Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Маҳалла оқсоқоллари ИШИДга қарши тарғиботга жалб этилди


Ўзбекистонда маҳалла оқсоқоллари ва посбонлари ҳокимият органларининг ўнг қўлига айлангани айтилади
Ўзбекистонда маҳалла оқсоқоллари ва посбонлари ҳокимият органларининг ўнг қўлига айлангани айтилади

Ўзбекистонда маҳалла фаоллари “Исломий давлат”га қарши тарғиботга жалб этилди. Шу кунларда пойтахт Тошкент ва вилоятларда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари уйма-уй юриб, “Исломий давлат” каби террор ташкилотлари қўл ураётган зўравонликлар, ваҳший қотилликлар ва унга қўшилиш оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда. “Исломий давлат”га қарши тарғибот тадбирларида фарзандлари чет элга кетганларни ота-оналари сазойи қилиниши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ фуқаролар йиғини фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда маҳалла аҳлига Сурия ва Ироққа борган аёлларнинг қул қилиниши, эркакларнинг эса қатл қилиниши акс этган видеолавҳалар ҳам қўйиб берилаётганини айтди.

- Ўша резняларни компьютерда кўрсатяпмиз, ИШИДга қарши фильмлар бор, уларни ҳам қўйиб беряпмиз. Айниқса, чет элга чиқиб, узоқ қолиб кетганларни уйларига бориб, улар ота-оналарига айтаётган жойдами ё бошқа жойдами, улар билан гаплашиб туришибдими, нима қилишяпти, шулар ҳақида ҳам суҳбатлар олиб боряпмиз. Чунки, четга чиқиб, ИШИДга қўшилиб кетаётганлар бўляпти-да, - дейди исми сир қолишини истаган маҳалла фаоли.

Ўзбекистонда маҳалла оқсоқоллари, посбонлари ва фаоллари узоқ муддатга чет элга кетаётган фуқароларни турли оқимлар, хусусан, "Исломий давлат" таъсиридан сақлаш учун "Ғоямиз-ҳимоямиз!" номи остида тренингдан ўтказилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимов Озодлик билан суҳбатда бундай тадбирлар одамларни тўғри йўлга ундаш мақсадида ўтказилаётганини айтади.

- Биз шундай маҳалла йиғинларида одамларга айтамиз, “шундай замонда шукрона қилиб яшагин, бу йўлга кирма, бу кўча боши берк кўча, равон йўлдан юр", деб айтамиз. Давлат шунчалик шарт-шароит яратиб қўйибди. Одамлар осон пул топаман, деб шундай йўлга кириб кетяпти,- дейди Убайдулло Азимов.

Аммо, “Исломий давлат”га қарши тарғибот йиғинларида фарзандлари чет элга кетганларнинг ота-оналари сазойи қилиниши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи Адҳам ака ўзи яшайдиган маҳаллада бўлиб ўтган шундай воқеани гапириб берди:

- “Чет элга, шунақа ишларга кетиб қоляпти болларинг”, деб уларнинг ота-оналарига қаттиқ айтишяпти. Ҳамманинг олдида турғизиб айтишяпти. Яқинда шунақа хол бўлди. Биттасини турғизиб, “ўғлинг Сурияда, ИШИДга қўшилган”, деб камситишган. Кейин маълум бўлса, ўғли ҳеч қанақа ИШИДчи эмас, Россияда экан, тирикчилик қилиб юрган экан. Бунақа ҳолатлар жуда кўп бўляпти,- дейди Адҳам ака.

Озодлик билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги “Исломий давлат”га қарши маҳалла фаоллари олиб бораётган тарғибот самарасига ишонмасликларини айтишади.

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Илҳом ака ҳукумат ва маҳалла раислари Ўзбекистонда одамларнинг террорчи, жиноий тўдалар сафларига қўшилиб қолишига сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиши керак, деган фикрда.

- ИШИДга қарши қиммат-қиммат журналлар, дисклар чиқаришган. Уйма-уй юриб, шуларни тарқатишяпти. “Террорчиларга қўшилманг”, деяпти. Маҳалла фаоллари одамларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи билан шуғулланса бўлмайдими ундан кўра. Аслида чет-элга кетаётганлар уй жой, болаларини боқа олмасдан, шунга мажбур бўляптику, жиноятчи гуруҳларга қўшилиб қоляптику. Хотини айтади, “дадаси уй-жой қилинг, бола-чақаларимиз катта бўлиб қолди, эртага тўй қилишимиз керак”, дейди. Охири одам пулга учиб ҳар нарса қилишга бориб етади. Ўзбекистонда етмиш фоиз аҳолида газ таъминланмаган, электр ҳам қишда узиб қўйиляпти. Бу қамоқхонадан баттар ҳолат эмасми. Чақалоқлар музлаб қолиб, ўлган ҳолатлари бўлди. Жиноятчи қиёфасига одам ўз-ўзидан кирмайди. Улар ҳам одамга ўхшаб, оиласи яхши яшашини хоҳлайди. Маҳалла шуни яратиб берса бўлмайдими,- дейди Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Илҳом ака.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинларининг оқсоқоллари ва посбонлари турли йўналишлардаги тарғибот-ташвиқот кампаниялари, коммунал тўловларни йиғиш, оммавий ҳашар ёки тадбирларга аҳолини жалб қилиш, таълим муассасаларидаги болалар, ўсмирлар ва талабаларни назорат қилиш, айниқса, кейинги 2 йил ичида хорижга чиқаётган фуқароларни рўйхатга олиш, кузатиш, назорат қилиш ва бундай маълумотларни ИИВ, МХХ бўлимларига тақдим қилишда ҳокимият органларининг ўнг қўлига айлангани айтилади.

XS
SM
MD
LG