Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Пахтада ўлган Шамсиддин иши ортидан туман прокурори ишдан кетди


Гулистон Давлат университетининг Физика-математика факультети 2-курсида таҳсил олган Шамсиддин Бобосаидов 2 октябрь куни вилоятнинг Оқ олтин туманидаги пахтазорда вафот этган.
Гулистон Давлат университетининг Физика-математика факультети 2-курсида таҳсил олган Шамсиддин Бобосаидов 2 октябрь куни вилоятнинг Оқ олтин туманидаги пахтазорда вафот этган.

Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси Бахтиёр Аҳмедов эгаллаб турган лавозимидан 1 декабрь куни четлатилгани бугун маълум бўлди. Унинг ўрнига шу пайтга қадар Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келган Баҳодир Ҳайдаров прокурор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақдаги хабар “Озодлик”ка маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари воситасида етиб келди.

Маълум бўлишича, Бахтиёр Аҳмедов шу йилнинг 2 октябрь куни тумандаги пахта даласида вафот этган Гулистон Давлат университетининг 2-курс талабаси Шамсиддин Бобосаидов иши бўйича лавозимидан олинган. Собиқ прокурорнинг кейинги тақдири борасида маълумотлар йўқ. Туман прокуратурасининг навбатчилик қисми “Озодлик” мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Аҳмедовнинг истеъфосини тасдиқлади, аммо унинг ўз аризаси билан ишдан кетганига урғу берди.

17 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Боёвут-3 посёлкаси, С. Айний маҳалласида истиқомат қилувчи Бобосаидовлар оиласи 19 яшар ўғли Шамсиддин Бобосаидовнинг пахтада уриб ўлдирилгани бўйича ишни кўраётган маҳаллий прокуратура ишидан ва тиббий экспертиза натижаларидан норози бўлиб, президент Ислом Каримов ва Бош прокурор Рашиджон Қодиров номига очиқ хат йўллаганди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Шамсиддиннинг яқинлари иддаосига кўра, маҳаллий органлар ишни ёпиш ҳаракатида бўлаяпти:

“Маҳаллий органлар ишни суст олиб бораяпти. Улар ҳеч қандай қотиллик бўлмаганлигини айтаяпти. Ҳеч кимни жавобгарликка тортмоқчи эмаслар. Ишни ёпти-ёпти қилишмоқчи. Биз тиббий экспертиза натижасидан ҳам норозимиз. Экспертиза “Судорога бўлган пайти қайд қилиш жараёнида тили тиқилиб, ўлган”, деган хулоса берди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ўғлимиз соғлом бола эди”, дейди Озодлик билан суҳбатда Шамсиддиннинг яқинларидан бири.

Шамсиддиннинг онаси Маҳбуба Шоёқубова имзоси билан “Эзгулик” жамияти томонидан тарқатилган очиқ хатда тиббий экспертизани Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика тиббий экспертиза маркази қайта ўтказиши ва ишни Бош прокуратурага топшириш сўралган:

“Қотилликни ўз кўзи билан кўрган талабаларни қўрқитиб, ёлғон кўргазма ёздириб олиб, қотилликни яширишга зўр бериб кураш олиб бораётган Оқ олтин туман прокуроридан жиноятни фош этишни кутишда ҳеч бир мантиқ йўқ?! Вилоят прокурори Я.Очилов ҳам жим?! Ўғлим Шамсидинни пахта даласида курсдошлари кўз ўнгида калаклаб ўлдирган қотиллар, жиноятни яшираётган мунофиқлар ҳалигача жазолангани йўқ. Шу боис мазкур қотиллик бўйича жиноят ишини Республика Бош прокуратурасига топширишингизни сўраймиз”, дейилган очиқ хатда.

Гулистон Давлат университетининг Физика-математика факультети 2-курсида таҳсил олган Шамсиддин Бобосаидов 2 октябрь куни вилоятнинг Оқ олтин туманидаги пахтазорда фожиали тарзда вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG