Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Россияда ўзбеклар ўзбек йигитини гейлиги учун таҳқирлади


Қўли орқасидан кишанлаб қўйилган гей йигитнинг юзига тўппонча ўқталади.
Қўли орқасидан кишанлаб қўйилган гей йигитнинг юзига тўппонча ўқталади.

Россиянинг Новосибирск шаҳрида бир гуруҳ ўзбеклар бошқа бир ўзбекистонлик муҳожирни бесоқолбозликда айблаб, жазолади. Бу ҳодиса тасвирланган видеони Озодликка WhatsApp орқали бесоқолбоз экани иддао қилинаётган 37 ёшли ўзбекистонлик устидан жазо акциясини амалга оширган йигитларнинг ўзлари юборди. Улардан бири Озодлик билан суҳбатда бу ишни "ўзбеклар шаънини ҳимоя қилиш" мақсадида қилишганини гапириб берди. Ўзбекистонда бесоқолбозлик қонун билан жазоланади. Россияда бевосита бесоқолбозлик учун жиноий жазо кўзда тутилмаган бўлса-да, яқинда гомосексуализм тарғиботини тақиқлаш тўғрисида қонуннинг қабул қилиниши жинсий озчиликлар ҳуқуқларига доир вазият ёмонлашаётгани кузатилмоқда.




Озодлик WhatsApp адресига юборилган видео, унинг муаллифларидан бирининг айтишича, 12 сентябр куни Новосибирск шаҳрида эрталаб соат 10-11лар атрофида олинган.

Унда бесоқолбоз эканига иқрор бўлган 37 ёшли ўзбекистонлик бир гуруҳ ўзбеклар тарафидан изза қилиниб, жазоланаётгани тасвирланган.

Видеода қип-ялонғоч ечинтириб қўйилган, юзлари калтакланиб, моматалоқ бўлган йигит бир неча ўзбек тарафидан тергов қилинади. Қўли орқасидан кишанлаб қўйилган йигитнинг юзига тўппонча ўқталади. Кўзларида қўрқув акс этган бу йигит ўзининг гей экани, бу иш билан бир ярим йилдан бери шуғулланаётганига иқрор бўлади ва ўзига ҳар қандай жазо берилишига рози эканини айтади. У шунингдек, тавба қилиб, ўзбек халқидан кечирим сўрайди. (Унинг исми ва Ўзбекистоннинг қайси минтақасидан эканини Озодлик таҳририяти очиқламасликни маъқул кўрди.)

Видео бир неча қисмдан иборат ва жазо акцияси бир неча жойда тасвирга туширилганидан узоқ вақт давом этганини англаш мумкин. Жазо давомида йигит бир неча марта калтакланади ва ўзининг орқасига шампан бутилкасини тиқишга мажбур қилинади.

Видеода давомида бесоқолбозликда айбланаётган йигитнинг кийим-кечаги ёқиб юборилади.

Бу видеони Озодликка WhatsApp тармоғи орқали ўзининг жазо акциясида қатнашганини айтган бир ўзбек йигити юборди. Озодлик бу йигит билан боғланиб, гаплашишга муваффақ бўлди.

Исмини ошкор қилишни исатамаган бу йигитнинг айтишича, бесоқолбоз, деб кўрилаётган 37 ёшли йигит, Интернет орқали ўзини гей деб таништирган одам билан танишган ва учрашувга келган пайтда бу ишни бир гуруҳ рус гомофоблари махсус уюштириб, уни тузоққа илинтиргани маълум бўлган. Шундан кейин руслар ўзбекларга қўнғироқ қилиб, "сизлардан биттасини ушладик, келиб олиб кетинглар", деб айтган.

Жазо акциясида қатнашганини айтган суҳбатдошимиз бу йигитни жазолашдан мақсад “ўзбеклар шаънини ҳимоя қилиш” эканини таъкидади.

Унинг айтишича, жазоланган йигит қип-яланғоч тарзда жазо акцияси амалга оширилган жойда ташлаб кетилган.

Суҳбатдошимиз, жазоланган йигит педофил эканини ҳам иддао қилади, лекин видеода жазоланувчи бу иддаони рад этади. Бундан ташқари, Озодлик билан суҳбатда, жазо иштирокчиси педофил деган иборанинг маъносини тушунмаганлиги, бу гапни руслардан эшитганини тан олди.

Унинг айтишича, ўзи ва шериклари бесоқолбоз ва педофил, деб кўрилаётган йигитни ўзбошимчалик билан суд қилишаётгани, бу Россияда қонунга кўра тақиқланганини яхши билишган.

Лекин, уларнинг фикрича, қонун бўйича бесоқолбозларга бериладиган жазо “ўта юмшоқ” бўлгани учун уни ўзлари жазолашга қарор қилишган.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, бесоқолбозлик уч йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади. Ўзбек жамиятида ҳам жинсий озчиликларга нисбатан тоқатсизлик борлиги маълум. Лекин Ўзбекистоннинг “Суд тўғрисида”га қонунига кўра, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.

Россияда ҳам одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши бу мамлакат конституциясида белгилаб қўйилган.

Россияда бевосита бесоқолбозлик жиноят ҳисобланмаса-да, яқинда гомосексуализмни тарғиб қилишни тақиқловчи қоунуннинг қабул қилиниши ортидан жинсий озчиликлар ҳуқуқларига оид вазият янада ёмонлашгани кузатилмоқда.

Москвада яшайдиган асли ўзбекистонлик Каримжон исмли 29 ёшли гей йигит Ўзбекистонда жинсий озчиликларга нисбатан тоқатсизлик ва таъқиблардан қочиб, бундан бир неча йил аввал Россияга келгани, лекин гейларга қарши қонун қабул қилинганидан бери вазият ўзгараётганини айтади.

- Мен беш йил олдин келган бўлсам бу ерга, Россия давлатига, 2008 йил, бу нарса йўқ эди, бунақа хавотир. Ўзбекистонда бор эди. Ҳозир ҳам бор Ўзбекистонда, лекин бу ерда ҳозир қонун қабул қилингандан кейин бизларга гейларга нисбатан бу нафрат кучайиб кетди. Бугунги кунга келиб, Россияда давлатида ўзимни хавфсиз деб ҳисобламайман. Мана бу қонун қабул қилингунга қадар хавфсизлик бор эди. Аммо лекин бугунга келиб бу хавфсизлик йўқ бўлиб кетди умуман.

Каримжон Новосибирскда рўй берган ҳодисани “ёввойилик”, дея атайди. Унинг айтишича, Москвада ўзбекистонлик гейлар кўп, лекин ўзбеклар зеҳниятида, қолаверса рус жамиятида ҳам ўзларига нисбатан салбий муносабат устунроқ бўлгани боис улар буни яширишга ҳаракат қилишади.

- Мен беш йил олдин келган бўлсам бу ерга, Россия давлатига, 2008 йил, бу нарса йўқ эди, бунақа хавотир. Ўзбекистонда бор эди. Ҳозир ҳам бор Ўзбекистонда, лекин бу ерда ҳозир қонун қабул қилингандан кейин бизларга гейларга нисбатан бу нафрат кучайиб кетди. Бугунги кунга келиб, Россияда давлатида ўзимни хавфсиз деб ҳисобламайман. Мана бу қонун қабул қилингунга қадар хавфсизлик бор эди. Аммо лекин бугунга келиб бу хавфсизлик йўқ бўлиб кетди умуман,- дейди Каримжон.

Жинсий озчиликларга нисбатан салбий муносабат фақатгина ўзбек жамиятига хос эмаслигини ҳам айтиш жоиз. Ўтган асрнинг 40-йилларидан бери бесоқолбозлик жиноят ҳисобланмайдиган ғарб мамлакатларида бугун ҳам гомофобия асосида жиноят ва зўравонликлар содир бўлиб туради. Лекин ғарб жамияти жинсий озчилик вакилларига умумиятла тоқатли ҳисобланади.

Ўзбекистон бесоқолбозлик жиноят ҳисобланадиган 70дан ортиқ мамлакатнинг биридир. Бу мамлакатлар қаторига асосан демократия ва инсон ҳуқуқларига оид муаммолар мавжуд бўлган Африка ва Осиё мамлакатлари кириши ҳам эътиборга моликдир. Жумладан Судан, Мавритания ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда ўлим билан жазоланади.
XS
SM
MD
LG