Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Фарзанди ўлимида милицияни айблаган Раъно Қўлдошева 3 йилга қамалди


Ҳуқуқ фаолларига кўра, самарқандлик Раъно Қўлдошева (ўнгда) уйдирилган жиноий иш қурбони бўлган.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, самарқандлик Раъно Қўлдошева (ўнгда) уйдирилган жиноий иш қурбони бўлган.

Февраль ойида ўғли милиция ходимлари томонидан ўлдирилганини иддао қилган ва шунинг ортидан маҳкамага тортилган самарқандлик Раъно Қўлдошева тартиб посбонларига туҳмат қилганликда айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева маълум қилди. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, бу хабарни унга бир неча кун аввал Раъно Қўлдошеванинг онаси етказган.

- Менга Раъно Қўлдошеванинг онаси телефон қилиб, Самарқандда суд бўлиб ўтганини, судда Раънони 3 йилга озодликдан маҳрум қилганларини, ҳозир у қамоқхонада эканини айтди, - деди Елена Урлаева.

Август ойидаги суҳбатимиз чоғида самарқандлик Раъно Қўлдошева баҳорда бир қатор нашрларда 16 яшар ўғли Улуғбек Аҳроров миршаблар томонидан ўлдирилганини, прокуратура эса бу иш юзасидан ҳеч бир чора кўрмаётганини иддао қилиб чиққанидан кейин унинг ўзига нисбатан жиноят иши уйдирилганини айтганди.

Қўлдошевага кўра, терговчилар унга бир эркакни юқори қаватдан пастга итариб юбориш орқали унга тан жароҳати етказганлик, туҳмат қилганлик, ёлғон маълумот етказганлик ва ноқонуний одам ёллаганликда айбланганлар.

Раъно Қўлдошеванинг ўзи ҳам, унинг адвокати ҳам, бу иш билан таниш бўлган ўзбекистон ҳуқуқ фаоллари ҳам мазкур иш бўйича айблов сохталаштирилганини айтгандилар.

Май ойида Озодликка интервью берган Раъно Қўлдошева шу йил январида ҳеч бир асоссиз равишда безори сифатида вояга етмаган болалар учун мўлжалланган махсус изоляторига олиб кетилган ўғли 12 февраль куни ҳибсхонада ўлгани, ҳужжатларда Улуғбекнинг ўлими бахтсиз ҳодиса ўлароқ расмийлаштирилганини айтганди. Тартиб посбонларининг “поезд босиб кетди” қабилидаги сўзларига ишонмаганини айтган Раъно Қўлдошева ўғли ўлдирилганини иддао қилиб, айбдорлар жазоланишини талаб қилганди.

Қўлдошеванинг айтишича, аслида бу кўргиликларнинг бошланишига ўзи яшайдиган уйда Зарина исмли аёл фоҳишахона очиб олганию Раънонинг бу борадаги шикояти участка нозири Фирдавс Сатторовга ёқмагани сабаб бўлган. Раънога ўчакишиб қолган Сатторов аёлнинг ўғли Улуғбекнинг махсус изоляторга олиб кетилишига эришган. Ўғлининг ўлимидан кейин бу иш текширилишини талаб қилиб, жамоатчиликка мурожаат қилган аёлга Фирдавс Сатторов дохил милиция ходимлари “ёзувчи” дея таъна қилиб, қамоқ билан таҳдид қилганлар.

Улуғбекнинг ўлимидан кейин 12 ёшли ногирон боласи билан қолган Раъно Қўлдошева бу сўзларни август ойида қилган суҳбатимизда кўзда ёш билан айтиб берганди.

- Биттагина болачам қолган. Наҳотки шунчалик давлатимиз бефарқ... Наҳотки ҳақиқат йўқ... Биласизми, мен чарчаган аёлман. Битта боламни йўқотиб бўлдим мен, - деганди Раъно Қўлдошева.

Бу суҳбатдан кейин ўтган бир ой давомида Самарқанддаги маҳкама қандай кечаётганини билиш учун Раъно Қўлдошевага тез-тез қўнғироқ қилиб турдик. Аммо бир неча кундан буён телефони ўчирилгани сабабли у билан боғланолмаётган эдик.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган маҳкамада Раъно Қўлдошева ва адвокати унга қўйилган айбловлардан иккитаси мутлақо асоссизлигини исботлаб беришга муваффақ бўлган, бироқ туҳматда айбланган аёлни суд 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

“Раънонинг оқланишига умид бор”

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева суд ҳукми эълон қилинганига қарамай, икки кун муқаддам Раъно Қўлдошеванинг оқланишига умид берадиган бир воқеа содир бўлганини айтади.

- Икки кун аввал Самарқанддан Тошкентга келган ва ўзини Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси тезкор ходими лейтенант Абдулло Комилов деб таништирган киши ҳозир бошқарма бошлиғи ўзгарганини, янги бошлиқ нима учун биз аввалги бошлиқ Раҳимов устидан шикоят қилганимиз билан қизиқаётганини айтди. У Раъно Қўлдошева таъқиб қилинганига оид маълумотларни тасдиқлаб беришимизни сўради. Тезкор ходим Раънонинг ўғлини ҳибсга олган ва кейинчалик унга қарши жиноий иш уюштирилишида иштирок этган Фирдавс Сатторов ҳозир шаҳар ички ишлар бошқармасига келмаётганини, милиция йиғинларида ҳам кўринмай қолганини айтди. Унга кўра, янги бошлиқ Баҳромов бундай ҳодисаларга бошқа йўл қўйилмаслигини, бундан буён милиция ходимлари адолат билан иш кўришини айтганмиш. Ҳозир Раънонинг онаси телефон қилиб қолар, деб кутиб ўтирибман, чунки уларнинг телефон рақамини билмайман. Раъно билан гаплашиб турганимиз телефон эса ўчиқ бўляпти, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Урлаева бу янгиликлар Раъно ва адвокатига етказилса, кейин у шикоят аризаси ёзса, бу иш адолатли ҳал бўлишига умид пайдо бўлганини қўшимча қилади.

Ҳуқуқ фаоли аввалроқ исмларини келтирган Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳозирча сўзлашишга муваффақ бўлолмадик.

Озодлик радиоси самарқандлик Раъно Қўлдошева тақдири билан боғлиқ воқеаларни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG