Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Раъно Қўлдошева: Ўғлимни мелиса калтаклаб ўлдирди


Самарқандлик Раъно Қўлдошева (ўнг) 16 ёшли ўғлининг шубҳали ўлими тергов қилинишини талаб этмоқда.
Самарқандлик Раъно Қўлдошева (ўнг) 16 ёшли ўғлининг шубҳали ўлими тергов қилинишини талаб этмоқда.

Самарқандлик Раъно Қўлдошева вояга етмаганлар учун мўлжалланган махсус изоляторга олиб кетилган 16 ёшли ўғлининг шубҳали ўлими тергов қилинишини талаб этмоқда. Самарқанд шаҳрининг Боғишамол маҳалласида яшовчи 43 ёшли Қўлдошева ўғлини изоляторда милиция ходимлари ўлдирганини иддао қилиб, сешанба куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянсига мурожаат қилди.

Самарқандлик Раъно Қўлдошеванинг айтишича, 2014 йилнинг бошида ўғли Улуғбек Аҳроровни милиция ходимлари ҳеч қандай асоссиз вояга етмаган болалар учун мўлжалланган махсус изоляторига безори сифатида расмийлаштиришган.

Изоляторга олиб кетилганидан бир ой ўтиб Улуғбекнинг жасадини онасига беришган.

Раъно Қўлдошева, Озодлик билан суҳбатда, ўғлини милиция ходимлари калтаклаб ўлдиришганини иддао қилади.

- Ўғлимни кўргани спецприёмникга борганимда милиция ходимлари уни мунтазам калтаклашини айтиб берар эди. 12 феврал куни эса ўғлимни ўлдиришди. Бир кун ўтиб, 13 февралда ўғлинг моргда, деб менга айтишяпти. Поезд босиб кетди, деб ҳужжат расмийлаштиришган. Поезд босиб кетса, танаси мажақланиб кетиши керак эди. Лекин жасадда калтак излари кўриниб турибдику. Боши ёрилган, оёқларида жароҳат излари. Уни калтаклаб, ўлдиришган. Кейин поезд босиб кетди, деб расмийлаштиришган,- дея иддао қилади Раъно Қўлдошева.

Самарқандлик бу аёл ўғлининг шубҳали вазиятда ўлгани юзасидан тергов ўтказилиши ва айбдорлар жазоланишини талаб қилмоқда.

- Мен бир она сифатида ўғлимни ўлдирганлар жазоланишини талаб қиламан,- дейди Қўлдошева.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийлари Улуғбек Аҳроровнинг ўлими бахтсиз ходиса бўлганини айтишмоқда.

Самарқанд шаҳар Боғишамол маҳалласи ҳудудий инспектори, милиция майори Фирдавс Сатторов, Озодлик билан суҳбатда, Раъно Қўлдошеванинг айтганларини “ғирт тухмат”, деб атади.

Самарқанд шаҳри Ички ишлар бошқармаси расмийлари Улуғбек Аҳроровнинг ўлими бахтсиз ходиса бўлганини айтишмоқда.
Самарқанд шаҳри Ички ишлар бошқармаси расмийлари Улуғбек Аҳроровнинг ўлими бахтсиз ходиса бўлганини айтишмоқда.

- Бу аёл болаларига қарамаган, уйида ногирон боласи ҳам бор. Уч кунлаб шу болаларини ташлаб кетаверганидан кейин қўни-қўшнилари шикоят қилди. Шундан сўнг ҳаммасини ҳужжатлаштириб, прокуратурага ариза топширдик. Прокурор бу аёлни умрбод оналикдан маҳрум қилди. 15 ёшли боласини инспекторларимиз унинг қўлидан оладилар. Вилоятдаги дестский приёмникга олиб кетдилар. Кейин (Сирдарё вилояти) Бахмалдаги спецприёмникка олиб бораётганида, йўлда бу бола ички ишлар ходимларига қаршилик қилиб, қочган, шу пайтда поезд келади, болани уриб юборади. Мана шунақа бўлган. Милиция уриб ўлдирди, дегани ҳаммаси ғирт бўхтон, ғирт тухмат. Бунинг ҳаммаси тергов қилинган, темир йўл ходимларининг беш-олтитасига хайфсан берилган бир-иккитасини ишдан бўшатишган,- дейди маҳалла милиционери.

Раъно Қўлдошева, Озодлик билан суҳбатда, ўзининг оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганини тасдиқлади, лекин бу қарор асоссиз равишда қабул қилинганини иддао қилди.

Самарқанд шаҳри Боғишамол маҳалласи фаоли Наим Ризаев Қўлдошевлар оиласини яхши билишини айтади.

- Бу Раънони эри қамалиб кетган. Боласи ўзи-ўзи билан эди. Боланинг онаси уйидан чиқиб кетар эди, ўзи маҳаллада дайдиб юрар эди. Кейин болани ундан тортиб олиб, спецприёмникга топширдилар. Спецприёмникдан олиб Сирдарёга олиб бораётганида қочган ва поезд уриб кетган. Милиция болани урган, деган гапга мен ишонмайман, бунақа бўлиши мумкин эмас,- дейди маҳалла фаоли.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева мазкур ҳолат қайта тергов қилинишини талаб қилиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожат қилганини айтади.

- 16 ёшли Улуғбекни милиция ходимлари спецприёмникга олиб кетяпти ва бир ой ўтиб унинг жасадини оиласига беряпти. Нима бўлишидан қатъий назар бунга болани онасидан тортиб олган Ички ишлар идоралари ходимлари масъул, чунки Улуғбек сақланган махсус изолятор Ички ишлар вазирлигига қарашлидир,- дейди Урлаева.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноққа солиниши систематик эканини айтишади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаевага кўра, самарқандлик Улуғбек Аҳроровнинг ўлими фаоллар эътиборини вояга етмаган болалар сақланадиган изоляторлардаги аҳолга қаратган.

Унинг айтишича улар Улуғбекнинг изолятордаги шубҳали ўлими юзасидан қайта тергов ўтказишни Ички ишлар вазирлигидан талаб қилмоқдалар.

Фаолларнинг мурожаатига эса ҳозирча Ички ишлар вазирлигидан жавоб бўлмаган.

XS
SM
MD
LG