Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Санкт Петербургда гейни калтаклаган икки ўзбекистонлик уч йилга қамалди


Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар жинсий озчилик вакилларига нисбатан зўравонлик қўллаши ҳолатлари учраб туради
Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар жинсий озчилик вакилларига нисбатан зўравонлик қўллаши ҳолатлари учраб туради

Россиянинг Санкт Петербург шаҳар суди икки ўзбекистонлик гейни калтаклаб, тунаб кетганликда айбдор, деб топди. Маҳаллий нашрларнинг шаҳар прокуратурасига таяниб хабар қилишича, Наврузбек Ризаев ва Отабек Холбоев исмли Ўзбекистон фуқаролари уч йилданга қамоққа ҳукм қилинган.

Айтилишича, ўзбекистонлик йигитлар жабрланувчи билан жинсий озчиликларга доир танишув сайти орқали мулоқотга киришган. Маълум вақт ўтгач Ризаев ва Холбоев гей танишларига жинсий хизматлар таклиф қилган ва учрашув белгилашган.

Учрашувга келгач эса, айбланувчилар исми келтирилмаётган жабрланувчига ҳамла қилиб, пичоқ ва тўппонча билан қўрқитишган. Кейин уни калтаклашиб, қимматбаҳо нарсаларини олиб, воқеа жойидан қочиб кетишган.

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар жинсий озчилик вакилларига нисбатан зўравонлик қўллаши ҳолатлари учраб туради.

2013 йилда Россиянинг Новосибирск шаҳрида бир гуруҳ ўзбеклар бошқа бир ўзбекистонлик муҳожирни бесоқолбозликда айблаб, жазолагани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Бу “жазо акциясида” иштирок этганини айтган ўзбекистонликлардан бири Озодлик билан суҳбатда ўз ҳаракатларини "ўзбеклар шаънини ҳимоя қилиш" мақсади билан изоҳлаган эди.

Ўзбекистонда бесоқолбозлик қонун билан жазоланади. Россияда бевосита бесоқолбозлик учун жиноий жазо кўзда тутилмаган бўлса-да, бир неча йил аввал гомосексуализм тарғиботини тақиқлаш тўғрисида қонуннинг қабул қилиниши ортидан жинсий озчиликлар ҳуқуқларига доир вазият ёмонлашаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон бесоқолбозлик жиноят ҳисобланадиган 70дан ортиқ мамлакатнинг биридир. Бу мамлакатлар қаторига асосан демократия ва инсон ҳуқуқларига оид муаммолар мавжуд бўлган Африка ва Осиё мамлакатлари кириши ҳам эътиборга моликдир. Жумладан Судан, Мавритания ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда ўлим билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG