Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:35

Ҳоким калтагидан сўнг фермерлар раиси ўзини осди


Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбаларининг хабарига кўра, у йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осган.


Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкатининг раиси Исмат Шодмонов июл ойи сўнгги кунларининг бирида ўз жонига қасд қилган.

Бу ҳақда хабар берган Узнюс.нет Интернет сайтининг фермерларнинг гапига таяниб ёзишича, Қўшработ тумани ҳокими Олимжон Алихўжаев ғалла ўрими мавсуми давомида ҳар куни мажлис ўтказиб, режани бажаролмаётган фермерларни ҳамманинг олдида ҳақоратлаб, калтаклаган:

“Исмат Шодмонов ҳокимдан ҳақоратлар эшитганидан сўнг, йигирма кунлар атрофида йиғилишларга қатнашмаган. Кейин уни милиция ушлаб мажлисга олиб келган. Ўша ерда туман ҳокими уни қаттиқ калтаклаган. Шу куни кечқурун уйига қайтгач, фермер ўзини осган”, деб ёзади Узнюс.нет сайти.

Исми сир қолишини сўраган қўшработлик ўқитувчилардан бири ҳам фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ўзини осганлигини тасдиқлади:

- Ўзи ҳам фермер экан. Ҳокимиятдаги йиғилишда планни бажармагансан деб ҳоким уни ҳақорат қилиб, калтаклаган экан. Агар планни бажармасанг қаматиб юбораман деб қўрқитган экан. Шундан кейин ўзини осиб юборибди,- деди ўқитувчи.

Қўшработ тумани ҳокимининг ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда, Исмат Шодмоновнинг ўлганлигини тасдиқлади, бироқ мулозим, унинг ўзини осганини рад қилди:

- Ҳоким ҳеч кимни мажлисда ургани ҳам, сўккани ҳам йўқ. У ўзи касал бўлган, ароқ ичган, шундан йўқ бўлган,- деди ҳоким ёрдамчиси.

Қўшработ тумани прокуратураси Озодлик билан суҳбатда, Исмат Шодмоновнинг ўлими юзасидан жиноят иши очилганини на тасдиқлади, на рад қилди.

Ўзбекистонда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимларининг маҳаллий ҳокимлар томонидан калтакланиши ҳолатлари кўп кузатилади.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.

Орадан бир ой ўтмасдан, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманининг Бўстон қишлоғида ўтказган йиғилишида фермерларни ва туман ер ресурслари кадастр бўлими мутахассисини калтаклаган эди.

2012 йилда Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

2011 йилнинг август ойида Жиззах вилоят Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилган эди.

2010 йилда қизириқлик фермерлар пахта режасини бажаролмаётганлиги учун прокурордан калтак еган эди.
XS
SM
MD
LG