Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:00

Коронавирус: Ўзбекистон чегараларини ёпди. Қўшнилари ҳам... 


Кунига юзлаб одам ўтиб-қайтадиган "Ғишткўприк" пости ҳозирда ҳувиллаб қолган. (Сурат 17 март куни олинган)
Кунига юзлаб одам ўтиб-қайтадиган "Ғишткўприк" пости ҳозирда ҳувиллаб қолган. (Сурат 17 март куни олинган)

16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилди: фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланди, ҳукумат хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш чораларини кўрмоқда.

Ўзбекистоннинг беш қўшниси ҳам шунга ўхшаш чораларни жорий қилишни бошлади.

Озодлик мухбири чегараларда 17 мартда юзага келган вазиятни ўрганди.

Ўзбек-қозоқ чегараси

"Ғишткўприк" ("Черняевка") ўзбек-қозоқ чегара ўтиш пунктидаги вазиятни 17 март куни ўрганган Озодликнинг мобил мухбирига кўра, кунига минглаб одам ўтиб-қайтадиган ушбу чегара пости бугунги кунда ҳувиллаб қолган:

"Ғишткўприк" чегара пости. 17 март, 2020 йил
"Ғишткўприк" чегара пости. 17 март, 2020 йил

- Одам кўп эмас. Ўтиб-қайтаётганлар саноқли. Чегара тўлиқ ёпилмаган. Ўзбекистондан Қозоғистон фуқаролари бемалол чиқиб кетяпти. Қозоғистондан Ўзбекистон фуқаролари бемалол киряпти. Уларнинг кириб-чиқиши билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Олдин қандай ўтган бўлса, шундай ўтяпти. Мен Қозоғистондан келган ўзбекистонликлар билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, чегарадан ўтиш тартиби мутлақо аввалгидай. Ҳеч қандай тиббий текширув ёки қўшимча савол-жавоблар йўқ. Хориждан келганлар карантинга олинади, дейишганди. Лекин чегарадан ўтаётганларнинг барчаси уйига кетяпти. Одамлар чегарадан пиёда ёки машинасида ўтяпти. Юк машиналари ҳам бемалол ўтяпти. Чегарада турган солдатлар, божхоначилар барчаси ниқоб таққан.

"Ғишткўприк" чегара пости. 17 март, 2020 йил
"Ғишткўприк" чегара пости. 17 март, 2020 йил

Озодликка Қорақалпоғистоннинг Қозоғистон билан чегарасидан жўнатилган бир видеода одамларнинг турнақатор бўлиб, навбат кутаётгани акс этган.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазият
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00

16 март куни олингани айтилган ушбу видеода ўнлаб кишиларнинг Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутиб тургани акс этган. Улар ўта олдими-йўқми - Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда ўзбек-қозоқ чегарасида “қамалда” қолган 200га яқин тожикистонликка 16 март куни кечқурун Ўзбекистон орқали Тожикистонга ўтиб кетишга рухсат берилди.

“Навоий” чегара постида 17 соат давомида қолиб кетган тожикистонликлар Россиядан уйига қайтаётган бўлган.

Тожикистон ҳукуматининг аралашуви натижасида расмий Тошкент ушбу фуқароларнинг Ўзбекистон орқали уйларига кетишига рухсат берди.

Ўзбек-қирғиз чегараси

Озодлик мухбири Шерзод Юсуф ўзбек-қирғиз чегарасининг “Дўстлик” постига бориб, у ердаги вазиятни ўрганди:

Ўзбек-қирғиз чегараси
Ўзбек-қирғиз чегараси

- Водийликлар ҳаммаси шу постдан ўтишади. Бу ўзбек-қирғиз чегарасидаги асосий пост. Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпган. Қирғизистон томони очиқ. Лекин Ўзбекистон фақат ўз фуқароларини чегарадан ўтказяпти. Уларни ичкарига киргизяпти, лекин Ўзбекистондан Қирғизистонга чиқармаяпти. Ўзбекистон ичкарисида бўлган қирғизистонликларнинг ватанига қайтишига чеклов йўқ. Уларни ҳам Ўзбекистон томони бемалол ўтказиб юборяпти. Чегарада одам жуда оз, буни мен олган суратлардан ҳам кўриш мумкин. Икки томонга фақат саноқли одамгина ўтяпти. Лекин юк машиналари бемалол ўтаётганини кўрдим. Масалан, 16 март куни кечқурун тош ортилган бир нечта машина Ўзбекистонга муаммосиз ўтиб кетганига гувоҳ бўлдим.

Ўзбек-қирғиз чегараси
Ўзбек-қирғиз чегараси

(Сурат 17 март куни олинган)

Ўзбек-туркман чегараси

17 март куни ўзбек-туркман чегарасининг Шовот туманидаги постига бориб, келган Озодликнинг мобил мухбирига кўра, икки давлат чегараси ёпиб қўйилган:

- Мен Шовот чегара пости бутунлай ёпиб қўйилганини кўрдим. Чегара олдидаги дарвоза ёпиқ, қулф осилган. Чегарадаги божхоначилар пости ҳам ёпиқ турибди. Ҳеч ким йўқ чегарада, фақат солдатлар турибди. Мен чегара яқинидаги дўкон сотувчиси билан гаплашдим. Унинг айтишича, кеча яъни 16 март куни чегарадан охирги марта одам ўтказилган. Урганчда ўқиётган туркман талабалари, икки томонга меҳмонга борганларнинг ҳаммаси кеча чегарадан ўтказилган. Бугундан бошлаб чегара бутунлай ёпилган.

Ўзбек-туркман чегараси
Ўзбек-туркман чегараси

(Сурат 17 март куни олинган)

Ўзбек-тожик чегараси

Озодлик илтимосига кўра, ўзбек-тожик чегарасидаги вазиятни ўрганиб берган панжакентлик йигит чегарадан икки давлат фуқаролари фақат ўз ватанига ўтаётганини айтди:

- Тожикистон чегараси очиқ, лекин Ўзбекистон ёпиб қўйган. Фақат ўз фуқароларини Тожикистондан ўтишига рухсат беряпти. Лекин ўзбекистонликлар Тожикистонга ўта олмайди, уларни чиқармаяпти. Ўзбекистон ўз ҳудудида бўлган тожикистонликларнинг чиқиб кетишига қаршилик қилмаяпти. Яқинда Жарқўрғонга келин бўлиб тушган опам ўғлини уйлантираётганди. Афсуски, бора олмайдиган бўлдик.

Ўзбек-афғон чегараси

Озодликнинг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳкан ўзбек-афғон чегарасидаги вазиятни билиш учун 17 март куни Афғонистоннинг Ҳайратон чегара пости бошлиғи Нураддин Рауфий билан боғланди.

Рауфий маълумотига кўра, дастлаб Ўзбекистон бир томонлама ўз чегарасини ёпган, кейинчалик Афғонистон ҳам чегараларини ёпган:

- Менга Рауфийнинг айтишича, ҳозир фақат икки давлат ўз фуқароларини қабул қиляпти. Афғонистон Ўзбекистондаги фуқароларини, Ўзбекистон Афғонистондаги фуқароларини чегарадан ўтказяпти. Бошқа ҳеч ким чегарадан ўта олмайди. Аммо Рауфий тижорий юклар учун чеклов йўқлигини айтди. Ун, ёғ, буғдой ва бошқа озиқ-овқатлар ёки бошқа турдаги юклар ортилган машиналар чегарадан бемалол икки томонга ўтказиляпти.

XS
SM
MD
LG