқул усули – барча муҳожирларни Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб ташлаш! Ана шунда бизда мутлақо террорчилик йўқ бўлади! Ахир бизда Божхона Иттифоқи, Евросиё Иттифоқи, МДҲ, иқтисодиёт талаблари мавжуд... Тадбиркорлардан аввал сўралдими – улар бундай таклифларга розилик берармикан?! деди Юрий Московский.

Юрий Московский билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:38 0:00
Бевосита линк

Ҳозирга келиб ЕАЭС (Евросиё иқтисодий кенгаши) таркибига кирган Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон ватандошлари меҳнат ҳуқуқлари россияликлар билан тенглаштирилган. Қолган МДҲ давлатлари муҳожирлари ишлаш учун махсус рухсатнома – миграция патентини расмийлаштиришлари лозим.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий хабарига кўра, 2016 йил давомида Россияда патент расмийлаштирган Ўзбекистон ватандошлари сони 925 948 кишини ташкил этган. Яна бир неча юз минг муҳожир Россияда нолегал ҳолатда қолаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG