Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Вакцинадан қўйи ўлганлар товон пулига умид қилмоқда


Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида хавфли вакцинадан касалланган қўйлар.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида хавфли вакцинадан касалланган қўйлар.

Жиззахда номаълум вакцинадан юзлаб қўйи қирилган фуқароларнинг товон пули сўраб, киритган даъво аризасини шаҳар прокуратураси текширмоқда.


280 қўйи қирилган Феруза Жонузоқова прокуратурадан жавоб кутмоқда

Сентябр ойида Ўзбекистоннинг 3 вилояти - Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида тарқалган номаълум вакцинадан юзлаб қўйи қирилган фуқаролар Жиззах шаҳар прокуратурасига товон пули сўраб, даъво аризасини киритди.

Жумладан, вакцинадан қирилган 280 қўйига товон пули ундиришга умид қилаётган жиззахлик Феруза Жонузоқова ўзи каби фуқароларнинг кўплигини айтмоқда.

- Мен Жиззах шаҳар прокуратурасига борган пайтимда кўплаб ариза топширганлар борлигини кўрдим. Лекин аризамизга ҳали жавоб берилгани йўқ. Бизнинг 300 қўйимиздан 20та қолди, холос, деди Феруза Жонқузоқова.

280 та қўй фақат Феруза Жонузоқованинг ўзига эмас унинг қариндош-уруғларига ҳам тегишлидир.

Жиззах вилоятида кейинги йилларда рўзғоридан ошган даромадини тўплаб, қўй харид қилиш ва шу орқали мол-мулкини кўпайтириш анаъаси кенгаймоқда.

Бунақа оилалар битта чўпон ёллайди ва чўпон бу қўйларини вилоятнинг яйловлар мавжуд туманларида боқади.

- Мен шунақа чўпонларга 500 талаб қўйини берган одамларни биламан. Ҳаммаси куйиб қолди. Ҳали бировнинг ҳаққи ундириб берилганини мен эшитмадим. Энди прокуратурадагилар айбдорлар ушланса, улардан ундириш мумкин товон пулини, деб оғзаки айтган. Лекин ҳали расмий жавоб бўлмади, дейди Феруза Жонузоқова.



Жиззахда вакцинани сотган аптекачилар ҳибсга олинган

Прокуратура жавобни чўзаётгани боис ушбу вакцинани сотган дорихонага даъво қилиб борган Жонузоқова дорихона эгаларининг ҳибсга олинганидан хабар топганини айтмоқда.

- Аптека МЧЖ (Масъулияти чекланган жамият — Таҳ.) экан. Ўшандан олинганда. Унинг эгалари аллақачон ҳибсга олинган. Кейин яна суриштирсак, бизнинг делолар Тошкентга жўнатилган экан ва у ердан ҳали жавоб келмаптимиш, дейди Феруза.

Шунингдек унинг яна аниқлашича, таркибида хавфли вирус бўлган вакцина вилоят дорихоналарида 25 августдан кейин пайдо бўлган.

- Ўша хусусий аптеканинг ёнидаги аптекаларнинг сотувчилари 25 августгача оспага қарши сотилган вакциналар ҳақиқий бўлган. Кейин эса муддатини узайтириб, контрабанда вакциналарни сотиш бошланган дейишди, дейди Феруза Жонузоқова.

Ҳозирча Феруза Жонузоқова каби ўлган қўйлари учун товон пули истаётганларнинг сўровларига бирор расмий жавоб бўлгани йўқ.

Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларини Жиззах шаҳар прокуратураси ва вилоят Ветеринария бошқармаси, Ўзбекистон Давлат Ветеренария бош бошқармалари жавобсиз қолдирди.

Аммо, вилоятлардаги бошқармалардан бирининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган ва ўзини таништирмаган расмийси қўйларнинг қирилиши учун масъулиятни қўй эгаларининг ўзига юклади.

Унга кўра, бу қўйлар одамларнинг хусусий мулки ва улар ўз ихтиёри билан қўйларини номаълум вакцина билан эмлаган. Бундан ташқари бу давлат мулозими бу жараён давлат ветеренария ташкилоти ходимлари иштирокисиз ўтганини таъкидлади.

У ҳам товон пули жиноятни содир этган шахслар аниқлангач, суд ҳукми асосида улардан ундирилиши мумкинлигини қўшимча қилди.



Қозоғистон расмийлари Ўзбекистон расмийлари иддаосини рад қилди

Ўзбекистон Давлат Ветеренария хизмати қўйларда учрайдиган чечак касаллигига қарши тавсия қилинган ва номаълум шароитда тайёрлангани айтилган вакцина сентябр ойида Қозоғистондан Ўзбекистонга кириб келганини иддао қилган эди.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон томони иддаосини инкор қилди.

“Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ветеринария қўмитаси қўйлар ўлимига сабаб бўлган "чечакка қарши вакцина” ҳақида Интернет орқали тарқалган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканини маълум қилади. Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат идоралари препарат контрабанда йўли орқали Қозоғистон ҳудудидан олиб келинганини тасдиқловчи фактларга эга эмас”, дейилади, жумладан, Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати сешанба куни чиқарган баёнотда.

Вазирлик қошидаги Ветеренария назорати қўмитаси мутахсассиларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Ветеренария хизмати назарда тутган номаълум вакцина Қозоғистон ҳудудида давлат реестридан ўтмагани ва бундай вакцина мамлакат ҳудудига киритилганига оид маълумот ҳеч бир назорат-текширув бўлимларида қайд этилмаганини айтди.

Бу мутахассис вакцина изларини унинг ампуласига номи битилган Россиядаги илмий-текшириш институтидан ва умуман, Россиядан қидириш лозимлигини тавсия қилди.

Аммо, ампуласидаги ёрлиққа номи ёзилган — Россиянинг Покров шаҳридаги Ветеринария илмий-текшириш институти раҳбари профессор Денис Колбасов эса Озодлик мухбири билан суҳбатда институт томонидан бундай вакцина Ўзбекистонга сотилмагани ва умуман, ишлаб чиқарилмаганини билдирган эди.



Сентябрда Ўзбекистонда 45 минг қўй вакцинада қирилди

Қўйларда учрайдиган чечак касаллигига қарши тавсия қилинган ва Ўзбекистон Давлат Ветеренария хизмати томонидан номаълум шароитда тайёрлангани айтилган вакцина сентябр ойида Ўзбекистонга кириб келгани айтилган эди.

Ўзбекистон Давлат Ветеренария хизмати вакцина таркибида Ауески (ҳайвонларда кескин ўтадиган, юқумли, соҳта қутуриш касаллиги-энц.) касаллиги вируси аниқланганини маълум қилган.

Ташкилот тарқатган расмий баёнотда Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида бу вакцина билан эмланган 45 минг бош қўй Ауески касаллигига чалингани ва ўлгани айтилган эди.

Давлат ветеринария хизмати ходимига асосланиб 12news.uz Интернет нашрининг хабар қилишича, август ойи охири ва сентябр ойи бошида Давлат ветеринария хизмати ва бошқа ташкилотлар мутахассислари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида 198 мингта вакцина Қозоғистондан контрабанда йўли билан олиб келингани аниқланган.

Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб келингани айтилган хавфли вакцинанинг қўшни Қирғизистонда ҳам сотилгани, хусусан, Ўзбекистонга чегарадош Жалолобод вилояти, Сузоқ туманида эмланган қўйларнинг ўлиш ҳоллари кузатилган.
XS
SM
MD
LG