Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Ургутда касал қўй сўйган 8 одам касалхонага ётқизилди


Озодлик манбаларига кўра, қўйдан юққан касаллик оқибатида камида 8 одам госпитализация қилинган.
Озодлик манбаларига кўра, қўйдан юққан касаллик оқибатида камида 8 одам госпитализация қилинган.

26 июндан бошлаб Самарқанд вилоятининг Ургут тумани Вағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилди. Ургутдан олинган маълумотга кўра, ҳозирча беморларнинг касали аниқланмаган, лекин тўрт кишининг соғлиги яхшиланган.

Ўтган ой охирида Вағашти қишлоғида қўй ва эчкилар орасида касаллик тарқалган ва касал қўйлар ёқиб юборилган. Лекин қишлоқдаги бешта хонадон эгаси қўйларини ёқишга кўзи қиймай, уларни сўйиб, гўштини ейишган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган вағаштилик манбага кўра, касал қўйлар гўштини еганларга ҳеч нарса қилмаган, лекин қўйларни сўйган ва уларнинг калла-почасини тозалаган одамларнинг баданига яра тошиб кетган:

“Чўпонлар тоққа ўтлагани олиб чиқиб, тушган қўйлар орасида касаллик тарқалган. Уларнинг ҳаммаси ёқиб юборилди. Лекин иккита эчки ва учта қўйни сўйишган. Сўйиб гўштини барча оила аъзолари ейишган. Еганларга ҳеч нарса бўлмади. Қўйларни сўйган ва уларнинг калла-почасини тозалаган одамлар касал бўлди. Уларнинг баданини яра босиб, шишиб кетишган. Биринчи бўлиб 26 июнь куни бир эркак больницага ётди, уни ортидан келини ҳам больницага ётди”, деди манба.

Ургут туман соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбасига кўра, баданига яра тошган жами саккиз киши касалхонага ётқизилган:

“Беморларнинг аҳволи яхши. Ижобий ўзгаришга эга. Тўрттасининг аҳволи яхшилангани учун, улар шифохонадан чиқарилди. Уларга қўйни сўйган пайти, қанақадир инфекция кирган бўлса керак. Бу ҳақда хабар топгач, ҳаммаси дарров касалхонага ётқизилди”, деди манбамиз.

Унинг айтишича, қўй сўйиб, касалланган беморларга аниқ бир ташҳис қўйилмаган:

“Биз бир қанча инфекцион касалликларда гумонлангандик. Лекин бу касалликлар тасдиқланмади. Биз дарров текширув ўтказдик. Улар тўла назоратга олинган. Лекин хавфли жойи бўлмагач, тўрттасига жавоб берилган”, деди Ургут туман соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбаси.

Вағашти қишлоғида яшовчи манбага кўра, касал қўйлар воқеасидан сўнг қишлоқда маълум муддат карантин жорий қилинган:

“Қишлоқ врачлик амбулаториясидан докторлар, Ургутдаги докторлар, кейин Самарқанддан докторлар келди. 10та-10та бўлиб, уйма-уй юришди. Қўйларга укол қилишди. Уйларни дезинфекция қилишди. Касалланган уйлардаги одамларнинг ҳаммасига капсула, таблетка беришди”, деди вағаштилик манба.

Ҳозирча Вағашти қишлоғидаги қўйларнинг нимадан касаллангани ҳам номаълум.

2012 йилнинг кузида Жиззах ва Самарқандда юзлаб қўйлар вакцинадан касалланиб, қирилиб кетган эди. Ўша пайтда Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Жиззах вилояти Ветеренария бошқармаси мутасаддиси номаълум вакцина оқибатида "хавфли шиш" касаллиги тарқалгани, аммо бунинг инсон организмига жиддий зарари йўқлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG