Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Самарқандлик ўқувчилар металлолом йиғишга мажбурланмоқда


Самарқанд туман 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси мактабга металлолом олиб кетмоқда
Самарқанд туман 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси мактабга металлолом олиб кетмоқда
Ўзбекистон Президентининг металлолом жамғариш ҳақидаги фармойишини бажариш масъулияти яна мактаб-коллежлар ўқувчилари зиммасига тушмоқда. Мактаб ва коллежлар раҳбарияти йиғиб беролмаган металлолом учун нақд пул тўлашга мажбур этиляпти.

Озодлик тингловчиларидан бирининг WhatsApp орқали Озодликка юборган видеосида мактаб ўқувчиларининг металлолом топшириш жараёни акс этган.

Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирида бўлаётган бу жараёнда 10-12 ёшли болаларнинг оғир темир-терсакни судраб келаётгани ва темир-терсакларни зўрға кўтариб осма тарозига илаётгани тасвирланади.

Ўқувчилар йиғиб келган темир-терсак орасида автомбил ва тракторларнинг ишдан чиққан қисмлари, манзарали темир панжаралар, иситиш батареялари ва бошқа кўп нарсаларни бор.

Самарқандда болалар металлолом топширмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00


Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 3 апрелдаги "2013 йилда металлолом жамғариш баланси, қора металл прокатини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш тўғриси"даги 40/37-сонли фармойишига кўра, темир-терсак йиғиш мажбурияти барча ташкилотларга топширилган.

Бироқ, айни кунларда бу топшириқнинг асосий оғирлиги мактаб, коллеж-лицейлар ўқитувчи ва ўқувчилари зиммасига юклатилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқувчиларидан бирининг айтишича, агар ўқувчи металлолом топиб келолмаса, нақд пул тўлаши шарт:

- Мактабда ҳам шу аҳвол эди, коллежга ўқишга кириб ҳам бу балодан қутилмадик. Ҳозир кераксиз темирни топишнинг ўзи амри-маҳол. Тополмасак ойига икки минг сўмдан пул тўлаймиз, деди коллеж ўқувчиси.

Исми сир қолишини сўраган Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг директорига кўра, металлолом йиғиш топшириғи ҳокимиятдан келади:

- Бизлар бу йил олти тонна топширдик. Бизларга ҳокимиятдан буйруқ берган. Металл топиб келгин дейди. Етти тонна режа қўйган. Мен буни мактабга қандай алоқаси борлигини ҳеч тушунмайман. Бир неча бор шу ҳақда гапиргандим. Лекин, улар ўқувчи дарсдан кейин бекор юрмасин, металл йиғсин дейди, деди мактаб директори.

Самарқанд шаҳар ҳокимиятининг металлолом масаласи билан шуғулланувчи мулозими Анвар Холиқуловнинг иш телефони жавоб бермагани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Самарқандаги металлолом билан вазият Бухорода ҳам кузатилаётгани ҳақида гапиради бухоролик ўқитувчи Ғайбулла Бектошев. Ўқитувчининг айтишича, ўқувчилар зиммасига юклатилаётган бу топшириқдан на ўқувчига наф бўляпти ва на мактабга:

- Металлолом топиб беролмасак, ҳар тонна планга 400 минг сўмдан нақд пул тўлашимиз керак. Бу мажбурий, топширмасак чора кўрадилар. Бизда энди ортиқча пул йўқ, шунга ўқитувчиларга ва ўқувчиларга металлолом солиғи солинади. Амаллаб, йиғиб топширяпмиз. Мен 12 йилдан буён мактабда завуч бўлиб ишлайман. Бироқ, ҳали бирор марта ҳам топширган металлоломга пул берилганига гувоҳ бўлган эмасман, деди Ғайбулла Бектошев.

Ўзбекистонда металлолом йиғиш мажбурияти олий ўқув юрти талабларига ҳам юклатилмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь ойида пахтадан қайтган Жиззах Педагогика институти талабаларига энди темир-терсак “солиғи” солинган эди.

Июнь ойида эса Тошкентдаги барча коллеж ва лицейлардан қора, рангли металл ва қоғоз чиқиндилари топшириш мажбуриятини бажариш талаб қилинган эди.
XS
SM
MD
LG