Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:37

Туркия Россиядан борган марказий осиёликларни назоратга олди


REUTERS/Murad Sezer
REUTERS/Murad Sezer

Россия ва Туркия махсус хизматлари Туркия ҳудудида бўлган россиялик ҳамда марказий осиёлик “Ислом давлати” жангари гуруҳи тарафдорларини топиш ва қўлга олишда ҳамкорлик қилмоқда. Жорий йилдан бошлаб, Туркияга дам олиш учун отланган Россия ватандошларининг баъзилари мамлакатга киритилмаслиги мумкин.

Гарчи, турк матбуотида туризм соҳасига зарар етмаслик ниятида бу масала унча кўтарилмаётган бўлса-да, турк чегарачилари Шимолий Кавказ ҳамда аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Марказий Осиё мамлакатларида туғилган Россия фуқароларини кучайтирилган тартибда текширмоқда.

Исроил ва хориж давлатлари полицияси ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириш билан шуғулланган собиқ полицияси Сергей Мигдалнинг айтишича, баъзи ҳолларда чегарачилар қаршисида йўловчининг иккиланиши,тер босиши, соқол қўйгани ёки асабийлаши уни тўхтатиш ва кейинчалик, уни мамлакатга киритмасликка етарли асос бўлиши мумкин.

Истанбулдаги Отатурк ахалқаро эропортининг Сибел исмли ишчиси турк чегара хизмати ходимлари Россия ҳамда Марказий Осиё давлатлари фуқароларига алоҳида эътибор қаратишини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, айниқса, ёлғиз ёки шериклари билан Туркияга кириб бораётган ёш эркаклар жиддий текширилмоқда ва чегарачилар бундай шахсларни четга тортиб, қўшимча саволлар бермоқда. Сибелга кўра, бундай кучайтирилган назорат тартиби 2016 йилда Отатурк аэропортида амалга оширилган террор ҳужумидан сўнг бошланган.

Сергей Мигдалнинг айтишича, хавфсизлик хизматининг паспорт назорати билан шуғулланувчи ходимлари шубҳали кўринган шахсларни четга олиб чиқиб, уларга ўз она тилларида савол бериши мумкин. Зарур бўлса, улар суҳбатни содда саволлардан бошлаб, мураккабларига ўтиши ва шу таҳлит бироз чўзиши мумкин. Бу орада турк чегарачилари, эндиликда яқин алоқа ўрнатилган Россиядаги ҳамкасблари билан боғланиб, бу давлатдан борган шубҳали қўловчи ҳақида керакли маълумотни олиши мумкин. Ҳатто, икки давлат махсус хизматлари, шубҳали шахсни йўлини тўсмасдан, уни кузатишда давом этиш бўйича қўшма амалиёт ҳам бошлаши мумкин, дея тахмин қилади Мигдал.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2016 йилнинг ноябрида Туркиянинг уч шаҳрида “Ислом давлати”га алоқадорликда гумонланиб, 25 нафар одам қўлга олинган, улар орасида 12 россиялик, икки озарбайжонлик, икки ўзбекистонлик ҳамда бир тожикистонлик бор эди. Бу айнан рус ва турк махсус хизматлари қўшма амалиёти бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди эксперт.

Мигдалнинг таъкидлашича, кейинги ойларда Россия ва Туркия махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик анча яхшиланган, аммо ишлаш методи икки давлат махсус хизматларида ҳам аввалгидек қолмоқда.

Яъни, диний эътиқоди ва ибодати бўлган шахсларга махсус хизматларнинг ўзи ИШИДга ёлловчи шахслар кўриниши келади ва уларга Сурияга кетиш ёхуд ўзи яшаб турган давлат ҳудудида террор акти уюштириш ғоясини беради. Маълум муддат ўтиб, гўёки ёлланган диндор шахс жиҳодчи ёки террорчига айланади. Аммо, агар улар махсус хизмат агентлари томонидан тарғибот қилинмаса, экстремист ёки террорчига айланармиди, деган савол туғилади, дейди Мигдал.

Экспертлар аввалига барча ҳукуматлар радикал қарашда бўлган шахсларнинг Туркия орқали Сурияга ўтиб кетишига кўз юмгани ёки хуфя агентлари ёрдамида диндорларни радикаллашиб, жиҳодга йўл олишига кўз юмгани, аслида - хатарли йўл бўлганини таъкидлайдилар.

Жумладан, Террорга қарши кураш масалалари бўйича туркиялик эксперт Аббуллоҳ Агар яқин-яқингача ҳам Туркия ҳукумати унинг ҳудуди орқали Сурияга йўл олаётган радикал кайфиятдаги гуруҳлар хатарини тўлиқ англаб етмади, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Туркия ва Сурия ўртасидаги чегара узунлиги 913 километр ва бу чегарани қўриқлаш жуда қийин. Аммо, Истанбулнинг Султонаҳмад мавзеидаги террор ҳужумидан сўнг ҳукумат бу хатарни англади ва террорга қарши халқаро курашга қўшилди, дейди Абдуллоҳ Агар.

Аммо, бу пайтга келиб Туркияда радикал-экстремистик руҳда бўлган муҳожирлар кўпайиб кетган ва натижада, Туркия махсус хизматлари радикал экстремизмга қарши ҳам чегара, ҳам мамлакат ичкарисида кураш бошлади.

Туркияда кейинги йилларда содир этилган энг йирик террор ҳужумларига келиб чиқиши Марказий Осиё ёки Кавказлик бўлган Россия фуқаролари алоқадор бўлиб чиқмоқда.

Жумладан, Истанбулдаги Отатурк аэропортида содир этилган, 45 одам ўлимига сабаб бўлган портлаш ортидан Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари қўлга олинди. Ўшанда Туркия президенти портлашларга доғистонликлар ҳам алоқадор эканини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Истанбулнинг тарихий марказидаги Султонаҳмад майдонида 2016 йилнинг январида содир бўлган портлашга алоқадорликда айбланиб ҳам Россиянинг уч фуқароси қўлга олинди.Улар аввалига “Ислом давлати” гуруҳига алоқадорликда айбланди, аммо кейинроқ қўйиб юборилди. Ниҳоят, жорий йилнинг илк кунида ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов Reina тунги клубида портлаш амалга оширди. Натижада 39 одам ҳалок бўлди.

ОАВ маълумотларига кўра, Туркияда 2011-2016 йиллар оралиғида қўлга олиниб, бадарға қилинган тақрибан уч минг хорижликнинг519 тасида Россия паспорти бўлган.

Мигдаль ва терроризмга қарши кураш бўйича турк мутахассиси Абдуллоҳ Агарнинг айтишича, эндиликда Туркия ва Россия махсус хизматлари бу хатарнинг ўз ҳудудида нақадар хатарли турли олганини тўлиқ англаб етди ва яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Гарчи, рус матбуоти Россиядагги аксил-террор амалиётларини муттасил ёритиб келаётган бўлса-да, турк матбуотида бундай хабарлар камёб, чунки Туркия ҳукумати Россиядан борадиган ва яқиндагина тикланган сайёҳлик оқимига зарар етказмасликка ҳаракат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG