Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:08

Тошкент ҳожилар сонини оширишни истамаëтир


Саудия Арабистони Қирол Абдулазиз номидаги халқаро аэропортидан чиқиб бораётган миллионлаб зиёратчиларнинг 5 минги ўзбекистонликлардир.
Саудия Арабистони Қирол Абдулазиз номидаги халқаро аэропортидан чиқиб бораётган миллионлаб зиёратчиларнинг 5 минги ўзбекистонликлардир.

Бу йил ҳам 5000 зиёратчини Ҳажга кузатган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийси ҳажга борувчилар сони бундан кўп эмаслигини таъкидлайди. Ўзбекистонлик Ҳаж орзумандлари эса камида уч йил навбат пойлашга мажбур эканидан нолийди.


“Ўзбекистондан Ҳажга боришни истовчилар сони 5000 дан ошмайди”



Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан олинган маълумотга кўра, бу йилги зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи 31 октябрда жўнаб кетган.

Шундан буён 2500 зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилган.

- Бугун эрталаб ҳам зиёратчиларнинг яна бир гуруҳини кузатдик. Жўнаб кетганларнинг ҳаммаси эсон-омон Мадинага етиб борган ва муҳташам “Тоййиба” меҳмонхонасига жойлашишган. Қолган зиёратчилар эса 9 ноябргача жўнатилади, деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмийси.

Ушбу расмийга кўра, йилдан-йилга зиёратчилар учун кўпроқ шароит яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Жумладан, бўлғуси ҳожиларнинг тўғри Мадина шаҳрига учиб бориши шундай қулайликлардан бири сифатида тилга олинди.

- Авваллари ҳожилар Жидда шаҳригача бориб, у ёғига 12 соат автобусда кетишар эди. Ҳозир эса тўғри Мадина шаҳрига бораяпти. Бундан ташқари, йўл азобини камайтириш мақсадида зиёратчилар ҳозир ўз вилояти ёки ўзига яқин вилоятлардан учаяпти. Фарғона водийсидагилар Наманган аэропорти, воҳадагилар эса Бухоро ва Урганч аэропортларидан учирилмоқда. Аввал, Тошкентга келишар эди, дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ходими.

Унга кўра, ўзбекистонлик ҳожиларнинг қайтиши 21 ноябрдан бошланади.

- Бу йилги зиёратчиларга бешта расмий делегация, 30 та ишчи гуруҳи, 10та ошпаз, 30 нафар шифокор хизмат қилмоқда, дейди суҳбатдошимиз.

Биз суҳбат давомида ҳар йили ўзбекистонлик Ҳаж орзумандларидан эшитадиганимиз ва одатан жавобсиз қоладиган икки саволни ҳам сўрадик.

Озодлик: Нега ёшлар Ҳажга кам юборилади, аниқроғи, деярли юборилмайди?

- Ўзи каттароқ кишиларга жой бериш мақсадида қилинади бу, яъни, ёшлар катталарга йўл берадида. Қариялар йилидан кейин шундай бўлдида. Чунки, маҳаллаларда ҳам бола-чақасидан қутилган шу катталарда. Ёшлар ўртасида талабгорлар ҳам бор, ўртача. Унақа кўп ҳам, кам ҳам дея олмаймиз.

Озодлик: Нега ўзбекистонлик ҳожилар сонига 5000 кишилик чеклов қўйилган?

- Бу энди шу ажратилган жой. Яъни, мамлакатдаги талаб даражасида ажратилган жой. Шу 5000 кишилик жой Ўзбекистон учун нормал ҳолат. Талабга жавоб беради, деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили.

Унга кўра, бундай чеклов Ўзбекистон республикаси Ҳаж ва Умра ишлари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан жорий этилган.

Аммо, ушбу кенгаш раҳбари Ортиқ Юсупов билан боғланиш ва кенгаш томонидан бундай чеклов қўйилгани аниқ сабабларини у кишидан сўрашга уринишларимиз самара бермади.


“Ҳажга бормоқчилар камида 3 йил навбат кутсин!”


Бу йил Россиядан Ҳаж зиёратига 20 500 киши жўнаб кетмоқда. Мамлакатда тақрибан 25 миллион мусулмон истиқомат қилиши айтилади.

Дунё мусулмон давлатлари эса ҳар йилги Ҳаж зиёрати учун 1000 кишига бир кишилик квота ажратилишига келишиб олган ва шунга кўра, Россия мусулмонлари ўз ҳаққини талаб қилмоқда.

Аммо Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги 2009 йилдан буён зиёратга келувчилар умумий сони 10 фоизга ошгани боис, мавжуд квотага қўшимча квота ажратиш имкони йўқлигини билдирди.

Ўзбекистондан эса бир йилда 28 000 киши Ҳаж зиёратига бориши мумкин. Аммо мамлакат расмийлари фикрига кўра, бунча талабгор топилмайди ва умумий талабгорлар сони 5000 лик чекловга мувофиқдир.

Бу мутлақо нотўғри, деб таъкидлайди фарғоналик суҳбатдошимиз Ҳусанбой ака.

У Ҳажга бориш учун икки йил муқаддам рўйхатга турган ва бу йил ўзига ўхшаган орзумандлар орасида ундан кўра кўпроқ, яъни тўрт йил кутганларни зиёратга кузатди.

- Биз ҳам борамиз деб бир-икки йилдан бери очередимиз келмаяпти. Уч-тўрт йилдан бери кутганлар ҳам бор. Ëзганига уч-тўрт йил бўлганлар бу йил кетаяпти. Кутганлар жуда кўп. Сон-саноғи йўқ унинг.

Озодлик: “Бизнинг ариза ëзиб қўйганимизга уч-тўрт йил бўлди. Нимага бизни жўнатмаяпсизлар?” десанглар, нима дейишади?

- “Очеред келмаяпти” дейишади. Битта маҳаллага битта ўрин берилган. 100та хўжалик борми, 1000та хўжалик борми битта ўрин берилган. Агар эр-хотин бўладиган бўлса, иккита ўрин бўлиб қолади. Битта маҳаллага битта ўрин берган бўлса, ëнингиздаги маҳаллага битта ўрин берган бўлса, эр-хотин борадиган бўлса, маҳрами билан бориши керак. Олдин нариги маҳалладан жўнатади. Кейинги йили сизга очеред келади. Очеред уч йилнинг ичида келади. Уч йилдан эрта келмайди. Бизнинг маҳаллада тўрт йилдан бери кутиб бу йил кетаëтганлар бор. Ëшлари ҳам анча улуғ. 65-75 орасидаги одамлар.

Озодлик: Мусулмонлар идорасидаги расмийдан “Нимага ëши катталар кўпроқ кетади?” десам, “Ëшлар ўз ихтиëри билан уларга навбат беради. Иккинчидан, бизнинг ëшлар орасида бораман деганлари жуда кам” деди. Тўғрими шу?

- Бу жуда ҳам нотўғри. Бу сиëсат умуман нотўғри. Мана биз Ҳажга борганмиз. Мен энди ўша ерда гапирадиган гапларни гапира олмасдан йиғлаб, ўша Макка шаҳрида ҳам, Мадина шаҳрида ҳам йиғлаб юборганман мен. Ҳаж қилаëтган ëшларни кўриб “Нима учун бизнинг Ўзбекистон деган мамлакатдан Ҳажга ëшлар келмайди?” деб ўйладим. У ерда кўрсангиз, Ҳаж мавсумида 50 фоизи ëшлар. Неча миллион одам боради¸ биз билмадик. Борган одамларнинг 50 фоизи ëшлар.

Ëшлар борса, биринчидан, имони бақувват бўлади, Худога яқин бўлади, ҳалол билан ҳаромнинг фарқини билади, кўпроқ ëмон ишлардан қайтиб қолади. Қариганда, оëғи гўрга бориб қолганда Ҳажга борса, жуда ҳам оғир машаққат. Ҳажда ëшга ҳам, қарига ҳам машаққат бир хил. Қариганда жуда азоб. Ўтирсангиз, тура олмайсиз, турсангиз, ўтира олмайсиз, шайтонга тош ота олмайсиз, Ҳаж аҳкомларини тўлиқ бажара олмайдиган, белингиздан қувват кетган вақтда борсангиз, аҳкомларни бажаргани жуда қийналасиз.

Озодлик: Ëшларимиз ўртасида талабгорлар кўпми камми?

- Талабгор жуда кўп. Саноғи йўқ. Агар ҳозир “18-20 ëшдан 50 ëшгача Ҳажга борадиганлар борми?” деса, 100 минг чиқса керак. Ҳозир 50 ëшдан пастига рухсат йўқ дейилаяпти. Умрага 90 фоиз ëшлар кетаяпти. Ҳажга бора олмаяптида улар. Умрага боришаяпти. Ҳеч бўлмаса Ҳажга 10 мингта қилиб қўйганда эди, дейди фарғоналик Ҳусанбой ака.

Фарғоналик Ҳусанбой ака асли ҳожи. 1998 йилда Ҳаж зиёратига бориб келган. У вақтда борувчиларга бундай қатъий чекловлар йўқ эди, деб эслайди.

Аммо ҳозир, ҳатто, Умра зиёратига борувчилар сони ҳам чекланган.

Мусулмонлар идораси расмийси биз билан суҳбатда бу йил Ўзбекистондан Умра зиёратига борганлар сони 6000 нафарга етганини айтди. Аммо буларнинг ҳам кўпчилигини ўтган йили чўчқа гриппи боис зиёратга боролмай қолганлар ташкил қилади.


“Ўзбеклар 300 долларлик меҳмонхонада туради”



“Тоййиба” меҳмонхонаси Масжид ул-Ҳарамнинг шундоққина орқасида жойлашган меҳмонхона экан.

Бу меҳмонхонада бир кеча қолиш учун 1000— 1200 Саудия Арабистони риёли миқдорида пул тўлаш керак.

Бу эса шу кунларда бу мамлакатдаги курсда АҚШ долларига ўгирилса, 300 АҚШ долларга етиб қолади.

Ҳозир бир кечага 300 АҚШ доллари тўлаб, бу меҳмонхонада қолаётган зиёратчиларнинг кўпчилиги ўзбекистонлик зиёратчилар экан.

Мадина шаҳрида таҳсил оладиган ўзбекистонлик йигит — Абдулҳамиднинг айтишича, бу меҳмонхонанинг энг афзал жиҳати Ҳарамга яқинлигидир.

- Ҳарамнинг орқасида. Жуда ҳам яқин. Яхши жойга тушган. Қиммат меҳмонхона ҳисобланади. Ҳарамга яқин, атрофида дўконлар кўп. Риëлга ҳисоблаганда 1000дан ошиши мумкин.

Озодлик: Қанча доллар бўлади у?

- Тақрибан 300 доллар атрофида бўлади.

Озодлик: Бундан арзонроқ меҳмонхонада турса бўладими ë уларнинг шароити ëмонми?

- Турса бўлади. Ҳарамдан узоқлашган сари меҳмонхоналар ҳам арзонлашаверади. Ҳарамга яқинлиги яхши жуда ҳам. Одамлар адашмайди, йўқолмайди.

Озодлик: Биз ҳозир расмийлар билан “Нима учун 5000лик квота қўйилган?” деган масалани гаплашдик. Улар “Ўзбекистондан талаб шунчалик” деяпти. Шунга сўрамоқчи эдим. Ўзбекистондан келадиганлар 5000 тами ëки бошқа давлат орқали келадиган ўзбеклар ҳам борми?

- Менимча, фақат Ўзбекистондан келади. Бошқа жойдан келиши жуда қийин бўлса керак. Ўзбекистон паспортига виза олиш қийин. Агар халққа очиб берилса, масалан талабгорлар кўп, лекин ҳукумат билмадим нимагадир қўймайди. Чунки Ўзбекистоннинг ичида қанчандан қанча кутиб ўтирганлар борку. Ўзбекистон ҳукуматининг динга қарши бўлганлиги¸ биринчи сабаб. Ëшлар келиб бу ерда таъсирланиб кетмасин ¸деган мақсад ҳам бўлса керак, дейди Мадинада таҳсил оладиган ўзбекистонлик Абдулҳамид.


“Ҳожи бўлса ҳам, СНБ ходимини юзидан таниса бўлади”


Мадинада ўзбекистонлик муҳожирлар талайгина. Абдулҳамиднинг сўзларига кўра, улар ҳар йили Ҳаж ва Умрага келадиган ҳожилар билан суҳбатлашишни, кўришишни истайди.

Боиси, Саудияда юрган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун ортга йўл йўқ.

Аммо, булар учун келган юртдошлар билан учрашувларга элтадиган йўл ҳам жуда тор.

Абдулҳамид шу ерда ҳам ўзбекистонликлар хорижликлар билан учрашувлардан қочиб, қимтиниб юради, дейди.

- Агар таниш-билишлар келмаса, бизлар унақа яқинлашмаймиз. Унақа бегона одамларни яқинлаштирмайди. Кейин ҳожилар ҳам кўришгани қўрқади.

Озодлик: Сиз ҳозир “Хуш келибсизлар. Мен ватандошингларман. Нима ëрдам керак?” деб борсангиз, гаплашмайдими сиз билан?

- Қўрқишади. Бу ерда кўпчилик соқол қўйиб юради. Ўзбекистондан келганлар бу нарсадан қўрқади. Албатта¸ орасида СНБлар бўлади. Кираверишда ўтиради. Кузатув бўлади барибир махфий. Соқоллилардан қўрқишади.

Озодлик:
Сизнинг соқолингиз борми?

- Ҳа.

Озодлик: Демак, сиз бориб биров билан гаплашаман десангиз, у кузатувга тушади.

- Ҳа. У одамнинг ўзи ҳам қўрқади. “У ëққа борсак, ҳукумат бизни тинч қўймайди. Шунинг учун учрашмай қўя қолайлик” дейдиганлар ҳам кўп. Яқин танишлар келса ҳам жуда қўрқиб учрашишади. Ташқарида бурчакларда кўришса бўлади. Лекин меҳмонхонага ҳожиларнинг олдига унча-мунча одамнинг боргиси келмайди. Эшикнинг тагига одам қўйиб қўйишади. Чиқармайди. Ўзбекистондан келганларда қанақадир қўрқинч борда.

Озодлик: Эшик тагида турганлар ўзбекда-а? Билиниб турадида-а?

- Юзидан билинади. СНБ сифат одамлар бўлади.

Озодлик:
Пешонасига ëзиб қўйилмагандир.

- Кўринишидан, бориб гаплашсангиз, муомаласидан билинади.

Озодлик: Бир тарафдан ўзинглар кузатувга тушмаслик учун, иккинчи тарафдан келганларни ҳам хижолатга қўймаслик учун бормай қўя қоласизлар?

- Ҳа, шунақа.

Озодлик: Ҳозир Умра бўлаяпти шекилли. Келганлар Ҳайитгача Умра қилиб олайлик деяптими?

- Ҳаждан олдин бир марта Умра қилинади ўзи.

Озодлик: Бу йил Маккада шароит қанақа, аҳвол қанақа?

- Бу йил ҳожилар кўп¸ алҳамдуллиллаҳ. Олдинги йилга қараганда кўпроқ. Олдинги йил озроқ эди.

Озодлик
: Касаллик билан боғланганда бу.

- Ҳа. Яхши бу йил ҳеч ким ҳеч қайси касалликни ўйлаб топмади шекилли, унақа касаллик чиқмади, дейди Мадинада таҳсил оладиган ўзбекистонлик Абдулҳамид.

Ўтган йили чўчқа гриппи тарқалгани боис, зиёратчилар орасида сафарини қолдирганлар бўлган эди. Шу боис, Ҳаж вазирлиги бу йил Умрага келувчилар сонини оширди ва расмий маълумотларга кўра, Рамазон ойидан буён 2 миллиондан ортиқ одам Умра зиёратига келган.

Хуллас, 2010 йилги Ҳаж зиёрати бошланди ва Қурбон Ҳайити тахминан, 16 ноябрга кутилмоқда.

Кейинги кунлар давомида ҳам зиёратга оид тафсилотларни бериб борамиз.
XS
SM
MD
LG