Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:04

Ҳаж зиёратига чекловнинг Ўзбекистонга дахли йўқ


Қозоғистон Мусулмонлари идораси расмий сайтида бу йилги Ҳаж зиёратига борувчилар сафарини кейинги йилга қолдириш ҳақида Саудия Арабистонидан сўров келганини эълон қилди. Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги аслида Ҳарам масжиди таъмирланаётгани боис, ҳожилар сонини 20 фоизга қисқартириш зарурати туғилгани, аммо бу чекловларнинг Ўзбекистонга дахли йўқлигини билдирди.

Қозоғистон Мусулмонлари идораси расмий сайтида Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги бу йилги Ҳаж мавсуми учун қозоқ зиёратчилари сафарини тўхтатиб туришни сўрагани эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, Ҳарам масжидини кенгайтириш учун бораётган қурилиш ишлари боис Ҳаж вазирлиги бу йилги ҳожилар сонини қисқартиришга мажбур қолган.

Бу хабарда яна бундай чекловнинг кейинги ва ундан кейинги йилда ҳам амалда қолиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Бу хабар қисқа муддатда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди ва мусулмонлар қизиқишига сабаб бўлди.

Озодлик мухбирининг бу хабарга изоҳ сўраб қилган мурожаатини Қозоғистон Мусулмонлари идораси раҳбарияти жавобсиз қолдирди.

Қозоғистонлик ҳожиларни ҳаж зиёратига юбориш билан шуғулланаётган Олмаотадаги хусусий ширкатлардан бирининг раҳбари идора тарқатган хабарга ойдинлик киритди.

"Хикмет тревал" раҳбари Айдос Дүйсеновга кўра, Саудия Арабистонининг Қозоғистондаги элчихонасидан шу мазмунда хабар олинган ва унда бу йилги ҳожилар сонини 20 фоизга қисқартириш сўралган:

- Сафарни тўхтатиб туриш эмас, 20 фоизга қисқартириш ҳақида сўров бўлди. Бизга ўхшаган зиёратчиларни жўнатадиган фирмаларга ҳам 17 июн куни хабар келди. Биз ҳозир бу йил кетадиган зиёратчилар сонини 20 фоизга қисқартираяпмиз, деди "Хикмет тревал" раҳбари Айдос Дүйсенов.

Унинг айтишича¸ бу ширкат ҳар йили 600-650 нафар зиёратчини Ҳаж мавсумида Саудияга жўнатади.

Айдос Дуйсенов бу йилги сафар учун ҳозирланиб турган зиёратчиларга бу янгиликни етказиш бироз ноқулай бўлишини айтди:

- Энди зиёратчиларга кейинги йилга алмаштирсангиз, деяпмиз ҳозир. Лекин боришни истаётганлар кўп, деди Дуйсенов.

Қозоғистон бўйлаб ҳар йили Ҳаж сафарига 5500 нафар зиёратчи жўнатилади.

Аҳолиси сони 17 миллиондан ошган ва 70 фоиздан ошиқроғи мусулмон бўлган Қозоғистон учун аслида бир йилда 11 мингдан ортиқ зиёратчини Ҳажга жўнатиш имкони бор.

Саудий Ҳаж вазирлиги томонидан дунёнинг мусулмон давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон аҳоли учун бир кишидан тақсимланган квота белгиланган.

Аслида 11 минг кишилик квотасининг ярмидан фойдаланаётган бўлишига қарамай, Қозоғистондан ҳам ҳожилар сонини 20 фоизга қисқартириш сўралмоқда.

У ҳолда қарийб 30 минг кишилик квотага эга бўлган Ўзбекистон ҳам бу йилги ҳожилари сонини қисқартирмоқдами, деган савол билан биз Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига боғландик.

Диний идора раҳбари ўринбосари Абдулазиз Мансур Ўзбекистонга Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигидан бу борада ҳали бирор хабар келмаганини айтди.

Аммо, Россия Мусулмонлари диний бошқармасининг Осиё қисми бўйича муфтийси Нафигулла Аширов бу ҳақда Россияга хабар келгани ва бу давлатда ҳам ҳожиларни қисқартириш ишлари бошлаб юборилганини айтди:

- Аслида бу хабар бизнинг ўз номимизга келмади. Бу хабар Саудиянинг дунё давлатларидаги элчихоналари орқали бутун дунё мусулмонларига тарқатилди. Шу жумладан, россиялик мусулмонларга ҳам. Биз ҳозир қисқартирилган рўйхат тузиб бўлдик, ҳисоб. Яъни, ким эртароқ ҳужжатларини ҳозирлаган бўлса, улар борадиган бўлишди. Ўйланиб, кечикканлар эса янаги йилга боради, деди муфтий Нафигулла Аширов.

У ҳам ҳожилар сонини қисқартириш талаби Ҳарам масжидини кенгайтириш ишлари билан боғлиқ экани ҳақида гапирди:

- Гап шундаки, масжиднинг айрим қисми ҳозир кўчириб олинган. Шунинг учун, у ерга бу йил ўтган йилгидек миқдорда одам сиғиши мумкинмас. Шунинг учун ҳам ҳозир қисқартиришга уринишaяпти. Ўтган йили масалан, 2 ярим – 3 миллион ҳожи борган бўлса, бу йил шу миқдорни 20 фоизга қисқартиришга уринишaяпти, дейди Россия Мусулмонлари диний бошқармасининг Осиё қисми бўйича муфтийси Нафигулла Аширов.

Россия мусулмонлари Ҳаж вазирлиги томонидан белгиланган квотадан ҳар йили деярли тўлиқ фойдаланади.

Бу давлатда 20 миллионга яқин мусулмон бор ва диний бошқарма ҳар йили 20 минг атрофида зиёратчини Саудияга йўллайди.

Бу йил эса бу миқдор 20 фоизга қисқариши лозим.

Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мутасаддилари ҳожилар сонини қисқартиришга ҳаракат бораётганини тасдиқлар экан, бу жараённинг Ўзбекистонга дахли йўқлигини дарҳол эслатди.

Вазирлик мутасаддиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: “Ўзбекистон ўз квотасини тўлиқ ишлатмаяпти ва бу сўровноманинг уларга дахли йўқ”, деди.

Бу мутасаддидан олинган маълумотга кўра, чеклов йиллик квотасидан тўлиқ фойдаланётган давлатларга тегишли.

Қозоғистон мисолида эса бу расмийнинг айтишича, Ҳажга борувчиларнинг реал сони инобатга олинган ҳолда 5 500 лик квота белгиланган ва бу Қозоғистон Мусулмонлари идораси сўровига биноан белгиланган.

Ҳаж вазирлиги мутасаддисидан: “Қурилиш ишларини Ҳаж зиёрати мавсумида тўхтатиб туришнинг имкони йўқми?” деб сўрадик.

“Бу қурилиш йиллар давомида бўлаётган иш ва уни маълум муддат тўхтатиб туришнинг имкони йўқ. Сиз Масжид ул-Ҳарамдан олиб узатиладиган телевидениени кўрасизми? Унда аниқ кўрсатиляпти ҳаммаси”, деди Ҳаж вазирлиги мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўтган йили Ҳаж зиёратига 2 ярим миллиондан – 3 миллионга қадар зиёратчи боргани хабар қилинган эди.

Шулардан 5 000 нафари Ўзбекистондан борган зиёратчилар бўлди.

Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатларидаги мусулмонлар учун Ҳаж зиёратига бориш масаласи Ўзбекистондаги каби жиддий муаммо эмас.

Қирғизистон, Қозоғистонда аҳолининг истаган қисми учун расман Ҳажга бориш имкони бор.

Ўзбекистонда эса Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, 2006-2008 йилдан буён Ҳажга бориш учун навбат пойлаётган мусулмонлар бор.
XS
SM
MD
LG