Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Ўзбекистон ҳибс қилган қирғизистонликлар олдига адвокатлар киритилмаяпти


Унгартепадаги Қирғизистонга қарашли радиореле станцияси.
Унгартепадаги Қирғизистонга қарашли радиореле станцияси.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган Унгартепа ҳудудида ўзбек милиционерлари томонидан қўлга олиниб, Намангандаги тергов изоляторида сақланаётган тўрт нафар Қирғизистон ватандошининг ишини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шахсан ўз назоратига олди. Лекин қирғиз ватандошлари олдига адвокатлар киритилмаяпти. Бу ҳақда 6 сентябрь куни қирғиз парламентида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Раззаков маълум қилди.

Қирғизистон парламентидаги “Ўнугуу-Прогресс” фракцияси Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган Унгартепа (Қирғизистонда Ункур Тоо деб аталади) масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилди.

Муҳокамада бош вазир ўринбосари Жениш Раззаков ва кучишлатар тузилмалар раҳбарларининг ўринбосарлари иштирок этди.

Маълумотларга қараганда, Жениш Раззаков муҳокама пайтида Ўзбекистон милиционерларининг Унгартепа ҳудудига киритилишини ноқонуний деб атаган.

“Бу ҳаракат ноқонунийдир. Бу ер юридик жиҳатдан келишилмаган ҳудуд ҳисобланади. Мазкур ҳудуд юзасидан имзоланган протоколда, бу ерга кучишлатар тузилмалар вакиллари киритилмаслиги кераклиги аниқ қайд этилган. Бу ердаги радиореле станциясида ишлаётган қирғиз ватандошларининг қўлга олиниши ҳам ноқонунийдир, улар чегарани бузган эмас. Бу масалада Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентга норозилик нотаси топширган”, деди бош вазир ўринбосари.

Муҳокамада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Унгартепа ва у ерда қўлга олинган қирғиз ватандошлари ишини шахсан ўзи назорат қилаётганини билдиргани ҳам маълум бўлган. Қирғиз расмийлари, шунга қарамай, қўлга олинган қирғиз ватандошлари олдига ўзбек томони адвокатларни киритмаётганидан норозилик билдирди.

Шунингдек, Бишкек расмийлари қирғиз депутатларига Унгартепадан қирғиз ватандошларининг Ўзбекистонга олиб кетилиши ва ҳибс қилиниши юзасидан Қирғизистон ички ишлар вазирлиги “одам ўғирлаш” моддаси бўйича жиноят иши очгани айтилди.

Қирғиз парламентида ёпиқ эшиклар ортида ўтган муҳокаманинг бошқа тафсилотлари ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Бир неча кун олдин Қирғизистон Чегара хизмати Унгартепа ҳудудида ўзбек милиционерлари сони кўпайтирилгани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаган эди.

Аввалроқ матбуотда Қирғизистонда Ункур-Тоо, деб аталадиган ҳудудга камида 25 нафар ўзбек милиционери киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ Қирғизистон Чегара хизмати Унгартепадаги ўзбек милиционерлари сони 20 кишидан ошмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон 22 август куни икки давлат ўртасида баҳсли экани айтилиб келинадиган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишидан иборат милиция десантини киритган эди.

Ўзбек милиционерлари Унгартепада жойлашган Қирғизистонга қарашли радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафарини Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний юрган шахс сифатида қамоққа олиб, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ички ишлар бўлимига юборган.

Қирғизистон расмийлари 22 августдан бери Ўзбекистондан Унгартепадан милиционерларни олиб чиқиб кетиш ва 4 нафар қирғиз ватандошини қайтаришни талаб қилиб келмоқда. Лекин Тошкент бу талабларни бажаришга шошилмаётир.

XS
SM
MD
LG