Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Мирзиёев олиб ташлаттирган йўл-патруль постлари қайта тикланмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона-Водил, Фарғона-Аввал йўлларида аввал мавжуд бўлиб, кейинчалик президентнинг фармойиши билан олиб ташланган назорат постлари қайта тикланди. Бу ҳақда Фарғонада хусусий автобус қатновини ташкил қилган тадбиркор Озодликка маълум қилди.

Шунингдек, маълумотларга қараганда, Хоразмнинг Хазорасп, Сурхондарëнинг Денов,. Андижоннинг Шаҳрихон туманларидаги йўл-патруль постлари қайта тикланган.

Ушбу туманлардаги ҳайдовчиларнинг Озодликка билдиришича¸ бу постларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг яна машиналарни тўхтатиб текшириши аввалги шаклда давом этмоқда.

Фарғоналик тадбиркорнинг айтишича¸ жорий ҳафтада Фарғона туман маркази Водилда 5 тага яқин блок-постлар қайта очилган. Унинг яна айтишича¸ яна бир қанчасини очишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Фарғона туман ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими ходимининг Озодликка билдиришича¸ бундан мақсад “республика ҳудудига контрабанда товарларини олиб киришни чеклашдир”.

Фарғона-Қувасой йўлидаги қайта тикланган блок-пост
Фарғона-Қувасой йўлидаги қайта тикланган блок-пост

Лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани учун исми сир қолишини сўраган ИИБ зобитининг Озодликка билдиришича, Қирғизистондан тақиқланган товарлар кириб келишининг олдини олиш учун қайта очилган:

- Фарғона шаҳридан Водилга чиқишдаги пост қайта тикланди.. Ёнида шаҳар ГАИ биноси очилди. Чунки Водил орқали Қирғизистонининг Боткен вилоят, Қадамжой туманига йул кетган. Фарғона тумани Чимён кишлоғидаги пост ҳам қайта очилди. Чунки айнан у ердан Ўзбекистонга Қирғизистондан тақиқланган товар ўтказилмоқда. Тақиқланган молларнинг кириб келишини тўхтатиш учун постлар қайта тикланди.

Хоразм вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими постларнинг пахта терими пайтида хавфсизликни ошириш ва пахта ҳосили талон-торож бўлишининг олдини олиш мақсадида вақтинча қайта тикланганини айтиш билан кифояланди.

Хазорасп туман Мухомон қишлоғида яшовчи таксичи Озодлик билан суҳбатда 2 йил олдин йил ëпилган постнинг қайта ишга тушганини айтди:

“Мен Тошкентга одам ташийман. Яна олдингидай тўхтатиб, ҳужжат текшириб ëтибдилар. Машина багажини очиб кўришди.”, дейди мухомонлик таксичи.

Тошкентлик ҳайдовчи аëлнинг айтишича¸ Тошкент вилоятидаги учта блок-пост қайта тикланган.

- Қорамурт блок-пости. Лимонария ва Байжигитга киришдаги постлар тикланди. Шу постлардаги текширув боис даҳшат пробка бўлади тор йўлда. Мантиқсизлик бу!

Андижонлик ҳайдовчи эса, Шаҳрихон туманидаги блок-постлар қайта тикланганини айтди:

- Ҳар-хил тадбир ва текширувлар: қамоқдан зеклар қочибти, сайловолди тозалови, яна қандайдир тадбирлар баҳонасида кўпчилик постларда яна ИИБ ходимлари пайдо бўлди.

Бухоро вилоятининг Навоий вилояти билан чегарадош қисмидаги йўл-патруль постлари қайта тикланганидан ташвишланган қизилтепалик ҳайдовчи¸ “бу текширишлар боис йўлга кўп вақт кетиб қолаëтганидан" нолиди.

Бухоро вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик гаплашган мулозими Қизилтепа туманидаги йўл-патруль пости шу кунда доимий режимда ишлаëтганини айтди. Мулозимга кўра¸ бу худудда жазони ижро этиш маскани борлиги бундай назорат пости мавжуд бўлишини тақозо қилади.

Озодликнинг ўрганишича, 1 декабрдан бошлаб Сурхондарëнинг Жарқўрғон ва Қизириқ туманларида аввал олиб ташланган постларнинг барчаси қайта тикланган.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими 2017 йилнинг 25 декабрь куни Озодликка берган интервьюсида вилоят бўйича 15 дан ортиқ постдан 6 таси қолганини айтган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида (2017 йил, 22 декабрь) беҳисоб йўл-патрул постлари туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани ва оддий одамларни қийнаб юбораётгани ҳақида гапирган эди:

"Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади" деган эди Шавкат Мирзиёев .

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати билан боғланиб республика бўйлаб йўл-патруль постлари қайта тиклангани борасида изоҳ олишнинг иложи бўлмади. Матбуот хизматида ҳеч ким телефонни кўтармади.

XS
SM
MD
LG