Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Адвокат Райан: "Гулнора Каримова оч қолаяпти"


Гулнора Каримованинг Лондондаги матбуот вакили Локсли Райан Ўзбекистон президенти қизи уй қамоғида сақланаётгани, унинг саломатлиги ёмонлашгани ва тиббий хизмат кўрсатилмаётгани, ҳатто унга етарли овқат берилмаётганини айтмоқда. Озодликка берган интервьюсида жаноб Райан бир кун аввал эълон қилинган Гулнора Каримова бир гуруҳ куч ишлатар тизим ходимларининг қўпол муносабатига учраётгани тасвирланган расмлар саҳналаштирилганига доир иддаоларни инкор қилди, лекин расмлар муаллифи ким эканини изоҳлашдан бош тортди.

Лондонда жойлашган “Davidson Ryan Dore” консалтинг ширкати раҳбарларидан бири Локсли Райаннинг айтишича, сешанба куни эълон қилинган расмларда акс этган манзара бир неча ойдан бери уй қамоғида қолаётган Гулнора Каримова ҳар куни бошдан кечираётган қўпол муносабатнинг бир кўринишидир.

- Расмларда ҳар куни рўй берадиган ҳодиса акс этган. Қўриқчилар у ерда 24 соат давомида ҳозирдир. У, яъни Гулнора Каримова ҳар сафар, ҳаво олиш учун ёки овқат сўраб, ҳовлига чиққанида унга нисбатан ана шундай муносабат кўрсатилмоқда. Бу расмлар қачон ва қай вазиятда олинганини айта олмайман. Лекин улар бир неча ҳафта аввал олинганини айтишим мумкин. Расмларни олган одамни хавф остига қўймаслик учун бошқа тафсилотларни айта олмайман, дейди жаноб Райан Озодлик радиосига.

Гулнора Каримованинг матбуот вакилидан Ўзбекистон президентининг қизига қўпол муносабат қилаётган қўриқчиларнинг расм олаётган одам қўлидан фотоаппаратни тортиб олмагани, расмларни олишига рухсат бериб қўйганини шубҳали эмасми, деб сўрадик.

- (Расмларга доир шубҳаларга) жавобан бир нарсани айтишим мумкин, унинг юзига қараб, унинг қаттиқ стрес (босим) остида эмас, деб айта оласизми. Бир неча ой давомида мутлақ изоляцияда, ҳеч ким билан гаплаша олмаётгани, менимча расмлардан аниқ кўриниб турибди,- дейди жаноб Райан.

Гулнора Каримованинг февраль ойидан бери уй қамоғида қолаётганини иддао қилган жаноб Райаннинг айтишича, Ўзбекистон президенти қизининг дўстлари ва яқин қариндошлари “Davidson Ryan Dore” консалтинг фирмасини бундан уч ой аввал ёллаган.

Локсли Райаннинг яна иддао қилишича, Гулнора Каримова ва 15 яшар қизи Имоннинг саломатлиги ёмонлашган ва унга тиббий ёрдам кўрстилмаётир, ҳатто етарли овқат берилмаётир. Президент қизининг матбуот вакилидан, бу вазият унинг оиласи, хусусан, Ўзбекистон президенти ва биринчи оиласи ундан воз кечганини англатадими, дея сўрадик.

- Кўриб турганингиздек, у изоляцияда сақланмоқда. Ўтган сафар унга доир видео ва аудио ёзувлар эълон қилинганида, унинг эртасига уйдаги одамларнинг барчаси чиқариб юборилди. Ҳозир билишимизча, озиқ-овқат ҳам жуда кам ҳолларда берилмоқда. Унинг саломатлиги ёмонлашган, қизининг юрак хасталиги борлигини биласиз. Унга тиббий ёрдам тақдим қилиниши керак, лекин бундай бўлаётгани йўқ. Бунинг ортидаги сабаблар нимада эканини изоҳлай олмайман, дейди “Davidson Ryan Dore” консалтинг ширкати вакили Локсли Райан.

16 сентябрь куни Гулнора Каримова уй қамоғида, деган иддаоларга ишора қилувчи навбатдаги расмлар эълон қилинди.

Расмлардан яқин ўтмишда Ўзбекистоннинг энг қудратли аёли бўлган Гулнора Каримова бир гуруҳ ҳарбий кийимдаги эркакларнинг қаттиқ назорати остида қолаётганини тушуниш мумкин. Ўзини Каримованинг матбуот вакили, дея атаётган Локсли Райан тарқатган имейлда айтилишича, расмлар президент қизи уй қамоғида сақланаётган ҳовлида туширилган. Лекин расмлар санаси ва муаллифи матбуот котиби тарафидан аниқлаштирилмаган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи февраль ойидан бери уй қамоғида қолаётгани айтилади. Шу ой бошроғида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова устидан жиноят иши очилганини эълон қилди.

Бош прокуратура уни юзлаб миллиард сўм миқдоридаги пулларни ўмарган уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, дея атамоқда.

Бош прокуратура "уюшган жиноий гуруҳ" аъзоси Гулнора Каримовага нисбатан эҳтиёт чораси кўрилганми, йўқми очиқламади. Лекин президент қизининг ўзи уй қамоғида қолаётгани ҳақида хабарларни сиздириб келмоқда.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилиши Европанинг бир неча мамлакатида президент Каримовнинг қизи ва унинг жиноий шериклари, дея кўрилаётган шахсларга нисбатан тергов давом этаётган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унга яқин бўлган Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Швеция, Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳолландияда пул ювиш, коррупция ва бошқа молиявий жиноятларда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG