Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:09

Сирдарёда куйдирги юққан 9 бемор соғайди


Куйдирги ташҳиси қўйилган 9 одамга бу касаллик қорамол гўштидан юққани аниқланди.
Куйдирги ташҳиси қўйилган 9 одамга бу касаллик қорамол гўштидан юққани аниқланди.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида куйдирги (Сибирская язва) касаллигида гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган 35 одамнинг 9 нафарига касаллик юққани аниқланди. Ховос шифохонасидан олинган сўнгги маълумотга кўра, касалланган қорамол гўштидан заҳарланган тўққиз бемор ҳозирга келиб тўла соғайган.

Ховос туман юқумли касалликлар шифохонасидан 29 июль куни олинган маълумотга кўра, ўтган ойда куйдирги касали юққан деган тахмин билан шифохонага ётқизилган 35 одамдан 9 нафарига куйдирги ташҳиси қўйилган ва ҳозирга келиб уларнинг ҳаммаси соғайган.

"Жами 35 киши куйдиргида гумонланиб, шифхонага ётқизилди. Уларнинг тўққизтасида куйдирги аниқланди. Бу беморлар учун 22-форма тўлдирилиб, лаборатория текшируви ўтказилганидан сўнг 9 беморга қуйдирги ташҳиси қўйилди. Қолган 26 беморда куйдирги аниқланмади. Уларга заҳарланиш, жароҳатланиш графаси бўйича, "ифлосланган яра" ташҳиси қўйилди. Куйдирги юққан 9 бемор ва қолган 26 беморнинг ҳаммаси даволаниб, шифохонадан чиқарилди. Улар тўла соғайгач, уйларига рухсат берилди", деди Ховос шифохонасидаги манба.

Куйдирги юққан 9 бемор ва ушбу касалликда гумонланиб шифохонада даволаниб чиққан 26 кишининг барчаси Ховоснинг Ҳусниобод қишлоғидан.

Сирдарё вилоят санитария-эпидемология станциясидан олинган маълумотга кўра, 35 киши куйдирги билан касалланган қорамол гўштидан заҳарланиб, 24-25 июнь кунлари шифохонага тушган.

Ҳуснободдаги Озодлик манбасига кўра, 23 июнь куни куйдиргига чалинган қорамолни сўйиш жараёнида иштирок этган қассоб, унинг ёрдамчилари ва бу мол гўштини сотиб олган, яъни мол қони теккан жами 35 киши воқеа эртасига шифохона ётқизилган.

Ховос туманининг санитария-эпидемиология станциясидан олинган маълумотга кўра, куйдирги юққан мол гўштини истеъмол қилган кишиларда касаллик белгилари кузатилмаган.

Ховос туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, воқеадан сўнг тумандаги барча гўшт сотадиган дўконлар тўла назоратга олиниб, қорамоллар қатъий текширувдан ўтгачгина сўйишга рухсат берилмоқда.

Ўзбекистонда чорва моллари қони ва гўштидан заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Жорий йилнинг 26 июнидан бошлаб Самарқанд вилоятидаги Ургут туманининг Вағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилган эди. Ургутдан олинган сўнгги маълумотга кўра, саккиз кишида куйдирги касали аниқланмаган, ҳозирда беморлар соғайиб, шифохонадан чиққан.

Республика давлат санитария эпидемиология назорат марказидан олинган маълумотга кўра, жорий йилда Ховосдан бошқа жойда куйдирги касаллиги аниқланмаган. Марказнинг билдиришича, сўнгги олти ой давомида мамлакатдаги 14 миллион қорамол куйдирги касаллигига қарши эмланган.

2012 йилнинг июнида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида тўрт киши куйдирги ташхиси билан касалхонага ётқизилган эди. Бу беморлар ҳам мол сўяётганда касалликни юқтирган эди.

XS
SM
MD
LG