Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Мирзиёев вилоят битирувчиларини Тошкент коллежларида ўқишини тақиқлади


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни ўтказган шошилинч селектор мажлисида 9-синфни тугатган вилоятлардаги ўқувчиларни Тошкент шаҳридаги академик лицей ва коллежларга қабул қилишни тақиқлаш ҳақида топшириқ берди. Энди, ўқувчилар ўз вилоятида ёки танлаган мутахассислигига қараб фақат қўшни вилоятларда ўқиши мумкин, холос.

Ўзбекистон вилоятларидаги умумтаълим мактабларини битирган ўқувчилар учун Тошкент шаҳридаги лицей-коллежлар эшиги ёпилди.

Бу ҳақда 25-июнь куни ўтказилган селектор мажлисида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев фармойиш берган.

Озодлик Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Рўзиқуловнинг бу ҳақда халқ таълими бўлими мудирларига ва мактаб раҳбарларига ёзган мактубини қўлга киритди.

Халқ таълими бошқармаси мактуби
Халқ таълими бошқармаси мактуби

Унда ёзилишича, вилоятдаги 9-синф битирувчиларини ҳужжатларини Тошкент шаҳридаги лицей ва касб ҳунра коллежларига топшириш қатъиян ман қилинади.

Мактубга кўра, агар вилоятлардаги қайси халқ таълими бўлими ёки мактаб раҳбари ўқувчилар ҳужжатини Тошкентдаги ўқув даргоҳига топширган бўлса, унинг ишда қолиш ёки қолмаслик масаласи кўриб чиқилади ва Бош вазирнинг видеоселекторда берган топшириғига кўра, уларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонуний чора кўрилади.

Фарзандлари ҳужжатларини вилоятдаги лицей ва коллежларга топширишдан бош тортган ота-оналарга ҳам маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан чоралар кўрилиши мактубда ёзилган.

Бош вазир селектор йиғилишида вилоятлик битирувчиларнинг нима сабабдан Тошкентдаги лицей ва коллежларга ўқишга қабул қилинишига тақиқ қўйилгани сабабини изоҳламаган.

Фарғоналик коллеж ўқитувчиси Каримжон Тешаев, Бош вазир бу топшириғи билан Таълим тўғрисидаги қонуннинг бир неча бандини бузганлигини айтади:

“Бу қонуннинг очиқчасига бузилишидир. Биринчидан, Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга, дейилган. Сен у ерда ўқийсан, сен бу ерда ўқийсан дейилмаган. Иккинчидан, бу топшириқ Таълим тўғрисидаги қонуннинг 3 моддаси, 7 бандига зид. Бу бандда “давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги” айтилган. Ота-оналар таълим тўғрисидаги қонуннинг 34-моддасини бузганлиги учун Шавкат Мирзиёевни ота-оналар судга беришга юз фоиз ҳақлидир”, дейди Каримжон Тешаев.

Сирдарёлик ўқитувчи Абдуманноб Эгамовнинг айтишича, таълимни ҳеч қачон мажбурлаб бўлмайди:

“Менинг шахсий фикрим шундай. Сен у ерда ўқийсан, сен бу ерда ўқийсан деб мажбурлаб бўлмайди. Шу пайтгача Тошкент лицей-коллежлари аввал ўзларидан, кейин қишлоқлардан олиб тўлдирарди. Масалан, менинг ўғлим Тошкентдаги дипломатия лицейига бориб ўқийман деса, мен унга қаршилик қилолмайманку. Ёки бизнинг вилоятда юридик коллеж йўқку, бир қадам Тошкент турганда Самарқандга бориши керакми, энди? Менимча бу нотўғри қарор”, деди ўқитувчи.

Селектор йиғилишида қатнашган ўқитувчилардан бирининг айтишича, Бош вазир вилоятлардан ўқувчи қабул қилган пойтахтлик лицей-коллеж директорларини “хиёнаткор”га менгзаган:

“Бош вазир агар бирор болани вилоятдан ўқишга оладиган бўлса, уни “хиёнаткор” санаб, ишдан бўшатиш ҳақида топшириқ берди”, деди ўқитувчи.

Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган. Шунинг тўққиз йилини ўқувчилар умумтаълим мактабларида қолган уч йилини эса лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқийди.

Бироқ коллежларни тугатган ўқувчиларга Ўзбекистонда иш топиш муаммо ҳисобланади. Шунинг учун, уларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистон сингари МДҲ давлатларига меҳнат муҳожири бўлиб кетмоқдалар.

XS
SM
MD
LG