Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:39

WSJ: Швейцария прокурорлари Гулнора Каримовани Тошкентда сўроқ қилди


Ўзбекистон марҳум президентининг уй қамоғида сақланаëтган тўнғич қизи Гулнора Каримова коррупция бўйича Швейцария прокурорлари олиб бораëтган жиноий ишдаги айбланувчи сифатида Тошкентда сўроқ қилинди.

Бу ҳақда Wall Street Journal (WSJ) нашри Швейцария томонидан Каримовага тайинланган адвокат сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Бу хабар уч йил муқаддам жамоатчилик назаридан ғойиб бўлган Гулнора Каримованинг қаердалигига оид саволларга ойдинлик киритгандек бўлди.

Каримованинг Тошкентдаги ҳовлисида уй қамоғида ушлаб турилгани айтилса-да, шу кунгача бу борада ишончли маълумот йўқ эди.

Гулнора Каримова кўп юз миллион долларлик коррупция жанжалида гумонланувчи саналса-да, шу пайтгача бу борада очиқ маҳкама ўтказилгани маълум эмас.

Гулнора Каримованинг сентябрь ойида президент Ислом Каримов дафн маросимида қатнашмагани ҳам унинг қаердалиги ҳақида жавобсиз саволлар туғдирганди.

Wall Street Journal нашрининг ёзишича, 9 ва 10 декабрь кунлари Каримова хоним Ўзбекистон пойтахтида швейцариялик икки прокурор саволларига жами 23 соат давом этган учрашув пайтида жавоб берган. Газета мухбири билан суҳбатда Швейцария суди томонидан Гулнора Каримовага адвокат этиб тайинланган Gregoire Mangeat ўз мижози билан икки марта юзма-юз гаплашишга муваффақ бўлганини айтган.

“Унинг соғлиғи нисбатан дуруст эди, бироқ хавфсизлиги кафолатланган деб бўлмайди”, деган швейцариялик адвокат. Унга кўра, Г.Каримова Тошкентдаги ҳовлисининг бир қанотида истиқомат қилиб келаяпти. Унинг ташқи дунё билан, шу жумладан, болалари ва ўз адвокатлари билан ҳам алоқа қилиши тақиқланган.

Адвокат Gregoire Mangeat Швейцарияда чиқадиган Neue Zürcher Zeitung нашрига савол-жавоб пайтида Г.Каримова “жанговар кайфиятда бўлгани ва аввал берган баёнотларини тасдиқлашдан бош тортганини айтган. Швейцариялик адвокатга кўра, сўроқ пайтида унинг мижози икки марта йиғлаб ҳам олган.

Г.Каримова Швейцарияда ўзига оид иш мазмуни билан танишмагунича, бу борада ҳеч қанақа изоҳ бермаслигини урғулаган.Адвокат Mangeat ўз мижозига қарши бирон-бир тергов жараёни кетмаётганини, “у бирор жараён бўйича ҳеч бир ҳужжат кўрмаган”ини маълум қилган.

Швейцариялик адвокат Г.Каримова Ўзбекистон прокуратурасининг икки ходими ва ўзбекистонлик адвокатлар иштирокида сўроқ қилингани, бироқ улар бирор марта ҳам сўзга чиқмаганларини қўшимча қилган.

“Мен саволларимни беролмадим, ўзбек прокурорлари бир неча марта менинг сўроқ ишидан четлатилишимни талаб қилишди”, деган Gregoire Mangeat Neue Zürcher Zeitung нашрига.

Г.Каримова халқаро меъёрларга мувофиқ равишда сақланмаётганини таъкидлаган швейцариялик адвокат ўз мижози ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланишини сўраб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчи эканини ҳам қайд этган.

Швейцария прокуратурасининг Берндаги матбуот котиби Бош прокуратура идораси расмийларининг Ўзбекистонга сафар қилганини тасдиқлаган¸ бироқ бошқа тафсилотларни очиқламаганлар. Нашр ўзбек расмийларидан ҳам ҳафта охирида бу борада маълумот олишга муваффақ бўлолмаган.

Швейцария прокурорлари мамлакат банкларида музлатилган 800 миллион франк (793 миллион АҚШ доллари) Гулнора Каримованинг халқаро телеком ширкатлари билан гумон қилинаëтган коррупцион амалиëтларининг бир улуши эканини тахмин қилмоқда. Швейцария маҳкамаси томонидан Гулнора Каримовага ҳимоячиликка тайинланган Gregoire Mangeatning WSJ нашрига айтишича¸ ўз мижози бу айбловларгамаҳкама ҳужжатларини кўриб чиқиш имконига эга бўлиши билан жавоб беради.

Швейцария прокурорлари олиб бораëтган жиноий ишнинг Ҳолландия¸ Швеция ва Франция каби давлатларда ҳам бораëтган айни жараëнларга таъсири бўлишини эътироф этган адвокат¸ “аммо Гулнора Каримова сақланаëтган шароит унинг ўзини ҳимоя қилишини ниҳоятда мураккаблаштиради¸ ҳатто бу имконни йўққа чиқаради”¸ деган WSJ нашрига.

Айни пайтда¸ Швейцария прокурорларининг Г.Каримова билан учрашишига рухсат этилиши ўзбек расмийлари томонидан ўзгаришлар сари қўйилган қадам ўлароқ баҳоланмоқда. Президент Каримов тириклигида бу каби ҳамкорликка тўсқинлик қилиб келинганди.

Таҳлилчилар фикрича, бу ҳолат янги президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон шаънига доғ туширган ва кўп йиллардан бери чўзилиб келаётган бу можарога чек қўйиш истагини ифодалаётган бўлиши мумкин.

Gregoire Mangeat Ўзбекистон адлия тузумига деярли ишончи йўқлигини айта туриб¸ айни пайтда¸ “янги ўзбек президенти бу масалага глобал майдонда тинч йўл билан ечим топишига умид билдирди”.

Адвокатнинг ўз мижози баëнотига таяниб билдиришича¸ Гулнора Каримова Ўзбекистонда расмий процедуралар асосида жиноий жавобгарликка тортилмаган¸ деб ëзди халқаро майдондаги нуфузли WSJ нашри.

“Каримованинг швейцариялик адвокатга айтишича¸ 2015 йил августида ўзини суд ҳакамлари деб таништирган икки одам ҳамроҳлигида келган ўзбек прокурори¸ ошхона столи атрофида ўтириб¸ “маҳкама ҳукми” деб тақдим этилган қоғозни ўқиб эшиттирган.

Каримованинг айтишича¸ бу йиғин видеотасвирга олинган. Швейцариялик адвокат¸ судга пародияга ўхшаш бу воқеа ëзилган видеоëзув нусхасини олиш ва уни Швейцария ишига илова қилишга уринишини билдирди.

Каримованинг умумиятла¸ жасур ва курашчан руҳда эканини қайд этган ғарблик адвокат¸ болалари тилга олинганда¸ хусусан¸ қизининг ниҳоятда қаттиқ назорат остида бир неча марта ўзини кўришга келгани ҳақида гапирганида¸ йиғлаб юборганини айтади.

Унинг Ўзбекистондаги бор мол-мулки¸ кўчмас мулклари¸ кўплаб ширкатлардаги акциялари адлия қоидаларига мос бўлмаган тарзда мусодара қилинган¸ деб такрорлайди адвокат ўз мижози сўзларини.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG