Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:37

МХХ хорижга кетганларнинг ота-оналари ва оила аъзоларини сазойи қилаяпти


МХХ, милиция, имомлар ва маҳалла фаолларидан иборат гуруҳ диний айбловлар билан қамалган ва шу айб билан қидирувда бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларини сазойи қилаяпти. МХХ бошчилигидаги ушбу гуруҳ оила аъзоларини бир жойга йиғиб, уларни ҳақоратлаш, шарманда қилиш орқали уларга фарзандлари учун “жазо” бераяпти. Шунингдек, уларга маҳалладан кўчириб юбориш таҳдиди қилиниб, маҳалла-куйга улар билан борди-келди қилмаслик тайинланаяпти.

МХХ бошчилигидаги йиғинлар

МХХ бошчилигидаги гуруҳ бутун Ўзбекистон бўйлаб ИШИДга қарши экани айтилаётган тадбирларни ўтказаяпти.

Асосан, жума кунлари ўтказилаётган ушбу тадбирлардан бири 11 март куни Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида бўлиб ўтди. Тафсилотлардан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, тадбирда Қашқадарё вилоят МХХси бошлиқлари иштирок этган.

Тадбирда Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Қамаши туманларининг имомлари, участка нозирлари ва маҳалла йиғинлари раислари қатнашган.

Шу тўртта тумандан диний айбловлар билан қамалган, шу айблов билан яқинда ҳибсга олинган ва ушбу айб билан қидирувга берилганларнинг қариндошлари участка нозири томонидан тадбирга олиб келинган.

Шунингдек, Озодлик манбасининг айтишича, узоқ муддат чет элда юрганларнинг ота-оналари ва хотинлари ҳам ушбу йиғинга келтирилган.

МХХнинг ушбу тадбирлари Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятида ўтказилгани Озодликка маълум.

Лекин жойлардан олинган маълумотларга кўра, бу тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаяпти.

Айрим жойларда хорижга кетганларнинг амма-холалари ва тоға-амакилари ҳам йиғинга чақиртирилаяпти.

МХХ гуруҳи ота-оналарни сазойи қилаяпти

МХХнинг ушбу тадбирларида қатнашганлардан Озодликка етиб келган маълумотларга кўра, йиғинга чақиртирилган ҳар-бир ота-она навбати билан сазойи қилинаяпти.

Жумладан, кеча Шаҳрисабзда ўтказилган тадбирда ҳам она-оналар бирма—бир ўрнидан турғазилиб, ҳақоратланган.

“Ҳар- бир кишини битта- битта ўрнидан турқазиб, сенинг ўғлинг хоин, сен хоиннинг онасисан, сен хоиннинг отасисан, сен хоиннинг хотинисан, сен хоиннинг қариндошисан деб ҳақорат қилишган. Сенларни маҳалладан бадарға қилиш керак. Буларнинг ҳаммасининг дарвозасига хоиннинг уйи деб ёзиб қўйинглар. Уларни тўйларга айтманглар, жанозага чақирманглар, улар билан олди- берди, борди- келди қилманглар, деган гапларни айтишган”, дейди тафсилотлардан яхши хабардор Озодлик манбаси.

Қариялар ҳақоратни кўтара олмаяпти

МХХ бошчилигидаги гуруҳнинг ҳақоратлари ва дашномларини ёши кекса айрим ота-оналар кўтара олмай қолган ҳолатлари кўп бўлаётгани айтилаяпти.

Жумладан, Андижонда ўтган шундай йиғинлардан бирида ёши кекса эркакни ҳақорат қилишгач, у инфаркт бўлиб қолган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбанинг айтишича, у ушбу эркакнинг жиянининг дўсти бўлади.

“Дўстим уйига қўнғироқ қилса, онаси йиғлаб гапириб берибди. Ота-онаси, холаси, тоғаси ҳаммасини чақиртирибди. Уларни камситиб, ҳақорат қилибди. Ўша жойда тоғаси инфаркт бўлиб қолибди. Уни тез тиббий ёрдам олиб кетибди”, дейди манба.

Ота-оналар матбуот орқали ҳам сазойи қилинмоқда

Маълум бўлишича, МХХ бошчилигидаги ушбу тадбирлар матбуотда ҳам кенг ёритилиб, телевидение ва газета-журналлар ҳам ота-оналарни бадном қилувчи мақолаларни бераяпти.

Жумладан, шундай мазмундаги кўрсатувлардан бири 11 март куни “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш қилинган.

Кўрсатувни томоша қилган, умуман МХХнинг ИШИДга қарши тадбирларини кузатиб келаётган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, бутун мамлакат бўйлаб ушбу тадбирлар кенг ўтказилмоқда:

- Кеча "Ўзбекистон" телеканалида худди шундай кўрсатувни беришди. Ота-оналарнинг ҳаммасини ўша ерда ёмонлаб, шармандасини чиқараяпти. Ҳаммаси йиғлаб ўтирибди. Булар пропаганда тадбирлари. Улар тўғридан-тўғри Ўзбекистондан чиқармагин болангни дея олмайди. Буларнинг мақсади менимча, ота-оналарни қўрқитиб, огоҳлантириб қўйиш. Энди вояга етган, ёши 40га борган фарзанди учун ота-она айбдор бўла олмайди қонун бўйича,- дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:14 0:00
Бевосита линк

Андижонда МХХ йиғини деб жума масжиди қолдирилди

Озодликка Андижондан йўлланган хабарда айтилишича, 11 март куни МХХ ўтказган йиғин сабаб Аммор ибн Ёсир масжидидаги жума намози қолдирилган.

“Андижон вилояти Андижон тумани марказида жойлашган Аммор ибн Ёсир жоме масжидида бугун жума ҳутбасини ўқийдиган ҳеч ким топилмади. Жума намози пайтида имом масжидда йўқ. Сабабини сўрасак, МХХ бошлиқлари мажлисга чақирганини айтишди”, дея манба масжидда одамлар имомни кутиб ўтиргани акс этган суратни Озодликка йўллади.

МХХ йиғинига маҳалла фаоли изоҳи

Шаҳрисабздаги маҳаллардан бирининг фаоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, МХХ бошчилигида ўтказилаётган тадбирлар орқали аҳоли ИШИД хавфидан огоҳлантирилмоқда:

“Бизни маҳаллада бир оиланинг ўғли неча йилдан буён уйига келмайди. Хотини, болалари бу ерда қолган. Ўзи ё Туркияда, ё Россияда юрибди. Оиласига пул юбориб туради. Лекин унинг нима иш қилиб юргани, пулни қаердан топиб, жўнатаётгани номаълум. Балки ўша террорчиларга қўшилиб кетгандир. Балки биз ҳозир индамасак, эртага ака-укалари, қўшни, қариндошларини ҳам ўзининг сафига қўшиб олар. Шунинг учун биз ҳозирда ота-оналарга огоҳ бўлинг деб қаттиқ-қаттиқ гапираяпмиз. Уларни уришсак, ўзининг фойдаси. Эртага боласи ИШИДга қўшилса, кейин додлаб ўтиради”, дейди маҳалла фаоли.

Ўтган йилнинг ёзидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ИШИДга қарши тарғибот тадбирлари бошланди.

МХХ йиғинларидан ташқари маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, ИШИД зўравонликлари, ваҳший қотилликлари ва унга қўшилиш оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Маҳалла оқсоқоллари, посбонлар ва фаоллар бунинг учун махсус тренингдан ҳам ўтказилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:58 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG