Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Талабаларга яна "металл солиғи"солинди


Мактаб ўқувчиси мактабга металлолом олиб бормоқда
Мактаб ўқувчиси мактабга металлолом олиб бормоқда
Тошкентдаги барча коллеж ва лицейлардан қора, рангли металл ва қоғоз чиқиндилари топшириш мажбуриятини бажариш талаб қилинмоқда. Ўқиётган мутахассислигига темир-терсакнинг умуман алоқаси бўлмаган талабалар металл ва қоғоз чиқиндиси тополмай, унинг ўрнига пул йиғиб беришмоқда.

Успенский номидаги Тошкент Мусиқа лицейи ўқитувчиларидан қора метал чиқиндиси топшириш режасини бажариш учун 47 минг сўмдан пул йиғиб олинди.

Бу ҳақда хабар берган Узметроном Интернет газетасига кўра, Ўзбекистонда металлолом йиғиш мажбурияти халқ таълими соҳасидаги барча ташкилотларга юклатилган, бироқ, қора металл чиқиндисини топиш имконсиз бўлганлиги учун унинг ўрнига пул йиғиб берилмоқда.

Тошкент шаҳридаги Тиббиёт коллежида таҳсил олаётган Дилфузанинг айтишича, агар металлолом йиғиш бўйича берилган топшириқ бажарилмаса, улар пул йиғиб беришга мажбур:

- Битта группа обший 200 килограмм металлолом топширишимиз керак. Шаҳарда қаерда металлолом бор? Шунга ўқитувчиларимизга 3-4 минг сўмдан пул йиғиб бердик. Айтишдики, ўзлари сотиб олиб топширар экан, деди бўлажак тиб ҳамшираси.

Дилфузанинг айтишича, улар бир йилда икки марта металлолом учун пул йиғиб беришади.

Исми шарифини ошкор этмаслик шарти билан бу ҳақда Озодликка гапирган Тошкент шаҳридаги коллежлардан бири директор ўринбосарига кўра, қора, рангли метал ва қоғоз чиқиндиси йиғиш хусусида топшириқлар жуда кўп:

- Мана, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг, Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигининг, Тошкент шаҳар Ўрта махсус таълим бошқармасининг қора метал ва қоғоз чиқиндиларини топшириш бўйича махсус қарорлари қўлимда турибди. Бундан ташқари¸ Тошкент шаҳар Ўрта махсус таълим бошқармасининг рангли метал топшириш бўйича 2013 йил 25 январдаги қарори ҳам бор. Булар юқоридан келган буйруқлар, ўласан топширасан дегани, деди ўқитувчи.

Директор ўринбосарига кўра, қора метал, рангли метал, қоғоз чиқиндилари йиғиш режаси коллеж ва лицейлардаги ўқувчилар сонига қараб бўлиб берилади:

- Биз 20 тонна қора метал, 100 килограмм рангли метал ва яқин 3 тонна қоғоз чиқиндилари топширишимиз керак. Союз вақтида ҳам шундай эди, ҳозир ҳам қутулмадик. Мана кеча, туман ҳокимидан қўшимча топшириқ келди. Яна 100 кило рангли метал топширишимиз керак экан. Қора металнинг ўзи йўғу, цветнойини қаердан топамиз ҳозир. Айтсак, билмайман, ана темир бозордан сотиб оласан, дейди.

Бизни жуда қийнаб юборишди. Ҳар ҳафта шу гап: топ, топ, топ! Ахир бизда метал ишлаб чиқарадиган завод бўлмаса, Тошкентни гир айланиб ҳам битта кераксиз темир тополмасангиз, бу қанақа ахмоқона буйруқ, ҳайрон қоламиз.Топмасак бўйинга ҳайфсан илиб қўйишяпти, деди Тошкент шаҳридаги коллежлардан бирининг директор ўринбосари.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, қора метал чиқиндиларини йиғиб топшириш мажбурияти тиббиёт ходимлари, мактаблар, корхоналар ва фермер хўжаликлари зиммасига ҳам юклатилган.

Бироқ қора метал чиқиндилари деярли қолмагани боис, унинг ўрни пул билан приписка қилинаётгани айтилади. Бу приписка қилинаётган пуллар кимнинг чўнтагига бориб тушаяпти, бу энди Озодлик ўрганмоқчи бўлган бошқа мавзу бўлади.
XS
SM
MD
LG