Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Оққўрғон даласида тошкентлик ҳашарчи ўлди


17 сентябр куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтди.


Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ходими бўлган Игор Ячкевский юрак хуружидан вафот этган.

Сентябр бошидан бери пахта теришда қатнашиб келган Ячкевский 17 сентябр куни далада оламдан ўтганини Оққўрғон туман суд-тиббий экспертизаси ходимлари тасдиқлади.

"У инфарктдан ўлган. Тиббий экспертиза қилинди. У аввалдан юрак хасталиги билан оғрир экан",- деди ўзини таништирмаган тиббий ходим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

55 ёшли Игорь Ячкевский Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида чилангар-сантехник бўлиб ишлаган.

Юрак хасталиги билан оғриган Ячкевский нима сабабдан пахта теримига жалб қилингани сабабини ўрганиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Тошкентдаги идорасига мурожаат қилдик. Бироқ ташкилотдан маълумот ололмадик.

Оққўрғон туман ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан келган ҳашарчиларга кунига 50 килограммдан пахта териш нормаси юклатилган.

Юраги хаста одам учун ҳар куни 50 кило пахта териш қанчалик азоблигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Федерациянинг Тошкент вилоятига жўнатилган ҳашарчилари пахта штаби маъсуллари Анвар Аҳмедов ва Ҳакимжон Муродов ҳам Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортишди.

Ҳозирда Оққўрғон туман прокуратураси ходимлари Игорь Ячкевский ўлими юзасидан суриштирув ишларини олиб бораяпти.

Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, Ячкевский ўлими бўйича ҳали жиноий иш очилмаган.

Игорь Ячкевский жорий йилдаги пахта кампанияси қурбонларининг (Озодликка маълум бўлган) учинчисидир.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғи ҳудудида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитов поезд тагида қолиб ҳалок бўлди.

Тергов натижасида аниқланишича, ҳашарчи талабалар пахтадан қочиб, поездда уйига кетмоқчи бўлган пайтда нобуд бўлган.

Шунингдек, 15 сентябр куни Фарғона вилояти Қува туманида ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус ҳалокатга учраши оқибатида 6 киши турли даражада жароҳат олиб, туман касалхонасига ётқизилган эди.
XS
SM
MD
LG