Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

Швейцария Гулнора Каримованинг музлатилган миллионлари тақдири ҳақида маълумот беришни истамади


Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкида музлатилган 800 миллион Швейцария франкининг (шу кунда 810 миллион АҚШ долларига тенг – таҳр.) бир қисмини Тошкентга қайтариш масаласи принципда қарийб ижобий ҳал бўлган.

Бу ҳақда Озодликка мазкур жараëн тафсилотларига яқин Швейцария¸ Швеция ва Британиядаги манбалар бир-биридан мустақил равишда маълум қилди.

Айни пайтда¸ Озодлик билан ëзишмаларда Швейцария федерал прокуратураси Каримова устидан 2012 йили очилган жиноий ишнинг ҳамон давом этаëтгани ва ишнинг қачон судга оширилиши мавҳумлигини билдирди. Музлатилган пуллар тақдири бўйича сўнгги сиëсий қарор чиқарувчи Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги эса¸ бу масалада қачон¸ қандай қарор олиниши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Сиëсий музокаралар якунига етиб қолган

Гулнора Каримовага қарашли экани айтилаëтган пуллар тақдири борасида Тошкент ва Берн ҳукуматлари ўртасида анчадан бери бораëтган музокараларга оид маълумотни матбуотга очиқлашга ваколатли бўлмаган швейцариялик мулозимнинг Озодликка шахси сир қолиш шарти билан айтишича¸ Берн ҳукумати бу пулларни имкон қадар тезроқ Ўзбекистон янги ҳукуматига қайтариш истагида.

“Музокаралар анчадан бери давом этмоқда. Биласиз¸ Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулига бир неча даъвогар бор. Биринчиси¸ Ўзбекистон ҳукумати бўлса¸ иккинчиси АҚШ¸ яна бири эса¸ Zeromax кредиторлари. Каримова ва шерикларининг молиявий жиноятларни АҚШ долларида¸ Америка банк тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширганини иддао қилаëтган АҚШ Адлия вазирлиги бу пулларнинг бир қисмини олиши мумкин. Zeromax кредиторлари ҳозирча бу ширкатнинг асл эгаси Каримова эканини терговга исботлай бера олгани йўқ¸шунинг уларда деярли шанс йўқ¸” деди бу мулозим.

(Швейцарияда рўйхатга олинган Zeromax GmbH билан Тошкентдаги Форумлар саройи¸ Бунëдкор стадиони каби йирик иншоотларни қуриш жараëнида шартнома тузиб¸ хизмат ҳақи¸ берган кредитини ола олмаган 20 дан ошиқ Европа ширкати Zeromaxнинг асл эгаси Гулнора Каримова эканини айтиб¸ ўз ҳақини музлатилгaн пуллардан ундириб беришни сўраб ариза топширган. Умумий қиймати ҳозирга келиб 5 миллиард доллардан ошгани айтилаëтган бу қарз эгаси Zeromax GmbH 2010 йил 28 октябрида ўзини банкрот деб эълон қилган¸ унинг расмий бошқарувчиси Миродил Жалолов Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.)

2017 йилнинг 19 октябрь куни Швейцариядаги Le Temps газетаси “Швейцариядаги коррупция миллионлари хорижликлар ҳасадини қўзғамоқда” номли мақола эълон қилган ва унда Каримованинг ҳали суд ҳукм чиқармаган 800 миллион франк музлатилган маблағи устида бир неча давлат ўртасида тортишув бораëтгани¸ асосий даъвогарларнинг¸ Ўзбекистон¸ АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари экани хабар қилган эди.

Мақолада¸ бу пулни олиш учун “кескин ва ўнғайсиз бир парад” бошлангани ва Швейцария ҳукумати билан бу борада махфий сўзлашувлар бораëтгани ëзилган эди.

“Бернда ҳозир бу пулларни қайтариш методи устида жиддий бош қотирилмоқда. Бу жараëнга Гулнора Каримова иши юзасидан текширув ўтказган Конфедерация Давлат вазирлиги¸ Федерал адлия бошқармаси¸ Ташқи ишлар департаменти ҳамда Тараққиëт ва ҳамкорлик департаменти жалб этилган”¸ деган эди бу музокараларнинг ўтган йили охирларидаги ҳолатини ўрганган Швейцария нашри.

Озодликка маълум бўлишича¸ орадан ўтган ярим йилдан кўпроқ вақт ичида Швейцария ҳукумати расмийлари музлатилган пулларнинг ҳақиқий эгаси Ўзбекистон экани ва Тошкент ҳокимиятидаги ўзгаришлар пулларни Ўзбекистон қайтаришга ҳам қонуний¸ ҳам маънавий замин яратганига кўпроқ ишонч ҳосил қилган.

Ўзбекистон янги президенти ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатмоқда. Мирзиëевнинг АҚШ сафари давомида унинг ислоҳотлари ҳақида Оқ уй анча юқори фикр билдирди. Тошкент ҳукумати Швейцарияда яшовчи бадавлат бизнесменларни бу жараëнда ўзига лоббичилик қилишга ëллаган. Буларнинг ҳаммаси Тошкентга Гулноранинг пулларини олишда ëрдам беради”¸ дейди Озодлик гаплашган швейцариялик мулозим.

Тергов ҳали якунига етмади

Озодлик мухбири Гулнора Каримова устидан Швейцарияда очилган жиноий иш доирасида музлатилган 800 миллион франклик маблағ¸ қолаверса бошқа мол-мулк тақдири борасида изоҳ сўраб расман Швейцария федерал прокуратурасига мурожаат қилди.

Тергов қачон якунига етиб¸ ишга қачон судга оширилади¸ деган саволга 25 май куни прокуратура матбуот хизмати “жиноий иш ҳали ҳам давом этмоқда ва шу боис тафсилотларни очиқлай олмаймиз”¸ дея ëзма жавоб берди.

Халқаро стандартларга кўра¸ у ëки бу жиноий иш доирасида музлатилган пул ëки кўчмас мулкни унга даъвогарлардан қай бирига бериш масаласи бу пул ва мулк суд ҳукми билан мусодара қилинганидан кейингина ҳал этилади.

Шу боис Озодлик гаплашган аксар кузатувчи ва мутахассислар¸ Каримованинг Швейцарияда музлатилган пуллари тақдири борасида фақат суд уларни мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқаргандан кейингина ҳукумат томонидан қарор чиқарилиши¸ бу жараëннинг эса яна йилларга чўзилиши мумкинлигини айтиб келаëтган эди.

Аммо Каримова пуллари устидан Швейцарияда бораëтган жараëнларга яқин мулозимнинг иддао қилишича¸ Берн ҳукуматида бу пулларни суд ҳукмисиз ҳам Ўзбекистонга беришнинг қонуний имкони бор.

Озодликнинг Каримованинг музлатилган пуллари суд ҳукмини кутмасдан ҳам Тошкентга қайтарилиши мумкинми¸ деган саволига Швейцария федерал прокуратураси қуйидаги жавобни йўллади.

Жиноий иш динамик жараëн ва унинг боришига федерал прокуратуранинг ўзигина таъсир қила олмайди. Шунинг учун ишнинг қанчага чўзилиши ëки қайси йўналишга бурилиши ҳақида олдиндан прогноз қилиб бўлмайди. Музлатилган пулларнинг суд уларни мусодара қилмай туриб ҳам Ўзбекистонга қайтарилиш эҳтимолига оид саволингизга келсак¸ бу пулларни кимга қайтариш прокуратура ваколатига кирмайди. Шу боис бу масаладаги ваколатли идора – Ташқи ишлар бўйича федерал департамент (FDFA )га мурожаат қилишингизни сўраймиз.”

Ташқи ишлар вазирлиги: CANNOT ANSWER!

Федерал прокуратура тавсияси ортидан Озодлик Гулнора Каримованинг музлатилган пулларини охир-оқибат кимга бериш масаласида сўнгги сиëсий қарор беришга ваколатли Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот котиби Carole Wälti Озодликка 29 май куни юборган расмий жавоб:

“Жиноий ишнинг ҳали давом этаëтгани ва ҳокимиятнинг бўлиниш принципидан келиб чиқиб¸ Ташқи ишлар бўйича федерал департамент (FDFA ) бу саволингизга жавоб бера олмайди”¸ деган мазмунда бўлди.

Пулларни Ўзбекистон ҳукумати эмас¸ махсус жамғармага қайтариш талаби кучаймоқда!

Гулнора Каримова устидан очилган жиноий иш доирасида музлатилган пуллар Ўзбекистон халқидан ўғирланган пуллар эканини таъкидлаëтган ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари¸ уларни тўғридан-тўғри ҳукуматга топшириш эҳтимолига кескин эътироз билдириб келмоқда.

2018 йил 23 май куни Швейцария ҳукуматига очиқ мактуб билан мурожаат қилган бир гуруҳ фаоллар¸ Ўзбекистон янги ҳукумати мамлакат юқори эшелонларида илдиз отган коррупцияга қарши жиддий кураш бошлаб¸ бу жараëннинг шаффоф ва ҳалол бўлажагини кафолатламагунича¸ музлатилган пулларни Тошкентга қайтармасликни сўради.

Бу фаоллар Берн ҳукуматидан яна бир бор пулларнинг халқаро тизимлар ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти томонидан назорат қилинадиган махсус жамғармага ўтказилиши ва уларнинг асл эгаси – ўзбек халқига қайтарилиши кафолатланишини сўради.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги Озодликнинг бу мактуб ва унда тилга олинган хавотирларга муносабат билдириш сўровини очиқ қолдирди.

Гулнора Каримова қаерда?

2012 йил сўнггига қадар Ўзбекистондаги энг қудрайтли аëл саналиб келинган Гулнора Каримованинг айни кунларда қаерда¸ қай вазиятда сақланаëтганига оид аниқ маълумот йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси сўнгги марта Гулнора Каримова тақдирига оид расмий маълумотни 2017 йилнинг 28 июлида ўз расмий сайтида эълон қилган эди.

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган”¸ дейилган бу маълумотда¸ Каримованинг бошқа жиноятларда ҳам айбланаëтгани қўшимча қилинган эди.

“Ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”¸ дейилган эди Бош прокуратура баëнотида давом этаëтган жараëн тўғрисида.

Айни пайтда¸ Каримованинг 5 йиллик қамоқ жазосини қаерда ўтаëтгани очиқланмаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG