Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:56

Пахтакор ҳашарчилар маҳаллий ўсмирлар томонидан калтакланди


Шу йилнинг 29 октябрига ўтар кечаси Қашқадарё вилояти Нишон тумани Гулистон фермерлар уюшмасига қарашли дала шийпонларидан бирида вилоятнинг Китоб туманининг Иқтисод ва Саноат коллежларидан пахта теримига келган ҳашарчилар ва маҳаллий ўсмирлар ўртасида муштлашув бўлди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Нишон туманида истиқомат қилувчи манбага кўра, муштлашув қишлоқ болаларидан бирининг ҳашарчи талабалар томонидан калтакланганидан сўнг содир бўлган:

- Шанба куни кечки пайт бизниng қишлоқ болаларидан бирининг укаси Азамат деган бола кўчадан ўтиб кетаётган бўлган. Кейин ҳашарчилар бу болани издеватся қилган, урган. Кейин ҳалиги бола акасига айтган. Акаси ва яна кўплаб болалар, тахминан 25 киши ҳашарчилар турган шийпонга бостириб борган. Болаларнинг бир хили маст бўлган. Баракдан қизларни чиқариб юборганда, талабалар билан домлаларни қамаб урган, дейди бу манба.



Суҳбатдошга кўра, муштлашув натижасида болаларни ажратишга уринган бир қизнинг елка суяги синган, икки талабанинг эса арматура зарбидан боши ёрилган. Жароҳат олган болалар туман касалхонасига ётқизилган.

Озодлик манбасига кўра, ўша куни Нишон тумани ИИБнинг махсус отряди Балхияк қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 25 нафар ўсмирни ҳибсга олган.

Нишон туманидаги Балхияк қишлоқ фуқаролар йиғини профилактика инспектори Шарофиддин Нормаматов ҳам Озодлик билан суҳбатда талабалар ва қишлоқ йигитлари ўртасида шундай жанжал бўлганини тасдиқлади:

- Талабалар ва қишлоқ йигитлари ўртасида оддий келишмовчилик бўлган. Лекин оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда бу воқеа юзасидан теширув ишлари олиб борилмоқда, дейди участка нозири Шарофиддин Нормаматов.

Нишон тумани Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам шанба куни тан жароҳати олган талабалар шошилинч тиббий марказига тушмаганлигини айтди.

Озодлик манбасига кўра, туман ҳокимлиги қошидаги Вояга етмаганлар бўйича комиссия ва туман пахта штаби мутасаддилари яқин орада Балхиякда бу ҳодиса бўйича махсус йиғин ўтказади.

Мамлакат президенти пахта режаси бажарилганини 20 октябр куни эълон қилган ва пахтакорларни бу муваффақият билан табриклаган бўлса-да, вилоятлардаги олий ўқув юртлари, коллеж-лицейлар талабалари ҳануз пахта далаларида қолмоқда.

8 октябр куни 1994 йилда туғилган ва Шаҳрисабз туманининг Тарахли кўчасида истиқомат қилган Наврўз исмли йигит пахатдан касал бўлиб қайтганда, туман милиционерлари уни пахтадан қайтгани учун калтаклаб ўлдиришган эди.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитовлар пахтадан қочаëтган пайтда поезд тагида қолиб ўлган эди.

30 сентябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани касалхонасига олиб келинган тошкентлик ҳашарчи ҳам вафот этган эди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларини чиқаришни тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахтага сафарбар қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG