Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Мирзиёев лицейга кириш имкониятларини 40% га қисқартирди


Жорий йил сентябридан Ўзбекистондаги мавжуд 144 та академик лицейдан 86 тасигина қолади. 54 та лицей касб-ҳунар коллежларига айлантирилади, 4 таси эса, тугатилади.

Бу ҳақдаги қарорни Президент Мирзиёев 14 мартда имзолади.

Тошкентдаги лицейлардан бири раҳбари Президент қарорига муносабат билдираркан, уни “ўз вақтида қабул қилинган қарор”, деб баҳолади. Бироқ “лицейларни коллежларга айлантириш ўқишга қатнамайдиган ёшларни кўпайтиришдан бошқа нарса эмас”, дейдиганлар ҳам бор.

Қ а р о р н и н г б а ъ з и м у ҳ и м н у қ т а л а р и

Нега тугатилаяпти?

Давлат раҳбарининг қарорига илова қилинган шарҳда айтилишича, 4 та лицейнинг ёпилишига уларнинг “моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермай қолгани” сабаб бўлган.

Нима учун лицейни коллеж қилишмоқчи?

Қарорга биноан 54 та академик лицей “олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашгани, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлгани учун” босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади.

Коллежга айлантирилаётган лицейлар ўқувчилари қандай диплом олади?

Бу савол жавоби қарорга илова қилинган шарҳда бундай берилган: “касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади”.

1- босқич ҳақида гап йўқ, чунки улар сентябрдан 2- босқичга ўтади.

Тугатилаётган лицейлар ўқувчилари қаерга боради?

Бу саволга на қарор матнидан, на унга илова қилинган шарҳдан конкрет жавоб топдик.

Қарорнинг мана бу бандини лицейлар ҳозир уларда ўқиётган талабалар ўқишни битирганидан сўнг тугатилади, деб тушуниш мумкин:

“моддий-техник ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали 1-иловага мувофиқ тўртта академик лицейни тугатиш, тугатилаётган академик лицейларнинг 1-босқичларига ўқувчиларни қабул қилишни 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тўхтатиш”га қарор қилингани айтилган айтилган Президент имзолаган ҳужжатда.

Лицей ўқитувчиси маош олишда олий ўқув юрти ўқитувчисига тенглаштирилади

“олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади”, дейилган қарор шарҳида.

Лицейдаги ўқув гуруҳи резина эмас

Қарорда лицейларда ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари “чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади”.

Мутахассиcлар нима деди?

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицей директори Шерзод Зуфаров Озодлик саволларига жавоб бераркан, Президент имзолаган қарорни “ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат”, деб баҳолади.

- Лицейнинг асосий мақсади ўқувчини олий таълим муассасига тайёрлашдир. Лицейлар сони қисқарар экан, уларга қабул қилинадиган болаларнинг билимига талаб янада ортади, энг иқтидорлилар танлаб олинади. Демак, лицейдаги ўқитиш сифати ҳам ошади. Шу пайтгача ҳам худди шундай талаб бор эди, албатта. Лекин, менимча, вазият ҳукумат томонидан танқидий кўз билан таҳлил қилинди. Президент қарорида айтилган чоралар амалга оширилгач, лицей битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари ошади.

Сирдарё вилоятидаги олий ўқув юртида 25 йилдан бери ишлаб келаётган ўқитувчи Президент қарорига скепсис билан ёндошди. Исми айтилмаслиги шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган домла, жумладан, бундай деди:

- Лицейларнинг коллежларга айлантирилишини нотўғри қарор, деб биламан. Чунки Ўзбекистонда ҳамма биладики, коллежларда давомат тушиб кетган, ўқитувчиларнинг ҳам савияси ҳаминқадар. Хўш, битирувчилари иш тополмаётган коллежларни яна кўпайтиришмоқчими? Аксинча, лицейларни кўпайтириш керак эди!

Лицейлар ва коллежлар ўқувчилари билимидаги фарқ сифатига оид саволга сирдарёлик ўқитувчи “Коллежнинг ўртача ўқувчисида талабнинг 30 фоизи миқдорида билим бўлса, лицей ўқувчисида бу кўрсаткич 60 фоиз”, деб жавоб берди.

Президент қарори ва қарорга шарҳдан яна бир неча рақам

Шу кунда Ўзбекистонда мавжуд 1411 та коллежда мактабларнинг 9-синфини битирган ёшлар касб-ҳунар ўрганади.

Бундан ташқари олий таълим муассасалари қошидаги 144 та академик лицейда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича билим берилади. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига кўра, мамлакат бўйлаб 9582 та 9 йиллик мактаб бор.

XS
SM
MD
LG