Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Андижонлик боғча қоровуллари: Бизни тунги айғоқчиликка мажбурлашмоқда


Андижон вилояти Булоқбоши туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар боғча қоровулининг айтишича, уларга боғчани қўриқлашдан ташқари тунда кўчадан ўтган автомобилларнинг давлат рақамини ёзиб олиш ва участка инспекторига топшириш мажбурияти юкланган. Туман ички ишлар бўлими мулозими бу иш хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида ташкил қилинганини айтди.

Озодликка хабар берган боғча қоровулларининг айтишича, уларга ўз вазифасидан ташқари қўшимча мажбурият юкланганига бир ҳафта бўлди:

“Бизга участка нозири келиб, кечаси соат 12.00 дан бошлаб тонг отгунга қадар боғчанинг ташқарисидаги кўчага стол-стул қўйиб, навбатчилик қилиш вазифасини юклади. Биз аслида боғчанинг ҳовлиси ва биноларига жавоб беришимиз керак. Лекин, энди кечаси кўчадан ўтган ҳар битта машинанинг номерини ёзиб олиб, у Андижон томон кетдими, бошқа томон кетдими - ўшани ёзяпмиз. Кечаси ҳамма машиналарнинг номерини ҳам илғаб олиш қийин, агар илғай олмасак маркасини ёзиб қўяяпмиз”, дейди боғча қоровули.

Исми сир қолишини сўраган бошқа қоровулнинг айтишича, бундай сиёсат ҳатто аввалги президент даврида ҳам бўлмаган:

“Участковой биздан, кечаси ким юрди, қайси мошин ўтди, ҳаммасини ёзиб бераман, деган мазмунда тилхат олган. Кеча соат 12 ларда участковой посбонлар билан бирга келиб текширди. Оғизларидан арақни ҳиди келиб турибди. Мен унга “ўзи бир ставка ишлаб, арзимаган 400 минг сўм ойлик олсам, бу ана у посбонларингни ишику”, десам, “бу янги бўлган ички ишлар вазирининг буйруғи”, деди. Участковойнинг айтишича, тумандаги барча боғчаларда шундай тартиб жорий қилинган. Мустақиллик байрами ўтиб олгунча, шундай айғоқчилик қилиб турамиз экан”, дейди боғча қоровули.

Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари тунда кўчага чиққан ҳар қандай кишини ушлаб олиб кетаяпти:

“Кечаси юриш опасний бўлиб қолди. Тунги соат 11 дан кейин кўчада юрган одамларни тунги патруллар милиция бўлимига олиб бориб, сўроқ қиляпти. Тунов куни бир танишимнинг онасини давленияси кўтарилиб, кечаси соат 12 да аптека излаб кетаётганда милиция ходимлари ушлаб, отделга олиб кетишибди. Дорига чиқдим, деса ҳам ишонмас эмиш. Кейин у “агар онамга бирор нарса бўлиб қолса, ҳаммангни энангни кўрсатаман”, деб тўполон қилган экан, ярим соатдан кейин жавоб беришибди”, дейди қоровул.

Булоқбоши тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими боғча қоровулларининг тунги навбатчиликка қўйилганини Озодликка тасдиқлади:

“Нафақат боғча қоровулларига, балки маҳалла оқсоқолларига ҳам кўчанинг бошига стол-стул қўйиб кечаси навбатчилик қилиш вазифаси топширилган. Президентимиз жиноятчиликни камайтириш ҳақида топшириқ берган, шунинг учун ҳам биз чора-тадбирларни кучайтиряпмиз”, деди ички ишлар мулозими.

Унинг айтишича, бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам уюштирилган.

Жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев ўғирлик ҳамда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош қилинмай қолаётгани, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги камаймаётгани, 2016 йилда академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл урганини танқид қилган эди.

Мазкур йиғинда Мирзиëев ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилишни таклиф этган.

Бу таклиф эртасигаëқ нафақат Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура ходимлари томонидан¸ балки аксар ҳокимлик ва идораларда муҳокама қилинди ва ҳар бир тизим бу таклиф ижроси бўйича ўз иш режасини тузишга киришган эди.

XS
SM
MD
LG