Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:32

OzodTa'sir: Термизлик ёлғиз онага кредит берилди, новвойхонаси ишга тушди (ВИДЕО)


Икки фарзандини ёлғиз тарбия қилаётганини айтган термизлик Шоҳида Абраматова Озодликда чиқиш қилгач, ваъда қилинган имтиёзли кредитни олди.

Аёлнинг айтишича, мақола чиққанидан сўнг Сурхондарё вилоят, Термиз туман ҳокимлиги, "Агробанк"нинг туман филиали ва туман Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари у билан боғланиб, муаммоларни тезликда ҳал қилган.

10 сентябрь кунги мурожаатида Абраматова туман мутасаддилари ваъдасига ишониб, қарийб 30 миллион сўмга очган новвойхонаси касодга учраганидан арз қилган эди.

23 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Шоҳида Абраматованинг айтишича, шу кунда новвойхонаси тўлиқ қувват билан ишламоқда.

- Озодликдаги мақоладан кейин майдан бери берилмаётган кредитни беришди. Дарров ишни тикладим. Ҳозир кунига 78 та булка нон, 20 га яқин қатлама патир, хот-дог пишираяпман. Мижозларим ҳам кўпайиб бораяпти. Менга ёрдам берган барча туман раҳбарларига катта раҳмат, - деди Абраматова.

10 сентябрь кунги чиқишида Шоҳида Абраматова "Агробанк"нинг туман филиали тадбиркорлик учун 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит ваъда қилгани, аммо 5 ойдан бери бермаётганидан арз қилган эди.

Ўшанда аёл ваъдага ишониб, қарийб 30 миллион сўмлик қарз билан бизнес бошлагани, оқибатда, касодга учраганини айтганди.

- Ҳозир ишим яна юриб кетганидан жудаям хурсандман. Мен тез орада ўзимни тиклаб оламан. Кредитдан қутулишим биланоқ аввал ўзим ўқийман, кейин қизларни ҳам қандолатчиликка ўқитиб, ишимни кенгайтираман, деб ният қилаяпман, - деди Шоҳида Абраматова.

Қуйида у билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:​

OzodTasir: термизлик ёлғиз онага кредит берилди, новвойхонаси ишга тушди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк


Турмушидан ажрашган Шоҳида Абраматова мактаб ёшидаги бир ўғил ва бир қизини ёлғиз боқади.

Айни пайтда, бу аёлнинг уй-жойи ҳам йўқ, болалари билан ижарада яшайди.

Шу йил апрель ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ёрдамга муҳтож оналар ва ногирон аёллар ижтимоий ҳимоясига оид қарор қабул қилган.

Қарорда "оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби" тасдиқланган.

Шунингдек, ушбу қарорда муҳтож аёлларга 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган наъмунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши белгиланган.

Шоҳида Абраматованинг айтишича, Термиз тумани ҳокимлиги уни ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар рўйхатига қўшган ва ёрдам ваъда қилган.

Абраматова Озодликка тақдим қилган қуйидаги видеода унинг иши тикланган новвойхонаси билан танишишингиз мумкин:

OzodTa'sir: Ёлғиз онага 5 ой кутилган кредитни беришди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:06 0:00

XS
SM
MD
LG