Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Мактабларда ўн кунлик кундузги-тунги навбатчилик ташкил қилинди


Мактаблардаги тунги навбатчилик тадбири Каримов давридан бери давом етиб келмоқда.
Мактаблардаги тунги навбатчилик тадбири Каримов давридан бери давом етиб келмоқда.

Ўзбекистон мактабларида 27 августдан 5 сентябргача уч сменада навбатчилик ташкил қилинди. Ўқитувчиларга кўра, бу Мустақиллик байрами кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида ташкил қилинган.

Озодликка боғланган ўқитувчиларга кўра, мактаблардаги навбатчилик кундузи 6 соатдан, кечаги 12 соатдан ташкил қилинган бўлиб, навбати билан ҳамма ўқитувчи навбатчиликка қўйилаяпти.

Жумладан, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, уларнинг мактабида кундузи аёл ўқитувчилар, кечаси эркак ўқитувчилар навбатчилик қилаяпти.

“27 август куни бошланди. 5 сентябргача давом этади. Учта сменада ташкил қилинган. Кундузгилар 6 соатдан алмашади. Тунги навбатчилар эса 12 соат туради. Эрталаб соат 8дан обедги соат 2гача бир ўқитувчи, соат 2дан кечқуринги соат 8гача яна бир ўқитувчи туради. Кечки соат 8дан эрталабки 8гача бошқа бир ўқитувчи навбатчиликда туради. Кундузи аёл ҳамкасбларимиз туради. Кечқурин биз эркаклар тураяпмиз”, дейди Тошкент туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, уларнинг мактабида эркак ўқитувчилар камлиги боис аёллар ҳам тунги навбатчиликка қўйилаяпти.

“Мактабимизда ўзи иккита эркак ўқитувчи бор. Улар ҳам тунги навбатчиликка тураяпти. Лекин ҳамма навбати билан туриши кераклиги боис биз аёллар ҳам кечаси навбатчилик қилаяпмиз”, дейди тошкентлик ўқитувчи.

Бошқа бир тошкентлик ўқитувчининг айтишича, байрам кунлари навбатчиликка мактаб раҳбарлари ҳам чиқаяпти.

“Директорларга шунақа буйруқ келган. 31 август ва 1 сентябрь кунлари мактаб директори, директор ўринбосари, зовучларнинг ўзи навбатчилик қилаяпти. Бугун бизнинг мактабда директоримиз тунги навбатчиликка чиқади”, дейди тошкентлик ўқитувчи йигит.

Тошкент туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси туман халқ таълими бўлими томонидан жўнатилган хабарни Озодликка йўллади.

“Бугун ва эртага кечки навбатчилик жуда қаттиқ ўрганилади. Вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан. Навбатчи бўлмаса, ухлаб қолса, маст бўлса, ўша мактаб директори ишдан олинади. Мени огоҳлантиришди", дейилади Тошкент тумани халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан мактаб директорларига йўлланган хабарда.

Ўқитувчиларга кўра, уларга навбатчилик тадбири Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил қилингани ва бундан мақсад хавфсизликни таъминлаш экани айтилган.

“Хўп, хавфсизлик учун турибмиз. Лекин кимдир бостириб келса, қўлимизда дубинка ҳам йўқку. Босқинчи билан қандай курашамиз? Мактаблардаги навбатчилик Каримов давридан қолган тадбир, ундан ҳечам воз кеча олишмаяпти”, дейди суҳбатлашганимиз ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчиларнинг айтишича, кундузги ва кечги навбатчиликлар тегишли идоралар томонидан текшириб турилади.

“Мен тунги навбатчиликка турган куним келишим билан директорга телефон қилиб, “Ҳаммаёқ тинч, мен навбатчиликни қабул қилиб олдим” деб телефон қиламан. Кейин соат саккиз яримгача Районога телефон қилиб, сводка бераман. Фавқуллода вазиятлар вазирлигининг шаҳар бошқармасидан келиб текширишади, Участковой келиб текширади”, дейди тошкентлик ўқитувчи йигит.

Тошкент туманидаги ўқитувчи эса уларнинг мактабидаги навбатчиликни прокуратура, ИИБ ва туман ҳокимлигидан келиб текширишаётганини айтди.

“Текширувчилар келганда уларни кутиб олиб, ўзингизни таништирасиз. Вазият бўйича ҳисобот берасиз. Акт тузиб, ёзиб олиб, кетишади. Улар хоҳлаган пайтда келиб қолиши мумкин. Шунинг учун доим жойингизда ўтиришингиз шарт”, дейди ўқитувчи.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиларга кўра, уларнинг навбатчилиги учун бирор ҳақ тўланмайди.

“Мутлақо текинга турибмиз. Меҳнат кодексига кўра, ортиқча ишлаган вақтингиз учун ҳақ тўланиши керак. Лекин бизга бир тийин ҳам бермайди. “Навбатчиликка турмайман” деганлар ҳам бўлди. Лекин директор “Кўпга келган тўй. Ҳаммамиз мажбурмиз” деган гапни айтди”, дейди тошкентлик ўқитувчи.

Мустақиллик байрами арафаси нафақат Тошкент шаҳри ва вилоятида балки мамлакатнинг барча вилоятларида мактаб ўқитувчиларининг навбатчилиги ташкил қилингани маълум бўлди.

Жумладан, Озодликнинг мобил мухбири Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарёдаги ўқитувчилар билан боғланиб, у ерда ҳам ўқитувчилар навбатчилиги йўлга қўйилганини аниқлади.

Тошкент тумани халқ таълими бўлимининг Озодлик боғланган расмийси мактабларда уч сменали навбатчилик ташкил қилинганини тасдиқлаб, бу вилоят халқ таълими бошқармаси топшириғи эканини айтди.

Озодлик бирорта ҳам вилоятдаги халқ таълими бошқармаси билан боғлана олмади. Бошқармалар бошлиқларининг хизмат телефонларига бирор одам жавоб бермади.

Халқ таълими вазирлиги сайтидаги телефон рақамларига қилган қўнғироқларимиз ҳам жавобсиз қолди.

XS
SM
MD
LG