Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:58

Буғдойи тортиб олинган 27 фермер арз қилиб Оқсаройга борди


Ўзбекистонлик фермерлар ўзлари етиштирган буғдойдан ҳам бенасиб қолмоқда.
Ўзбекистонлик фермерлар ўзлари етиштирган буғдойдан ҳам бенасиб қолмоқда.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманилик 27 нафар фермер режадан ортган буғдойи зўравонлик билан тортиб олинаётганидан арз қилиб, 8 июль куни аввал Бош прокуратурага, ундан кейин Оқсаройга арз қилиб борди. Бир кун аввал туман милицияси бошлиғи ва вилоят ички ишлар бошқармасидан келган подполковник оққўрғонлик фермерларнинг режадан ортиб қолган буғдойни ўрдириб олиб, норозилик билдирган икки фермерни уриб, сўкиб, қамаб қўйгани айтилмоқда.

Фермерлар қамаб қўйилиб, буғдойи ўриб олинди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманининг “Азизбек” фермер хўжалиги раиси Азизбек Астрақулов 7 июль куни буғдойини ўраётган пайтда, милиция ходимлари томонидан калтакланган ва қамаб қўйилган.

Бўлиб ўтган бу воқеани ўз кўзи билан кўрган фермерлардан бирининг айтишича, Азизбек Астрақулов буғдой топшириш режасини бажарган бўлса-да, шартномага биноан унинг ўзига тегишли буғдойи зўравонлик билан ўрдириб олинган:

“Шартномага кўра фермер буғдой режасини бажарганидан сўнг, ортиқчаси унинг ўзига қолиши керак. Бу буғдойни фермернинг ўзи ва ишчилари бўлиб олади. 7 июль куни Азизбек буғдойини ўрдирди. Мен ҳам ўша ерда ҳашарда эдим. Тушгача Азизбек планни бажариб бўлди. Лекин Оққўрғон тумани милицияси бошлиғи Собир ака ва ўзини Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси коррупция бўлимининг бошлиғи Шуҳрат Йўлдошевман деб таништирган шахс қолган буғдойни ҳам ўришга мажбурлади. Азизбек қаршилик қилди. Лекин бошлиқларининг буйруғи билан участка нозири ва яна икки милиционер унинг қўлини қайириб, мошинага тиқиб олиб кетишди”, дейди фермер.

Фермернинг айтишича, норозилик билдиргани учун Азизбекнинг 63 яшар отасини ҳам милиция ходимлари ҳақорат қилишган:

“Милиция бошлиқлари фермернинг отасини ҳам сенсираб ҳақорат қилишди. Милиция ходимлари отахонни у ёқ-бу ёққа судраб анча сарсон қилишди”, дейди фермер.

Фермернинг айтишича, Азизбек Астрақулов 8 соат давомида участка нозири кабинетида ушлаб турилган. Фермернинг режадан ортган буғдойи ҳам ўриб олинганидан сўнг, у қўйиб юборилган.

Шу куннинг ўзида Азизбекнинг амакиси, “Жаҳонгир Агро” фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Астрақуловнинг ҳам режадан ортиқ буғдойи зўравонлик билан тортиб олинган:

“Шуҳрат акани ҳам милиция ходимлари қўлларини қайириб, мошинага тиқиб, олиб кетишди. Уни Оққўрғон тумани ички ишлар бўлимига қамаб қўйишди. Режадан ортган буғдойини ўриб олишганидан сўнг, қўйиб юборишди”, дейди исми сир қолишини сўраган фермер ишчиларидан бири.

Оққўрғон ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, подполковник Шуҳрат Йўлдошевнинг ғалла ўриш тадбирини назорат қилиш учун вилоят ички ишлар бошқармасидан вакил қилиб юборилганини тасдиқлади:

“Тўғри Шуҳрат Йўлдошев бизга уполномоченний қилиб юборилган. Лекин фермерларни ургани ёки қамагани тўғрисидаги гаплар ёлғон”, деди ички ишлар мулозими.

Оққўрғон тумани ҳокими Мамуржон Дадажоновнинг қўл телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.

Ёрдам сўраб Оқсаройга

Бу воқеадан бир кун ўтиб, 8 июль куни Оққўрғон туманилик 27 нафар фермер ҳокимият вакилларининг бедодлиги ва зўравонлигидан ҳимоя қилишни сўраб, Тошкент сари йўл олган.

Фермерлар аввал Ўзбекистон Бош прокуратурасига арз қилиб, уларнинг режадан ортган буғдойи зўравонлик билан тортиб олинаётгани ҳақида ариза топширган.

Бироқ, Бош прокуратура мулозимининг “арзингиз ўн кун давомида кўриб чиқилади” деган жавобидан сўнг, ўн кун ичида буғдойидан тамоман ажралиб қолишдан хавотир бўлган фермерлар, аризаларини қайтариб олиб, Ўзбекистон президенти Девонига боришган.

Девон мулозими фермерлар арзини тинглагандан сўнг, Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновга қўнғироқ қилган. Ҳоким фермерларни қабул қилишга ваъда берган.

Шундан сўнг 27 нафар фермер Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов билан учрашган.

Озодликка бу ҳақда гапириб берган арзчи фермерлардан бирининг айтишича, вилоят ҳокими ҳам уларнинг режадан ортиқ буғдойи тортиб олинмаслигига кафолат бермаган:

“Вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмонов бу йил ғалла режасининг бажарилиши республикада оғир аҳволда эканлиги ва ўзимизнинг тоғли вилоятларда буғдойни совуқ уриб кетганлиги учун режадан ортиғини захирага топширишни илтимос қилди. Қўшимча шартнома қилинглар, деди. Қўшимча топширган буғдойларингни режаси тўлмаган фермерлар бозор нархида сотиб олиб, пулини сизларга беради, ўзларинг суришиб кетаверасизлар, деди. Шунга ишониб, бор буғдойни ўриб топширдик, ўзимизга ҳозирча ҳеч нарса қолмади. Бу ёғи энди пешонадан. Ҳоким ваъдасини бажарса, қўшимча буғдойимиз учун бозор нархида пул оламиз”, дейди вилоят ҳокими билан учрашган фермерлардан бири.

Айни пайтда ҳукумат ҳар бир килограмм буғдойни 460 сўмдан сотиб оляпти, бозорда эса бир килограмм буғдойнинг нархи минг сўмдан ошиқ.

Зўравонлик

Ўзбекистон мустақилликка эришиши ортидан мамлакатдаги экин ерлар фермер хўжаликларига бўлиб берилган.

Ўзбекистонлик фермерлар давлатга буғдой ва пахта топшириш режаларини бажаришга мажбур. Режани бажаролмаган фермерлар ҳокимият, милиция ва прокуратура томонидан таъқиб қилинади.

Буғдой топшириш шартномасига кўра, давлат режасини бажарган фермер ортиб қолган буғдойни ўзига олиши ёки ишчиларига иш ҳақи сифатида бўлиб бериш ҳуқуқига эга.

Бироқ, Ўзбекистонда режани бажаролмаган фермерлар сабаб туман ёки вилоят буғдой режаси оқсаб қолаётган бўлса, режани бажарган фермерларнинг буғдойи зўравонлик билан тортиб олиниши ҳолатлари кўп кузатилади.

Зўравонлик қурбонлари

Давлат режасини бажаролмай, маҳаллий ҳокимлар, милиция ва прокуратура ходимлари томонидан тазйиққа учраб, ўз жонига қасд қилаётган фермерлар ҳақида Озодлик кўп хабар берган.

Бир ҳафта аввал Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйди. Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ўтган йилнинг 17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.

22 июнь куни эса Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик 44 яшар фермер Қурбонтой Усмонов дала шийпонида ўз жонига қасд қилди. Усмонов фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммолар боис ўзни осгани айтилди.

2013 йилнинг ноябрида Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 ёшли фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу фермер ҳам маҳаллий ҳокимият вакилларининг босимига чидай олмай, ўз жонига қасд қилган.

2013 йилнинг августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ҳам туман ҳокими томонидан калтаклангач, уйига келиб, ўз жонига қасд қилганди.

XS
SM
MD
LG