Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:47

Ўзбекистон 18 кун ҳибсда сақланган қирғизистонликларни ватанига қайтарди


Унгартепа ва у билан боғлиқ вазият 18 кунлик кескинликка сабаб бўлди.
Унгартепа ва у билан боғлиқ вазият 18 кунлик кескинликка сабаб бўлди.

Ўзбекистон 9 сентябрга ўтар кечаси ўзбек-қирғиз чегарасидаги Унгартепа ҳудудида қўлга олинган тўрт нафар қирғизистонликни ҳибсдан озод қилди. Қирғиз ватандошлари Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тергов изоляторида 18 кун ҳибсда сақланди. Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Жениш Жўрабековнинг айтишича, қирғиз ватандошлари ўз ватанларига етиб келган.

Ўзбекистон 8 сентябрь куни тунги соат 12ларга яқинлашганида Унгартепа ҳудудидан бундан 18 кун аввал ўзбек чегарасини ноқонуний бузганликда айбланиб ушлаб кетилган 4 нафар қирғизистонликни қирғиз чегарачилари қўлига топширди.

Озод қилинган 4 қирғизистонликдан бири Жениш Ташматов Озодлик радиоси қирғиз хизматига ўзбек милиционерлари уларни яхши шароитда сақлаганини айтди:

- Бизни ҳозиргина озод қилишди. Қўшни давлат билан бизнинг кучишлатар тузилмалари раҳбарлари муросага келиб, озод этилдик. Ҳаммамизнинг саломатлигимиз яхши. Ҳибсда ҳеч қандай қийинчиликларга дучор бўлмадик. Бизга яхши муносабатда бўлишди, яхши қарашди, -деди Жениш Ташматов.

Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Жениш Жўрўбековнинг айтишича, 8 сентябрь куни ўзбек ҳибсхонасида сақланаётган қирғизистонликларни озод қилиш бўйича музокаралар тунги соат ўнларда якунланган.

- Бугунги музокаралар 3га 3 форматида ўтди. Унда чегара хизматининг туман ва вилоят бўйича раҳбарлари ва ички ишлар бошқармаси раҳбарлари қатнашди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон ватандошларимизни озод қилди. Ўзбекистон томони тақдим этган ҳужжатларга таянсак, 4 нафар ватандошимизга “Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси билан жиноят иши очилган экан. Улар мазкур жиноят иши доирасида суд ҳукми билан жаримага тортилган, -деди Жениш Жўрўбеков.

Унга кўра, ўзбек милиционерлари қирғизистонликларни топшираётган пайтда Қирғизистон вакиллари ватандошларнинг қийноққа солинмаганини теширган.

- Уларнинг соғлиғи яхши. Баданларида калтаклаш ва қийноқ излари йўқ. Биз уларни қабул қилиб олиш жараёнида ҳар бирини текшириб, қийноқларга солинмаганини аниқладик. Ватандошларимиз ҳам шахсан ҳибсда ўзбек милиционерлари томонидан қийноқларга солинмаганларини тасдиқлашди. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларини ҳам олдик, -деди Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Жениш Жўрўбеков

Расмийнинг айтишича, Ўзбекистон томони қирғиз ватандошларни топшириш жараёнида Қирғизистонга ҳеч қандай шартларни қўймаган.

22 августь куни Унгартепа ҳудудига киритилган ўзбек милиция десанти бу ердаги радиореле станциясида ишлаётган 4 нафар қирғизистонликни қўлга олган ва уларни озод этиш учун Бишкекка бир қатор талабларни қўйган эди. Талаблар орасида 13 август куни Косонсой сув омбори ҳудудида Қирғизистон томонидан қўлга олинган ўзбек милиционерини озод этиш, Косонсой сув омбори атрофидан қирғиз милиционерлари ва чегарачилари постларини олиб ташлаш ҳам бор эди.

Қирғизистон 22 август куни Ўзбекистон талаби билан ўзбек милиционерини ҳибсдан озод қилган. Бироқ бошқа талабларни бажаришдан бош тортаётган эди.

Қирғизистон ҳукумати 22 августдан то 8 сентябргача қўлга олинган қирғиз ватандошларини озод қилиш юзасидан ўзбек расмийлари билан музокаралар олиб борди.

8 сентябрь куни Қирғизистон фахрий чекистлари ва амалдаги парламент депутатлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига бу масалада кўмак кўрсатиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 13 августда қирғиз кучишлатар тузилмалари ўзбекистонлик милиционерни Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблаб қўлга олганидан сўнг бошланган.

Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Шундан сўнг 22 август куни Ўзбекистон Унгартепага икки вертолётда милиция десантини киритган, улар тепаликдаги Қирғизистонга қарашли радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафарини қўлга олиб, Наманганга жўнатган эди.

Қирғизистон ҳукумати Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тўғрисидаги 20-сонли протокол 2006 йилда Тошкентда икки давлат расмийлари томонидан имзолангани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд эканига қарамай, бу ерни баҳсли ҳудуд деб ҳисоблайди. Ўзбекистон эса Унгартепа Наманган вилояти Чортоқ тумани таркибига кирган ер эканини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG